

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун футбол кам кўрдик, асосан кураш кечди. Нафақат рақиб билан, балки майдон билан ҳам курашишга тўғри келди. Бундай майдонда гол уриш қийин. Ҳар икки жамоа биттадан тўп киритишга муваффақ бўлди. Йигитларга мухлисларни хурсанд этишгани учун раҳмат айтса арзийди.
- Учрашув бошида ҳимоячиларингиз бир нечта хатоларга йўл қўйишди. Бу майдонга мослаша олмаганлик билан боғлиқми?
- Ҳа, шундай. Биз бу майдонга биринчи бор чиқдик ва кўникишга ҳаракат қилдик. Шунинг учун биринчи таймда бошқача ўйин кўрсатдик. Бугунги ўйин футболдан кўра спортнинг бошқа турига ўхшаб кетди.
- Етакчи ўйинчилар йўқлиги таъсир қилдими?
- Жамоамизнинг энг яхши ўйинчиларини терма жамоага чақиришди. Терма жамоага ўйинчи бергандан кейин клуб қандайдир имтиёзга эга бўлиши керак, лекин бизда тескариси жамоа кучсизланиб қолади. Биз уларсиз ўйнаяпмиз. Ҳожимирзаев жароҳат олган. Амонов анчадан бери ўйнамаганди, бугун майдонга тушди. Ҳозирча тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Ўрозов кетди. Мавжуд таркиб билан ўйнаяпмиз. Охиригача курашамиз.
- Албатта, бундай майдонда футбол ўтказиш Лига учун уят бўлса керак. Таркибда йўқотиш бор, аммо юқори ўринларни эгаллаш учун бундай ўйинларни ютиш керак эмасми?
- Тўғри, сиз ҳақсиз. Лекин айтганимдек, бугун футбол кам бўлди. Биз деярли қумда ўйнадик, бу бошқа спорт турига ўхшаб қолди. Энди бизни ўйиндан кейинги тикланиш ўйлантиряпти. Ҳозир Самарқандга қайтиб 10 август кунги баҳсга ҳозирлик кўрамиз. Манзилгача етиб олишимизни ҳисобга олсак, бизда тайёргарлик учун уч кун бўлади, холос.
- Мутахассис сифатида фикрингизни билмоқчиман: Ўзбекистондаги деярли барча майдонларни битта фирма қиляпти. Ва нима учундир ҳамма майдонларда бир вақтда муаммолар бошланди. Кейин шахсан ПФЛ директори улардан интервью олганида, улар майдон тайёрлангани учун клублар пул бермагани, клублар майдонга парвариш бермаяпти деган гапни айтиб ўтишди. Сиз бу борада нима дейсиз?
- Велосипедни бошқатдан ихтиро қилиш шарт эмас. Мен агроном эмасман, қишлоқ хўжалигидан ҳам узоқман. Шуни айтишим мумкин, бизнинг шароитда майдонлар талабга жавоб бермаяпти. Иккинчи йилдирки ҳамма майдонлар касалланиб қолди. Агар биз Самарқанддаги майдонда машғулот олиб борганимизда аллақачон бу майдон билан ҳам хайрлашган бўлардик.
Ҳозирги майса бизга тўғри келмаяпти. Ёзда ҳар йил шундай иссиқ бўлган. Олдин қуёш йўқ пайти майдонни суғоришарди, ҳозир қуёш чарақлаб турган маҳал сув сепишяпти. Қуёш чарақлаб турган маҳал майдонни суғорса нима бўлади? Майса бизнинг шароитга мос келмаяпти. Бошқача йўлни синаб кўриш керак.
"Локомотив"да ишлаган пайтимизда Ачилбай Жуманиязович майдонга яхши қарайдиган одамни топиш топшириғини берганди. Мен мутахассис эмасман. Корея ва Японияда Жаҳон чемпионати кечди, уларда ҳам бизга ўхшаган иссиқ иқлим, лекин майдонларни қаранг.
Бизга ҳам кореялик мутахассислар келиб майдонни текширишди. "Пахтакор" майсасидан, сўнгра "Жар" майсасидан таҳлил олишди. Ўшанда бу майдонда "Бунёдкор" ўйнарди ва улар Германиядан зўр майса олиб келишганди. Аммо ўша майса ҳам дош бера олмади.
Кейин "Дўстлик" стадионига бориб майсани текширишди, буни қарангки Ўзбекистон шароитига жуда мос келар экан. Улар 10 йил кафолат бериб, бир мавсумда 300та ўйин ўтказса бўлади дейишди. Шундан сўнг ўша майдон 15 йил хизмат қилди. Агар охиригача "ўлдиришмаганида" ҳали яна кўп йил хизмат қиларди. Шунинг учун ҳамма ўз иши билан шуғуллангани маъқул.




