Онамга берган ваъдамни бажардим" — "Нефтчи" билан Қирғизистон кубогини қўлга киритган Азиз Қошибхонов билан интервью

Iskandarov Abdulaziz
30 окт 2026, 13:20
Яқинда Қирғизистон кубогининг финал учрашувида "Нефтчи" (Қўчқор-Ота) жамоаси ғалаба қозониб, бош совринга эга чиқди.

Жамоанинг ушбу муваффақиятида ўзбекистонлик легионер Азиз Қошибхоновнинг хизмати катта бўлди. Финалнинг энг яхши футболчиси деб топилган ҳамюртимиз билан мусобақадаги ғалаба, мураккаб руҳий кечинмалар, бош мураббий билан муносабатлар ва келажакдаги режалар ҳақида суҳбатлашдик.

​— Азиз, авваламбор, "Нефтчи" (Қўчқор-ота) таркибида Қирғизистон кубоги соҳиби бўлганингиз билан табриклаймиз! Ғалаба ва финал учрашуви ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

​— Катта раҳмат! Худога шукур, таассуротлар аъло даражада. Мен 2024 йили илк бор Қирғизистон кубоги соҳиби бўлгандим. Биринчи марта кубокни қўлга киритганимда раҳматли онам ҳаёт эдилар. Ўшанда жуда ҳам хурсанд бўлиб, йиғлагандилар. Кўп ўтмай оғир хасталаниб қолдилар. Ўшанда онамга: "онажон, кубокни иккинчи марта ҳам албатта ютаман", деб ваъда бергандим. Мана, кубокни яна ютдим, лекин буни кўриш онамга насиб қилмади... Онамнинг руҳлари шод бўлиб, бундан хурсанд бўлдилар, деган умиддаман.

​— "Нефтчи"нинг бу муваффақиятига асосий омил деб нимани кўрасиз? Жамоада босим ва ҳаяжон сезилдими?

​— Менимча, бу ерда кўпроқ аҳил жамоавий муҳит катта роль ўйнади. Тўғриси, аслида "Мурас Юнайтед" футболчисиман, "Нефтчи"га ярим йилга ижара асосида ўтгандим. Мен учун ушбу финалда ғалаба қозониш, учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилиш ва кубокни бошим устида кўтариш жуда муҳим эди. ​Мақсадимиз жуда жиддий эди. Масъулият юқори бўлса-да, босим ёки ҳаяжон умуман бўлмади. Чунки бунгача 5-6 маротаба кубок ўйинларида майдонга тушиб, катта тажриба орттирганман. Жуда хурсандман, "Нефтчи"га бекорга келмаганимни исботлай олдим.

photo_2026-10-30_13-04-27.jpg

​— Жамоага келишингиз ва бош мураббий Дмитрий Ан билан чиқишиб кетишингиз осон кечмагани ҳақида гап-сўзлар бор. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин?

​— Яширмайман, тўғрисини айтаман: "Нефтчи"га келишимни ҳамма ҳам хурсандчилик билан кутиб олгани йўқ. Бошида бош мураббий Дмитрий Ан билан тил топишишимиз бироз қийин кечди. Чунки мени жамоага клуб раҳбарияти таклиф қилганди, мураббийлар штаби эса бу трансферни унчалик хоҳлашмаганди. ​Бошида жуда қийналдим. Лекин ўз ўйиним ва меҳнатим билан асосий таркибда майдонга тушишга муносиб эканимни исботладим. Ярим финалда ҳам, финалда ҳам ўз сўзимни айтдим. Ўйлайманки, ушбу ўйинлардан сўнг Дмитрий Ан билан муносабатларимиз ижобий томонга ўзгарди.

​— Фаолиятингизда машҳур мутахассис Андрей Канчельскис билан ҳам бирга ишлагансиз. Ушбу мураббий сизга нима бера олди?

​— Ҳа, 2024 йили Андрей Канчельскис билан бирга ишлаш насиб этди. У инсон ҳақида фақат ва фақат яхши фикрларни айта оламан. Англия чемпиони бўлганига қарамай, жуда оддий ва самимий инсон. ​Ундан жуда кўп нарсани ўргандим, бемалол "Европа футболида ўйнашни ўргандим" десам ҳам бўлади. Энг асосийси, янада кўпроқ меҳнат қилиш ва сабрли бўлишни ўргатди. Шундай муваффақиятларга эришишимда ушбу инсоннинг ҳам ҳиссаси бор, унга катта раҳмат айтаман.

photo_2026-10-30_13-04-25.jpg

​— Мавсум якунланиб бормоқда. Келажагингиз бўйича бир қарорга келдингизми? Кейинги фаолиятингизни қаерда давом эттирасиз?

​— Мавсум тугашига яна 2 та ўйин қолди. Ҳозирча расман "Мурас Юнайтед" футболчисиман. Лекин айтишим мумкинки, ҳозирданоқ бошқа клублардан таклифлар тушмоқда. Қирғизистоннинг ўзидан ҳам, Ўзбекистондан ҳам чорловлар бор. ​Мавсум тўлиқ тугагач, барча таклифларни кўриб, ўйлаб чиқиб, отам билан маслаҳатлашган ҳолда бир қарорга келамиз. Чунки менинг агентим — отамнинг ўзлари. Шу сабабли ҳозирча бир нарса деб аниқ айта олмайман.


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›