Вадим Абрамов: "Трампга қўнғироқ қилайлик..."

Narzulla Saydullayev
4 авг 2026, 14:30
Суперлиганинг 15-туридан ўрин олган "Динамо" - "Нефтчи" (0:0) ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар устози Вадим Абрамов ўз фикрларини билдирди.

— Ёмон ўйин бўлмади, менимча, мухлисларга ёқди — анча қизиқарли ва ёрқин кечди. Биз ғалаба учун ўйнашга ва улар билан очиқ футбол кўрсатишга ҳаракат қилдик, қўлимиздан кеганча ўйнадик. Лекин, минг афсуски, бу йил биринчи марта гол ура олмадик — бу биз гол ура олмаган биринчи жамоа бўлди. Иккинчи томондан, ўзимиз ҳам бу йил биринчи марта гол ўтказиб юбормадик, ҳайратланарли (кулади). Шунга ҳозир, қайта сўзлар билан коммент бериш қийин. Биринчи яримтада 2 та реал имконият бўлди, гол урса бўларди. Уларда ҳам хавфли вазиятлар бўлди, иккинчи бўлимдаги узатмада... Албатта, Ойбек бугун бизни бироз хафа қилди, чунки ўша вазиятларда гол уриш керак эди, у нотўғри қарор қабул қилди. Лекин у ёш йигит, умид қиламизки... Бошқа томондан, бундай об-ҳавода ўйинлар кетма-кет келяпти, яна текис жойда футболчиларни йўқотдик. Захира ўриндиғимиз шундоқ ҳам кенг эмас. Бу ўйиндан кўриндики, майдон марказидаги футболчиларимиз унчалик тайёр эмас. Шу вақт ичида уларни тайёрлашга ҳаракат қиламиз, кейинчалик кўрамиз. Аксарият мухлисларга ўйин ёқди деб ўйлайман", - деб гап бошлади Абрамов.

— Анваржон Ҳожимирзаевнинг аҳволи қандай?

— У ҳам орқа мушагини тортиб олди, алмаштиришни сўради. Кўрамиз, нима бўлади. Буниси ҳам чиқиб кетди, униси (Ҳалилов) ҳам. Футболчилар сафдан чиқяпти, Ўрозов ҳам кетди. Шу сабабли қўлимизда бор йигитлар билан уларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламиз.

— 4 кундан кейин «Локомотив» билан ўйин бор...

— Ҳа, ғалати жойи шундаки, рақибларимиз биздан бир кун кўпроқ дам олади, «Локомотив»да эса 2 кун кўпроқ дам олиш вақти бўлади. Устига-бустига биз яна Тошкентга йўл олишимиз керак. Шунинг учун шундай тенденция бор, йигитларни тиклаб, тайёрлашимиз керак.

— «Динамо» мухлислари бу дурангни ғалабадек нишонлашди, чунки чемпионга ютқазишмади. «Нефтчи» канчалик кучли эди? Масалан, Ислом Исмоиловга савол берганимда: «Бизда захирадан фаолиятини тугатишга яқин қолган Баҳодир Насимов тушяпти, уларда эса Ратиньо ва Перица» деган эдим...

— Бу ҳеч нарсани англатмайди. Насимов нима? Насимов футболчи. Агар сиз ёшига шама қилаётган бўлсангиз, у тажрибали футболчи ва бизга фойда келтиради деб ўйлайман. Бошқа масала — шу ўйинда шундай вазият юзага келди. Кўрдингиз, Хислат жароҳат олди ва у ерга кимнидир тушириш керак эди. Афсуски, бошқалар алмашишга тайёр эмас эди. Шунинг учун Насимов тушди, у бизни кучайтириши керак эди, шунчаки вақт кам эди. Ишончим комилки, у бизга ёрдам бера олади.

— Жуда кўп вазиятлар бўлди, 100 фоизлик вазиятлар... Сиз жуда жон куйдириб, ҳаяжонландингиз. Бундай қизғин вазиятлар ниманинг ҳисобига юзага келмоқда?

— Бу ўйинга бўлган руҳият ва тайёргарлик юқори даражада эди, йигитлар ўзларини кўрсатишни исташди. Бу ҳам таъсир қилади, маҳорат етишмаслиги ҳам. Шунинг учун бу вазиятни изоҳлаш қийин, чунки баъзи йигитлар мураккаб вазиятларда гол уришади-ю, оддий вазиятларда ура олишмайди. Абдураҳмоновга ўша вазиятда шунчаки тўпни тепишга нима халақит берди? Ортиқча нарса қилмай тепиш керак эди, гол бўларди. Лекин у бошқача қарорга келди. Тўхтовсиз ўйинлар кетаётгани ҳам таъсир қилаётгандир, вақт кўрсатади. Майдонда қарорни футболчининг ўзи қабул қилади. Мессини кўрдингиз-ку, финалгача даҳшат ўйнади, финалда эса йўқолиб қолди. Футбол шунақа нарса. Жамоа рақиб йўл қўйганча ўйнайди. Бугун рақиб шундай ўйнашга имкон берди, биз шундай ўйнадик. Ҳозир тикланиб, кейинги рақиб ҳақида ўйлаш керак.

— Ҳозир таркибда муаммолар борлигини айтдингиз, лекин сизда ҳужумчи Думбуя бор эди, қизил карточкаси сабабли... «Локомотив» билан ўйинда туша оладими?

— Расмий маълумотни билмайман... Инфантинога қўнғироқ қилайлик, Трампга қўнғироқ қилиб сўраб бераман (кулади).

— Яна бир савол. Ўйин давомида бош ҳакамнинг қарорларидан бир неча бор норози бўлдингиз, лекин охирида миннатдорчилик билдирдингиз?

— Йўқ, мен шунчаки унга қизил карточка ҳақида айтдим, у эса «кийиниш хонасида унутиб қолдирибман» деди (кулади). Шунчаки ҳазилшашдик. Эмоциялар — бу майдон четида бошқача кўринади. Ҳакамнинг ўрнида бўлиш эса бошқача. Ишимиз ҳар хил: мен жамоани тайёрлашим керак, у ҳакамлик қилиши керак. Қоидаларни охиригача мукаммал билмаганим учун баъзида эътироз билдираман.

— Вадим Карленович, сизнинг жамоаларингиз учун ярим ҳимоя жуда муҳим. Сиз марказни деярли тўлиқ янгиладингиз. Комбинацияларни топа оласизми?

— Ҳа, биз айнан шунинг устида ишлаяпмиз. Ярим ҳимоячилар тўпни сақлаб туриши керак. Плей-оффда ўйнаганлар биз билан йиғинларни тўлиқ ўтказишмаган эди. Биз уларни чемпионат давомида спорт формасига келтиряпмиз. Уларга жисмоний томондан куч етишмаяпти. Марказни бой бермаслик учун янги, тетик футболчиларни туширдик. Биринчи дақиқаларда ўхшаётгандек эди, кейин яна пасайиш бўлди. Менинг кўпроқ эътирозим ҳимоячиларга, чунки дарвозабон ва ҳимоячилар тўпни шунчаки олдинга тепиб юборишди. Ярим ҳимоячилар эса тўпсиз қолиб, югуришга мажбур бўлишди.

— Яна бир вазият: 30-рақамли Ҳайдаревич яхши ўйнаётган эди, сиз эса тўғри пас бера олмайдиган "тахта" Тўхтасиновни туширдингиз... Қодирқуловни эса охиригача майдонда ушлаб турдингиз?

— Бундай ўйинда захирадан қўшилиб кетиш жуда қийин. Тўхтасинов тажрибали футболчи, хато қилган бўлса ҳам, у мажбуран бошқа позицияга қўйилди. Сиз айтган ярим ҳимоячи очилмай, ёпилиб олгани учун ҳимоячилар тўпни олдинга тепиб юборишга мажбур бўлишди. Сизга кўринмаган нозик жиҳатлар бор.

— Бугун фақат Эдем Неманов ўз позициясида ўйнади шекилли...

— Дуранг — ютқазгандан кўра яхшироқ. Лекин биз ғалаба учун майдонга тушган эдик. Барчаси кейинги ўйинларда кўринади.

1000140069.jpeg

Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia