

Учрашувнинг 95-дақиқасида "болғачилар" бурчак зарбасидан сўнг "канонирлар" дарвозасини ишғол қилишганди. Ўша вазиятда ҳужумчи Пабло Фелипе қўлини ишлатиб, дарвозабон Давид Райянинг тўпга етиб боришига халақит берган. Дарвозабон тўпга қўлқоплари билан теккан бўлса-да, уни на уриб юбора олган, на эгаллаб олган. Шундан сўнг тўп Вильям Салибанинг тиззасидан Каллум Уилсонга бориб тушган ва у тўпни тўрга йўллаган.
Бош ҳакам Крис Кавана видеоассистент билан маслаҳатлашиб, такрорий лавҳани ўрганди ва дарвозабонга нисбатан фол ишлатилгани сабабли голни бекор қилди. "Арсенал" эса учрашувни ғалаба билан якунлади.
"Бу дарвозабонга нисбатан фолми? Албатта, ҳа. Мавсум давомида биз айтиб келяпмизки, агар дарвозабон рақиби унинг қўлларидан тутиб халақит бергани учун ўз вазифасини бажара олмаса, ҳужумчи жазоланади. Биз шунчаки дарвозабон билан контакт ҳақида эмас, балки кимдир унинг қўлларига таъсир қилиб, ишига тўсқинлик қиладиган махсус турдаги контакт ҳақида гапиряпмиз.
Шундай экан, агар бу эпизодни энг яхши ракурсдан кўрсангиз, Пабло билан боғлиқ вазиятда айнан шу нарса содир бўлганини кўрасиз. Видеода ҳаммаси аниқ ва равшан кўриниб турибди ва бу ҳужумнинг илк босқичида юз берган.
Жарима майдончасида ўйинчилар жуда кўп бўлгани сабабли буни пайқаш ҳакам учун қийин бўлган бўлса-да, ВАР арбитрлари буни кўришгач, албатта вазиятга аралашишлари шарт эди", – деди Уэбб Mic’d Up кўрсатуви эфирида.



