

“Ар-Риёд” нашрининг хабар беришича, Георгиос Донис шогирдлари 15 ноябрь куни Доҳадаги “Ал-Ирсал” майдонида ОАВ учун ёпиқ машғулот ўтказишган.
Машғулотларда жароҳати сабабли йиғинни тарк этган Муҳаммад Маҳзари ва Ҳаммам ал-Ҳаммамидан ташқари барча футболчилар иштирок этган. Дарвозабон Навоф ал-Ақидий эса Қатардаги “Аспетар” тиббиёт марказида тикланиш жараёнини давом эттирмоқда. Ало ал-Ҳажий даволаниш дастурини якунлаган.
Шунингдек, Саудия Арабистони футбол федерациясининг расмий маълумотига кўра, ярим ҳимоячи Султон Мандаш соннинг орқа қисми мушакларида оғриқ сезгани сабабли 15 ноябрдаги машғулотни охиригача давом эттира олмаган. Футболчи 16 ноябрь куни тиббий текширувдан ўтиши белгиланган.
Саудияликлар Ўзбекистонга қарши баҳс олдидан сўнгги машғулотини 16 ноябрь куни ўтказади. Унинг дастлабки 15 дақиқаси ОАВ вакиллари учун очиқ бўлади.
“Ар-Риёд” нашри икки терма жамоа ўртасидаги ўзаро ўйинлар тарихига ҳам тўхталган. Унга кўра, жамоалар ҳозиргача 12 марта тўқнаш келган. Саудия Арабистони 7 марта, Ўзбекистон 4 марта ғалаба қозонган, яна бир учрашув дуранг билан якунланган.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони – Ўзбекистон ўртоқлик учрашуви 17 ноябрь куни Доҳада, Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади.



