

"Атлетико" бош мураббийи Диего Симеоне жамоанинг янги меҳмонхонага жойлашганига унинг иримлари сабаб бўлгани ҳақидаги гапларни тасдиқламади.
Эртага Мадрид клуби Чемпионлар Лигаси ярим финали доирасида "Арсенал"га қарши жавоб ўйинини ўтказади. Мадридда кечган илк баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган эди.
Бугун тармоқларда Симеоненинг Лондондаги меҳмонхона бўйича илтимоси ҳақида маълумотлар тарқалди: у жамоа октябрь ойида тўхтаган меҳмонхонада қолишни истамаган. Ўшанда мадридликлар турнирнинг умумий босқичида "Арсенал"га 0:4 ҳисобида имкониятни бой беришганди.
– Меҳмонхонани ирим-сиримлар туфайли ўзгартирганингизни эшитдик. Бу ҳақиқатми?
– Ҳозир биз октябрь ойидагидан кўра яхшироқ ҳолатдамиз. Бошқа меҳмонхона арзонроқ эди, шу сабабли уни ўзгартиришга қарор қилдик, – деди Симеоне.



