

"Ар-Риёзия" нашрининг хабар беришича, бош мураббий Георгиос Донис "Ал Аҳли" ҳужумчисини Ўзбекистонга қарши баҳс қайдномасига киритишни режалаштирмоқда.
Ал Бурайкан шамоллаш сабабли Саудия Арабистони терма жамоасининг дастлабки машғулотларини ўтказиб юборган ва 13 ноябрь куни Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашувида (3:2) иштирок этмаган эди. Кейинчалик футболчи жамоавий машғулотларга қайтган.
"Ар-Риёзия" маълумотига кўра, Донис ҳужумчини асосий таркибда тушириш ёки захирада қолдириш борасида ҳали якуний қарор қабул қилмаган. Бу масала ўйин олдидан ўтказиладиган техник йиғилишда ҳал этилади.
Шунингдек, ал-Бурайкан Ўзбекистонга қарши учрашувдан кейин Осиё футбол конфедерациясининг йилнинг энг яхши футболчиси совринини топшириш маросимида қатнашиш учун Бангкокка йўл олиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 17 ноябрь куни Доҳада бўлиб ўтади.



