Темурхўжа Абдухолиқов: "Голларимни жамоавий меҳнат маҳсули деб ҳисоблайман"

Sherzod Nurmatov
17 апр 2026, 14:40
“Локомотив” ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқовнинг иккита голи Самақарқандда жамоасига уч очко тақдим этди.

Унинг узоқдан урган голи ҳам ЎзПФЛ, ҳам Championat.asia томонидан 7-турнинг энг чиройли голи деб топилди. Шу муносабат билан клуб матбуот хизмати ҳужумчининг фикрлари билан қизиқди.

"Динамо" билан кечган баҳс ҳақида

- Қўлга киритилган муҳим ғалаба билан барча "Локомотив" мухлисларини табриклайман. Ўйин жуда ажойиб кечди. Самақарқандда футбол ўйнайдиган иккита жамоа ўзаро кураш олиб борди. Зерикарли футбол бизга ҳам ёқмайди. Ишқибозлар қанча кўп келса, биз учун шунча яхши.

Урган голлари ҳақида

- Голларимни жамоавий меҳнат маҳсули деб ҳисоблайман. Бу ўринда ҳеч кимни алоҳида кўрсатмоқчи эмасман. Ҳамма ўз ишини қилди ва голлар урилди. Биринчи голда дарвозабон олдинга чиқиб кетганини кўрдим ва таваккал зарба бердим. Ўйлаган режам амалга ошганидан хурсандман.

Зарба берганимдан сўнг тўп ҳавога кўтарилиб тушди ва кирмаса керак деб ўйладим. Чунки тўп тўғри бормади, айланиб борди, шунга кирмаса керак, деган хаёл ўтди. Дарвоза устунига тегса керак, деб ўйладим. Яхшиямки, гол бўлди. Иккинчи голни ерлатиб урдим. Аввалги ўйинларда ҳам шундай зарба бергандим, лекин ўхшамаганди. Нима дейсиз энди, насиб қилгани бўлади.

Энг чиройли гол ҳақида

- Буни фаолиятимдаги энг чиройли гол демаган бўлардим. Аввал ҳам мухлисларга ёқадиган голлар кўп урганман. Лекин натижа берадиган ҳар бир гол мен учун чиройли. 2016 йил Ўзбекистон Кубоги финалида "Насаф"га - ўша ўйин ҳам Самарқанддаги шу стадионда кечганди - ундан кейин Дубайда "Ал Наср" дарвозасига киритган бош билан гол, "Ал Иттиҳод" дарвозасига урилган пеналти, "Сепахон"га уйда урган голим - шулар ҳам муҳим голлар қаторига киради.

Дастлабки 7 та тур бўйича хулоса

- Бизга ҳужумда барқарорлик етишмаяпти. Баъзи ўйинларда вазиятлардан фойдалана олмадик. Гол урсак ўзимизга яхши. Машғулотларда бунинг устида ишлаяпмиз. Ҳужумни якунлашда шахсан ўзимда муаммолар бор, шуни тўғрилашга ҳаракат қиляпман. Натижаларимиз бундан яхшироқ бўлиши мумкин эди, лекин шукур қиламиз. Насиб қилса йўқотилган очколарни кейинги беллашувларда қайтариб оламиз.

Кетма-кет ўйинлар ҳақида

- Зўр бўляпти, менга жуда ёқяпти. Эсингизда бўлса, авваллари ҳар сешанба Осиё чемпионлар Лигасида, шанба куни Суперлигада ўйинлар ўтказардик. Жуда ажойиб бўларди. Ҳозир ҳам ҳар тўртинчи-бешинчи кунда майдонга тушиш зўр бўляпти.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: "Локомотив" матбуот хизмати