"Биз ҳар доим ҳужумкор футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз" —  Фарҳод Нишонов

20 авг 2026, 20:38
Пролиганинг 16-туридан ўрин олган "Олимпик МобиУз" — "Арал" (2:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Фарҳод Нишонов ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Фарҳод ака, бугунги ўйин ҳақида ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.  

— Бугун жудаям хурсандмиз, жуда муҳим ғалабани қўлга киритдик. Пешқадам устидан қозонилган ғалаба ҳар доим ёқимли бўлган. Йигитларга раҳмат, яхши ўйин кўрсатишди. Оғир ва жуда қийин ўйин бўлди, барибир буни тан оламан. "Арал" бекорга Пролигада пешқадам эмас, барибир ўз кучини кўрсатди. Шунга қарамай, йигитлар характер кўрсата олди, курашдик ва муҳим ғалабани қўлга киритдик.

 

1000145003.jpeg

— Жамоа иккинчи голдан кейин ҳам "автобус" ташлаб олмади, аксинча вақти-вақти билан ҳужумга ўтиб турди. Яъни ҳисобни ушлаш мақсади йўқ эди. Лекин яратилаётган вазиятларни якунлашда озгина муаммолар борлиги кўзга ташланди…

— Ҳа, муаммолар бўлди. Футболчиларимиз барибир босим остида қолганда, ўша ҳал қилувчи эпизодларда яхшироқ ҳаракат қилишимиз, яхшиланишимиз керак. Кўрган бўлсангиз, 3 метрдан, 5 метрдан, 10 метрдан гол ура олмаяпмиз. Шунга қарамай, энг муҳим нарса — ҳаракат бор, тўғри жойга югуришяпти, гол урадиган зоналарга кириб боришаяпти, у ерга охирги паслар етиб бораяпти. Босқичма-босқич барчаси яхшиланиб, голлар ҳам урамиз. Жамоамизнинг ўйин услуби шунақа, биз ҳар доим ҳимояда ўйнамаймиз. Ўзимизнинг услубимиз бор — ҳар доим ҳужумкор футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз. Кўрганингиздек, ўтган ўйинда ҳам, ундан олдинги ўйинда ҳам, бу сафар ҳам захирадан тушган ўйинчиларимиз ўйинни сезиларли даражада кучайтириб беряпти.

 

— Рақибнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда, бу ўйинда очко олиш режалаштирилганмиди ёки максимал ғалабами? 

— Йигитларнинг ўзида ҳам ютиш учун жуда катта хоҳиш ва жиддий тайёргарлик бор эди. Бу ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Мақсафимиз фақат ғалаба қозониш эди, шунинг учун олдинга катта куч билан ҳаракат қилдик.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia