

Ўзбекистонда футбол ҳакамлигини янада ривожлантириш, ҳакамларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш, халқаро талабларга жавоб берадиган янги авлод ҳакамларини тайёрлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур йўналишда халқаро тажрибага эга мутахассисларни жалб этиш, ҳакамларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда халқаро тажрибага эга мутахассис Фарход Абдуллаев билан учрашув ўтказилди ҳамда келгусидаги фаолият йўналишлари бўйича муҳим вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди. У 2021–2026 йилларда Саудия Арабистони футбол федерацияси Ҳакамлар департаменти директори лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, 15 йилдан ортиқ вақт давомида ФИФА ва ОФК ҳакамлар эксперти сифатида фаолият олиб борган.
Фарҳод Абдуллаев 2018, 2022 ва 2026 йилларда ўтказилган Жаҳон чемпионатлари учун ҳакамларни тайёрлаш панелида фаолият юритган. 2011 йилдан буён 50 дан ортиқ мамлакатда ФИФА ва ОФКнинг 170 дан зиёд курс ва семинарларини ўтказган ҳамда 30 йилдан ортиқ ҳакамлик тажрибасига эга.
ЎФА президенти томонидан Фарҳод Абдуллаевга ушбу йўналишдаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйиш, ҳакамларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, халқаро тажрибани Ўзбекистон ҳакамлик тизимига кенг жорий этиш, шунингдек, VAR тизимини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш орқали Ўзбекистонда футбол ҳакамлигининг сифат босқичини янги даражага олиб чиқиш, халқаро майдонда рақобатбардош ҳакамларни тайёрлаш ва ҳакамлик мактабини янада ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Аввалроқ “Эшитдик-да” рукни остида ЎзФҲМ раҳбариятида ўзгариш бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.

