Вадим Абрамов: "Барча муваффақиятсизликларимиз индивидуал хатолар натижасидир. Уларда шунчаки пул йўқ"

Абдулвосит Бектемиров
19 апр 2026, 08:00
Суперлига 8-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Динамо" (4:2) баҳсидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Вадим Абрамов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ҳар доимгидек, ўз дарвозамизга ўзимиз иккита гол “олиб келдик”. Гарчи тезкор голлар уриб, ҳисобни тенглаштирган бўлсак-да. Иккинчи бўлимда яхши кайфият билан майдонга тушиб, вазиятни назорат қила бошладик, тўғри футбол ўйнай бошладик. Шу пайтда — кутилмаганда пенальти белгиланди. Яна индивидуал хатоларга йўл қўйилди. Афсуски, бу йил ҳар қандай хатомиз гол билан жазоланмоқда, шунинг учун бирор нарса дейиш қийин.

Менда ўйинга оид эмас, балки қоидаларга доир саволим бор. Ён ҳакамлар вазиятни охиригача ўйнашга қўймаяпти, байроқчани кўтариб қўйишяпти. Биз гол урдик, ён ҳакам офсайд қайд этди, лекин ВАР орқали кўрилгач, ўйиндан ташқари ҳолат бўлмагани маълум бўлди. Бизнинг дарвозамизга пенальти белгиланган вазиятда ҳам ён ҳакам байроқчасини кўтариб, вазиятни охиригача ўйнашга имкон бермади, лекин якунда барибир пенальти белгиланди. Агар қоидалар ўзгарган бўлса, мен бундан хабардор бўлишни истардим. Ҳозир VАRга қизил карточкани кўриш учун чақиришяпти-да, якунда сариқ карточка кўрсатишяпти.

Умуман олганда, ўйин томошабинларга ёққан бўлса керак. Олтита гол урилди-ку", - дея гап бошлади Вадим Абрамов.

— Жамоангиз биринчи бўлимда уч дақиқа ичида иккита гол уриб, вазиятни ўнглаб олди.. Иккинчи бўлимда шундай "камбек"ни амалга ошириш учун нима етишмади?

— Ҳозир, ўйин тугаши билан бир нарса дейиш қийин. Вазиятлар бўлди, аммо сўнгги узатма етишмади. Доимий равишда ҳисобда қувиб бориш психологик жиҳатдан жуда оғир. Ҳисоб 2:3 бўлиб турганида навбатдаги хатога йўл қўйиб, тўртинчи голни ўтказиб юборганимиздан сўнг кўпчиликнинг шашти пасайди. Кимдир ўйиндан узилиб қолди, кимдир иштиёқни йўқотди.

— “Динамо”нинг деярли ҳар бир ўйинида қўпол индивидуал хатолар гувоҳи бўляпмиз. Футболчиларнинг камроқ хато қилишига қандай эришиш мумкин?

— Бу мураккаб савол. Мавсумнинг бошланиши бу қадар ёмон бўлишини ким ҳам билибди. Аввалига дарвозабонлар хато қилди, энди эса ҳимоячилар бошлади. Бунинг нима сабабдан содир бўлаётганига аниқ изоҳ бера олмайман. Бу ҳолатни енгиб ўтиш керак, биз шу мақсадда ишлаяпмиз. Фақат бир йўл қолади — ўз ўйинимизга қайтиш ва бу хатоларни бартараф этиш устида ишлаш.

— Жамоада муаммолар кўп, шу жумладан маиший муаммолар ҳам бор. Гўёки "Сўғдиёна" билан ўйиндан сўнг вазият барқарорлашгандек эди, бироқ инқироз давом этмоқда. Бу вазиятдан қандай чиқиб кетишни режалаштиряпсиз?

— Ортга назар ташласак, барча муваффақиятсизликларимиз индивидуал хатолар натижасидир. Дастлабки турданоқ ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Қандай чиқиб кетамиз? Ишлаш ва вазиятни қандай тўғрилаш ҳақида ўйлаш керак. Йигитларга ишончни қайтаришимиз зарур. Хатолар доимий равишда голларга олиб келаверса, асабийлик ва ўзаро эътирозлар пайдо бўлади. Айнан шу жиҳат устида ишлаймиз.

— Клубнинг молиявий аҳволи ноаниқлигича қолаётган бир пайтда футболчиларни руҳлантириш қанчалик қийин?

— Гап мотивацияда ҳам эмас, балки оддий маиший муаммоларда. Баъзи ўйинчилар Самарқанддаги машғулотларга ўз вақтида кела олмаяпти, чунки уларда шунчаки пул йўқ. Ҳаммасининг оиласи, бола-чақаси бор. Бизга келган легионерлар эса шу кунгача умуман маош олгани йўқ. Тасаввур қилинг-а, сиз хорижга ишлаш учун келасизу, тўрт ойдан бери бир тийин ҳам олмайсиз.

Бизга 27 миллиондан ажратилиши эълон қилинди, лекин молиялаштириш айнан қандай амалга оширилиши ҳақида ҳалигача тайинли жавоб олганим йўқ. Бу мен учун умуман ақлга сиғмайдиган ҳолат. Легионерлар тез орада расмий даъво аризалари ёзишни бошлайди ва биз барибир уларга пул тўлашга мажбур бўламиз. Агар тўламасак, клубга трансфер тақиқи қўйилади ёки мусобақадан четлатилади. Кўрамиз, бундан кейин нима бўлар экан.

— Аргентиналик ва уругвайлик легионер деярли ўйнамаяпти. Уларни қачон майдонда кўрамиз?

— Мен уларни машғулотларда кузатиб боряпман. Агентлари маошлар кечикаётгани юзасидан клубга аллақачон эътироз билдирган. Уларнинг кайфиятидан ҳозир жамоага фойдаси тегмаслигини кўриб турибман. Бу машғулот жараёнида ҳам сезиляпти. Таваккал қилиб, уларни бундай ҳолатда майдонга тушириш тўғри эмас.

Аргентиналик ўйинчига келсак, у ҳали биронта ҳам ўйин ўтказгани йўқ, доим жароҳатда. Ҳар доим қаердандир жароҳат олади ёки оғриб қолади. Уругвайлик Мауро ўтган ўйинда тўпиғидан зарба еган, шунинг учун охирги икки кун умумий гуруҳда шуғулланмади.

— Ўрозов мавсумни яхши бошламади. Биринчи ўйинда хато қилди, кейин терма жамоага чақирув олиб, дебют голини урди. Бугун эса яна хатога йўл қўйди. Бунга нима сабаб бўляпти? МТЖ чақирувидан сўнг Ўрозов янада ишончли ўйин намойиш этиши кутилган эди. Барқарор ўйин намойиш этишига нима етишмаяпти?

— Бугун у ўзига хос бўлмаган хатога йўл қўйди. Афсуски, бундай хатолар (“Навбаҳор” билан ўйинда ҳам, ҳозир ҳам) дарҳол голга айланиб кетяпти. Бу шунчаки омадсизлик. У терма жамоада ажойиб ўйнаб, жамоани қутқариб қолган эди. Мураббийлик қисмати шунақа. Қаердадир кимнингдир омади келса, бу ерда футболчи хато қилади.

абрамов 2.JPG


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: