Вали Султонов: "Хоразм" Суперлигада қолса, мен ҳам қоламанми? Аввал жамоани олиб қолайлик!"

5 ноя 2026, 21:29
Суперлиганинг 27-тури доирасида "Бунёдкор" - "Хоразм" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида "Хоразм" бош мураббийи Вали Султонов фикрларини билдирди.

- Бугунги ғалабани жуда кутгандик. Қанчалик кутганимизни билсангиз эди! Аввало, барча мухлисларимизни ушбу ғалаба билан табриклайман. Бугун футболчиларимиз ҳам, мураббийлар штаби ҳам ўзларининг иродасини, ғалабага бўлган ишончини намоён этишди. Белгиланган вазифаларни режадагидек бажаришди. Бу билан тўхтаб қолмаймиз, олдимизда ҳали муҳим учрашувлар бор. "Бунёдкор" жамоасига ҳам омад тилайман. Бугун улар ҳам жуда яхши ўйнашди. Биз бу учрашувга жиддий тайёргарлик кўргандик. Бугунги меҳнатлари учун футболчиларимизга ва мураббийлар штабига катта раҳмат айтаман. Шунингдек, вилоят ҳокимимизга ҳамда вилоятимиздан келиб, бизни қўллаб-қувватлаган раҳбарларга миннатдорчилик билдираман. Олдимизда яна муҳим учрашувлар турибди. Бу ғалаба бизга жуда керак эди. Энди уйдаги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз.

- Ғалаба билан табриклайман. Бугунги ўйинга терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам ташриф буюрди. "Хоразм" таркибида терма жамоа футболчиси ҳам бор эди. Ундан ташқари яна қайси футболчиларингизни терма жамоа даражасидаги ўйинчилар деб ҳисоблайсиз?

- Тўғри, бундай гапларни айтиш осон эмас. Мен ҳозир биринчи навбатда дарвозабонимизни айтган бўлардим. Кўриб турибсизлар, охирги ўйинларда дарвозабонимиз жуда яхши ҳаракат қиляпти. Қолган футболчиларимиз ҳам яхши ўйнашга, ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Терма жамоага кимни чақиришни эса бош мураббий Каннаваронинг ўзи ҳал қилади. Бугун барча футболчиларимиз бор кучини бериб ўйнашди. Келажакда, худо хоҳласа, улардан ҳам бир-иккитаси терма жамоага чақирилиши мумкин. Ҳар бир футболчининг нияти — миллий терма жамоада ўйнаш. Мен ҳам футболчиларимиз орасидан яна бир-иккитаси терма жамоага жалб этилишига умид қиламан.

- "Пахтакор", "Нефтчи" ва "Навбаҳор"га қарши ўйинларда жамоангиз жуда рақобатбардош футбол намойиш этди. Фақат бироз омад етишмади. Бугунги учрашувда эса "Бунёдкор"га жамоанинг қанот ҳимоячилари гол урди. Аввалги ўйинда ҳам "Бунёдкор"га "Машъал"нинг қанот ҳимоячиси гол урганди. Бугун эса "Хоразм"нинг икки қанот футболчиси — ўнг қанотда Неъматов ва чап қанотдаги шериги гол урди. Рақибни шунчалик батафсил ўрганиб, айнан қанотлардан олдинга қўшилиш ва зарба бериш ҳолатларини режалаштирганмидингиз?

- Биз ҳар бир жамоанинг ўйинларини кузатиб борамиз. Масалан, "Бунёдкор"нинг "Машъал" ва ундан олдинги "Пахтакор"га қарши учрашувларини ҳам таҳлил қилдик. Шу асосда тактик режаларимизни ишлаб чиқдик. Футболчиларимиз мураббийлар штаби томонидан берилган кўрсатмаларни жуда яхши бажаришди. Бунинг учун уларнинг барчасига катта раҳмат айтаман. Тайёргарлик жараёнида ишлаб чиққан режаларимиз бугун ўз самарасини берди.

- Демак, бу тасодиф эмас?

- Йўқ, бу тасодиф эмас. Бунинг устида машғулотларда мунтазам ишлаймиз. Стандарт вазиятлар ва бошқа тактик ҳаракатларни ҳам тайёрлаймиз. Ҳар бир рақибнинг ўзига хос ўйин услуби бор. Биз мураббийлар штаби билан йиғилиб, рақибнинг кучли ва заиф томонларини таҳлил қиламиз. Шундан келиб чиқиб, қандай тактика қўллаш ва рақибга қарши қандай ўйнашни режалаштирамиз. Бугун ҳам ўз режамиз асосида ҳаракат қилдик. Кўриб турибсизлар, ғалаба қозониш жуда қийин бўлди. "Бунёдкор" ҳам яхши жамоа. Янги бош мураббий келганидан кейин жамоа янада кучайди ва рақиблар учун жиддий тўсиқ бўлмоқда. Суперлигада ҳар бир учрашув ва ҳар бир очко учун катта рақобат кетяпти. Сафарда ғалаба қозониш осон эмас. Бугунги ўйин ҳам буни яна бир бор кўрсатди. Ўз майдонимизда "Пахтакор"га қарши ўйинда ҳам шундай қийинчиликларга дуч келгандик. Олдинда ҳам осон учрашувлар бўлмайди. Аммо биз тўхтаб қолмаймиз. "Хоразм"ни Суперлигада олиб қолиш ва жамоани янада юксалтириш учун курашяпмиз. Олдимизда катта режалар бор.

- "Бунёдкор" аслида жуда кучли жамоа. Уларнинг кўплаб ўйинларини кузатаман. Назаримда, кўп учрашувларда дурангга муносиб ўйнашади, аммо битта гол фарқи билан мағлуб бўлишади. Бугун иккинчи таймда устунлик "Бунёдкор" томонида бўлгандек туюлди. Уларнинг жисмоний ҳолати ҳам сизникига қараганда яхшироқ кўринди. Масалан, Тавареш чарчади, Лоханни алмаштирдингиз, Сабино ҳам анча толиққан эди. "Пахтакор" билан ўйиндаги қўшимча 30 дақиқа ҳам бугунги ҳолатга таъсир қилдими?

- Ҳа, албатта, таъсири бор. Кўриб турибсизлар, футболчиларимизда ҳам ўйиндан олдин айрим жароҳатлар ва жисмоний муаммолар бор эди. Аммо бошқа иложимиз йўқ. Биз ўзимизга ҳам, футболчиларга ҳам бир нарсани уқтиряпмиз: ортга йўл йўқ, йўқотадиган нарсамиз ҳам йўқ. Фақат олдинга интилишимиз ва ғалаба учун ўйнашимиз керак. Футболчиларимиз жароҳатларига қарамай, бугун бор кучларини беришди. Кўрдингизлар, бир вақтнинг ўзида икки-уч футболчида муаммо кузатилди. Айримларининг сон орқа қисми мушаклари тортилди, яна бир футболчининг боши айланди. Бу ҳолатлар ўйиннинг охирги қисмида жамоамизга бироз халақит берди, деб ўйлайман. Шунга қарамай, йигитлар бугун бор кучлари билан ўйнашди. Уларнинг барчасига катта раҳмат!

- "Хоразм" жуда қийин вазиятда эди ва бугун олти очколик ўйинда ғалаба қозонди. Адашмасам, олдинда яна учта тур бор. Жамоанинг Суперлигада қолиш учун имкониятлари ва ресурслари етарли, деб ҳисоблайсизми?

- Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. Кўриб турибсизлар, жамоамиз ҳар бир ўйинда ғалаба учун курашяпти. Олдимизда яна учта учрашув бор. Худо хоҳласа, бугунги ғалаба бизга жуда керак эди. Энг муҳими, ғалаба қозона олмаётган эдик. "Нефтчи" билан икки марта дуранг ўйнадик, ўз майдонимизда ҳам омад етишмади. "Пахтакор"га қарши ўйинда ҳам футболчиларимиз катта кураш олиб боришди. Йигитларга гап йўқ, улар жуда яхши ўйнашяпти. Биз ҳам, мураббийлар штаби ҳам футболчиларни тайёрлаш ва уларга керакли кўрсатмаларни бериш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Албатта, футболда омаднинг ҳам ўрни бор. Бугун, худога шукр, энг керакли ғалабани қўлга киритдик. Энди тўхтаб қолмаймиз. Олдинда яна учта учрашув бор. Насиб қилса, барчасига жиддий тайёргарлик кўриб, ғалаба учун ҳаракат қиламиз.

- Агар жамоани Суперлигада олиб қолсангиз, раҳбарият сизни бош мураббий сифатида ишда қолдирадими?

- Ҳозирча бу саволга жавоб бера олмайман. Аввало, жамоамизни Суперлигада олиб қолишимиз керак. Буни Худодан сўраймиз, насиб қилса, мақсадимизга эришамиз. Қолганини вақт кўрсатади. Менинг бу йилги вазифам — жамоани Суперлигада сақлаб қолиш. Кўриб турибсизлар, 12 йилдан бери бу ерда ишламаган эдим. Энди қайтиб келдим, раҳбарият менга ишонч билдирди. Худо хоҳласа, "Хоразм" халқи, мухлислари, вилоят ҳокими ва раҳбариятининг ишончини оқлаймиз. Барчага раҳмат!

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›