

Ушбу марказий ўйин олдидан рақибларнинг жорий ҳолати, имкониятлари ва диққатга сазовор рақамларига тўхталиб ўтамиз.
Хомяков "Бухоро"да барқарорлик ўрнатди
Бухороликлар бу йил Александр Хомяков қўл остида мазмунли ва тартибли ўйин кўрсата олмоқда. Жамоанинг турнир жадвалидаги 4-ўринни эгаллаб тургани бунга яққол исботдир. Маълумот учун, "Бухоро" охирги маротаба 2016 йилги мавсумни кучли тўртликда якунлаган эди. 10 йил аввалги ушбу натижа такрорланадими-йўқми, буни вақт кўрсатади.
Охирги ўйинлардаги натижалар ва очколар динамикаси
Хомяков шогирдлари сўнгги 5 та ўйинда 10 очко жамғарди. Бу борада улар Суперлига пешқадамлари — "Нефтчи", "Навбаҳор" ҳамда "Пахтакор"дан бор-йўғи 1 очко кам натижа қайд этиб туришибди. Жамоа ўз майдонида "Локомотив" (2:1) ва ОКМКни (2:0) таслим этган бўлса, сафарда "Пахтакор" билан дурангга имзо чекди (2:2).

Мезбон фаткори бугун иш берадими?
Яна бир диққатга сазовор факт: "Бухоро" мезбон мақомидаги охирги 4 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди ва бу кўрсаткич бўйича чемпионатда иккинчи энг яхши жамоа бўлиб турибди. Умуман олганда, ўз уйидаги учрашувларда бухороликлар 9 та ўйинда 22 очко тўплаган бўлиб, бу борада "Нефтчи" билан тенг кўрсаткичга эга. Жорий мавсумда Хомяков жамоасини сафарда фақатгина Камолиддин Тожиев бошчилигидаги "Пахтакор" енга олди, холос.
Кучли бешликдаги жамоалар билан баҳслар
"Бухоро" кучли бешликдаги жамоаларга қарши кечган 6 та баҳсда 7 очкони қўлга киритган:
"Нефтчи" — 1:2
"Пахтакор" — 2:2, 0:1
"Навбаҳор" — 1:0
ОКМК — 2:0, 2:3
Владимир Родич — "Бухоро"нинг кашфиёти
Жорий мавсумда Суперлигага келиб қўшилган легионерлар орасида Владимир Родич алоҳида ажралиб турмоқда. Черногориялик ярим ҳимоячи "Бухоро" либосида 17 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 2 та ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Эътиборлиси, Родич гол урган ўйинларда "Бухоро" умуман мағлубиятга учрамаган ва айнан шу баҳсларда 8 очко жамғарган.

Бухоро майдони — фарғоналиклар учун "ноқулай манзил"
Статистикага назар ташласак, фарғоналиклар охирги маротаба Бухорода 2011 йилги мавсумда зафар қучишган. Ўшанда Бахтиёр Ёқубовнинг ягона голи "Нефтчи"га 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этган эди. Шундан сўнг Бухорода ўтказилган 9 та ўйиннинг 4 тасида дуранг қайд этилган бўлса, 5 тасида мезбонлар зафар қучишган.
Тарихий факт (Бухородаги охирги ғалаба):
"Бухоро" – "Нефтчи" – 0:1 (0:1)
21.05.2011 | Олий лига, 9-тур. Томошабинлар: 14 127 нафар.
Бош ҳакам: Вадим Агишев – 8,8
Гол: Бахтиёр Ёқубов 28'.
"Бухоро": Александр Антипов, Нодир Жўраев, Георгий Квесиешвили, Сўҳроб Нематов (Азамат Бобожонов, 62), Роман Романчук (Маркс Қуронбоев, 56), Нодир Ражабов, Алишер Санаев, Илья Ильин (Жамшид Ҳасанов, 78), Отабек Нарзуллаев, Тадас Гражюнас, Жасур Ҳасанов.
"Нефтчи": Хислат Чилматов, Шукурали Пўлатов, Бахтиёр Ёқубов, Мансур Саидов (Муҳсин Низомиддинов, 90), Павел Смоляченко, Анвар Бердиев (Шерзод Ҳакимов, 71), Дилёрбек Ирматов, Сардор Мирзаев (Иқбол Акрамов, 75), Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Асқаралиев, Асқар Муҳиддинов.
Огоҳлантиришлар: Павел Смоляченко 21, Бахтиёр Ёқубов 82.

"Нефтчи"нинг устунликлари: иштаха таом пайтида келади
Чемпионат пешқадамининг сўнгги турдаги иштаҳаси ва спорт формаси жуда юқори. "Нефтчи" охирги 5 та ўйинда рақиблар дарвозасига 14 та тўп киритиб, 11 очко тўплади. Фарғоналиклар айни пайтда энг кўп гол урган ва энг кам тўп ўтказиб юборган жамоа бўлиб турибди.
Пешқадамнинг кучли рақиблар билан ўйинлари
Шунингдек, "Нефтчи" жорий мавсумда кучли бешликдаги жамоалардан фақат "Бухоро"ни мағлуб эта олган. Фарғонада кечган биринчи давра ўйинида мезбонлар ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани илиб кетишган эди:
"Бухоро" — 2:1
"Навбаҳор" — 1:1
ОКМК — 0:0
"Пахтакор" — 0:1

“Нефтчи” бу йил меҳмонда мағлуб бўлмаяпти
Ислом Исмоилов шогирдлари бу мавсум рақиб майдонида 8 та учрашув ўтказди. Мазкур тўқнашувларда жамоа 6 ғалаба, 2 дуранг қайд этган ҳолда 20 очко тўплаган. Тўплар нисбати 18:1
Хулоса ўрнида
Икки жамоанинг бугунги баҳси жуда кескин ва муросасиз кечиши кутилмоқда. "Бухоро" ўз уйидаги муваффақиятли серияни давом эттирадими ёки "Нефтчи" 15 йиллик ноқулай анъанага чек қўядими? Бунга бугунги учрашув давомида гувоҳ бўламиз.



