Темурхўжа Абдухолиқов: "Ёши ўтиб қолди дейишмоқда, аммо..."

Sherzod Nurmatov
12 фев 2026, 17:07
"Локомотив"га қайтган Темурхўжа Абдухолиқов Анталиядаги йиғин доирасида сайтимизга интервью берди.

"Бундай йиғинлар янгилик эмас. Ҳар йили Анталияда йиғиламиз. Деярли ҳар кун ўйин ўтказяпмиз. Назорат учрашувлари орқали тактик, техник ва жисмоний ҳолатимизни яхшилаб олишга ҳаракат қиляпмиз", – деди футболчи янги мавсумга қандай тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида. 

- Жамоа қанчалик мавсумга тайёр? 

- Ҳар бир учрашувда максимал рақобатбардош бўлишга интиламиз. Назорат ўйинлари билан Суперлига баҳсларининг фарқи катта. Ҳаяжон ва босим бўлади.

- Янги футболчилар жамоага қанчалик киришиб кетишди?

- Кўп футболчилар билан авваллари бирга тўп тепганман. Ёш футболчилар билан бир-биримизни тушуниб олсак бўлгани.

- "Локомотив" ўз сафига фақат ёши катта футболчиларни йиғиб олди деган фикрлар янграмоқда. Ушбу фикрларга қандай муносабат билдирасиз?

- Таркибда ёшлар ҳам кўп. Ёши ўтиб қолди дейишмоқда, аммо барчасини майдонда исботлаймиз.

- Нега яна "Локомотив"га қайтишга қарор қилдингиз?

- Таклифлар ичидаги энг маъқули шу бўлди. Футбол мухлисларимизни янги мавсумда стадионларга чорлаб қоламиз. Сизлар билан футбол қизиқроқ.



Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia