Шерзод Жўраев: "Ҳозир кўпроқ футболчиларни руҳан тиклаш устида иш олиб боряпмиз"

Mirjalol Normatov
3 окт 2025
Суперлига 24-туридан ўрин олган "Хоразм" - "Навбаҳор" (1:1) учрашувидан сўнг "Навбаҳор" бош мураббийи Шерзод Жўраев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

Ўйин оғир кечишини билардик. Чунки "Хоразм" Суперлигада қолиш учун курашяпти ва бизга қарши бор кучини ишга солиши табиий эди. Рақиб жамоа яхши шаклланган, тажрибали мураббийлар штабидан иборат. Биз ҳам ўзимизни кўрсатиш мақсадида бор эътиборни ғалабага қаратдик. Охирги ўйинларда ўзимизни кўрсата олмагандик, Кубок мусобақасидан ҳам чиқиб кетдик. Ҳозир кўпроқ футболчиларни руҳан тиклаш устида иш олиб боряпмиз. Энди бу футбол, доим ҳам ютишнинг имкони йўқ. Бугунги ўйин учун футболчиларимизга раҳмат айтаман.

- Бугун "Навбаҳор" ғалабани қўлдан бой бердими ёки бир очко қўлга киритдими?

- Менимча, ғалабани бой бердик. Чунки рақиб бир ўйинчи кам бўлиб қолганидан сўнг бизда вақт кўп эди, аммо фойдалана олмадик. Мен бир гапни кўп қайтараман: рақиб 10 киши бўлиб қолдими, ўйнаш жуда қийин бўлади. Улар кам-ку деган фикр хаёлга михланиб қолади. Бу эса бўшашишга олиб келади. Бугун "Хоразм" футболчиси четлатилганига қарамай рақиб яхши ҳимояланди.


Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: championat.asia