⭐️ Турнир етакчисини мағлуб этган мураббий, чиройли комбинацияни гол билан тугатган ярим ҳимоячи. Пролигада 7-турнинг энг яхшилари аниқланди

Sherzod Nurmatov
7 май 2026, 21:21
4-6 май кунлари Ўзбекистон Пролигасида 7-турдан ўрин олган 7 та ўйин бўлиб ўтди.

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.

Тур мураббийи — Айбек Нурбаев (“ҚМУ Жайхун”)

“ҚМУ Жайхун” бу турда мусобақа етакчиларидан бири "Металлург”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу муваффақиятда Айбек Нурбаевнинг ўрни беқиёс. 38 ёшли мутахассис шогирдлари баҳсда анча мазмунли ўйин кўрсатиб, рақибдан устунлигини намойиш этди ва ишончли ғалабага эришди. Championat.asia сайти айнан Нурбаевни тур мураббийи сифатида эътироф этди.

Pro liga eng yaxshi murabbiy копия (4).jpg

Тур футболчиси — Руслан Қалмағамбетов (“Арал”)

“Арал” якунига етган турда “Яйпан” дарвозасига 5 та тўп киритган ҳолда ғалаба қозонди (5:1). Баҳсда мезбонлар вингери Руслан Қалмағамбетов гол ҳам урди ва рақиб футболчиси автогол муаллифига айланишида роль ўйнади. Championat.asia сайти 76 дақиқа давомида ўзининг энг яхши томонларини кўрсатган футболчини тур футболчиси номига лойиқ кўрди.

Pro liga eng yaxshi futbolchi копия (3).jpg

Тур дарвозабони — Улуғбек Ўринбоев (“ТерДУ”)

“ТерДУ” ортда қолган турда Тошентда “Ғазалкент” меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида зафар қучди. Ушбу ғалаба замирида меҳмонлар посбони Улуғбек Ўринбоевнинг меҳнати ҳам ётибди. У баҳс мобайнида бир қатор сэйвлар намойиш этиб, кўпчиликнинг эътиборини тортди ва ҳақли равишда тур дарвозабони сифатида қайд қилинди.

Pro liga eng yaxshi darvozabon копия (3).jpg

Тур голи — Бекзод Сувонов (“Шўртан”)

“Шўртан” бу турда “Пахтакор фарм”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ғузорликларнинг иккинчи голини ярим ҳимоячи Бекзод Сувонов урди. Ушбу гол номинацияда ғолиб бўлишида голнинг чиройи эмас, балки унинг яхши ташкил этилган комбинация орқали урилиши муҳим аҳамият касб этди. Тўп ён чизиқдан ўйинга киритилгач, ҳимоячиларга қадар етиб борди ва улар орқали ҳужум ривожланди — олдинги чизиқ вакилларининг девор услубидаги паслашуви якунда голга олиб келди. Сўнгги пасдан кейин Сувонов чап оёқда тўпни дарвозага киритди ва Championat.asia ходимлари худди шу голни тур голи деб топди.

Pro liga eng Tur goli копия (4).jpg


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia