

- Оғир ўйин бўлди. "Динамо"га қарши доимо яхши ўйинлар бўлган. Бу жамоа очиқ ўйин намойиш қилишга тайёр. Биз ҳам шундай очиқ ўйин кўрсатадиган жамоамиз. Бу каби ўйинлар ҳам бўлиб туради, бугун рақиб биздан яхшироқ ўйнади. Яхши ўйин кўрсата туриб, 3 очкони бошқаси олиши албатта, ёқимли эмас. Чиройли ўйин кўрсатгани учун рақибларни табриклайман. Биз эса олдинга интилишда давом этамиз.
- Ўтган ўйинда Алексей Козловнинг қизил карточкасидан кейин режаларда ўзгаришлар бўлдими?
- Бу ҳақда гапириш жуда қийин. Никита Шевченко бундай ўйинларда ўйнамаган ва албатта, босимни ҳис қилиши табиий. Ўйинни хато билан бошлагандан кейин у ўзига келиши қийин бўлди.

- Козлов спортга ҳос бўлмаган ҳаракат учун қизил олганди. Олдинроқ Абдуллоҳ Йўлдошев ҳам шу каби жанжал қилиб, четлаштирилганди. Бу Сизни ҳавотирга солмаяптими?
- Йўқ. Бу кичик вазиятлар. Абдуллоҳ билан бу борада гаплашганмиз ва ўзига ҳулосаларни чиқариб олган. Аммо у ўтган ўйинда ўтказиб юборилган иккинчи голда айбдор. "Бунёдкор" билан ўйиндан кейинги ҳолатда эса айбдорлар кўп. Козлов эса реакция кўрсатди ва бу миллисонияларда амалга ошди. Одам бу каби ҳолатлар орқали ўзига дарс олади. Мавсум давомида 15 ўйинда майдонга тушган футболчи учун кўп нарсаларни тушунтириш ҳам шарт эмас.
- Бугунги ўйинни Суҳроб Нуруллоев ўнг қанотда зўр ўтказаётганди, чап қанотда эса ўзини кўрсата олмади.
- Унинг қанотидаги рақибларига қарадик. Бундай ҳолатларда кимни кўпроқ ишлата олишимизни қараб кўрдик. Суҳробга қандай вазифалар бераётган бўлсак, Шодиёрга ҳам шу вазифаларни бера олардик. Биз тўп билан бир чизиқда бўлишимиз керак эди. Улар бу вазифаларни бажаришди. Жалолиддин Жумабоев бақувват ҳимоячи ва айрим вазиятларда ўзининг техникасини ҳам намойиш қила олади. Суҳробни унга яқинлаштириш орқали вазиятни назорат қилдик. Менимча ёмон бўлмади.
- Вадим Абрамов ўтган турдан кейин "Локомотив" биз билан ўйин олдидан икки кун кўпроқ дам олишини айтганди. Бу жамоага қанчалик ёрдам берди? Жамоанинг чарчаб қолиши фақат менежерлик ўйинларидами?
- Буни эндиликда сунъий интеллект назорат қилмоқда. Бундай нарсаларга энди савол бериш шарт эмас. Агар тақвимда кун ора ўйин қўйиб берилса ҳам ўйнашга мажбурмиз. Энди тақвим тузишни биз назорат қила олмаймиз. Тақвимга қараб машғулот жараёнини тузамиз.
- Жасурбек Яхшибоев "Локомотив"да ўзининг эски ҳолатига қайта оладими?
- Унинг жуда зўр имкониятлари бор. Лекин айрим ўйинлар бўладики, сендаги шу сифатлар керак бўлмаслиги мумкин. Унда жароҳат бор эди ва 12 кунлик даволанишдан сўнг кечагина машғулотларга қайтди. Энди биз уни таркибга жалб қилиш ишларини бошлаганмиз. Кейинги ўйинларда у жамоамизга ёрдам бера олади. Шунчаки бугун унинг ўйини бўлмади. Баъзида бир давлат жамоасидан бошқа давлат жамоасига ўтсанг, жисмоний ҳолат бошқача бўлиши мумкин. Ҳозир унинг жисмоний ҳолати яхши. Ўйинга тушиб, ҳужумда ҳам ҳимояда ҳам фойда келтира олади. Ўз вақтида Машарипов, Сардор Рашидов билан ҳам шундай бўлган. Ўйиннинг боришига қараб захирадан ҳам майдонга туширилмаган. Биз ўшанда тўпсиз ўйнашга мажбур эдик. Биз унинг сифатидан тўғри фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Шунчаки бугун биз ҳимояда ўйнадик ва бугун унинг ўйини эмасди.



