"Гулистон" стадионида иш тўхтаб қолди: жамоанинг Пролигадаги иштироки сўроқ остида

admin
17 ноя 2026, 11:55
“Гулистон” 2026 йилги дебют мавсумидаёқ мухлис ва мутахассислар эътиборига тушди: Биринчи лигада ғолиблик, Ўзбекистон Кубогида эса чорак финал.

Бунгача Биринчи лига клуби мамлакат кубогида чорак финалга қадар етиб кела олмаганди.

2.jpg

“Гулистон” ўз мусобақасида фақатгина Тошкентда икки бор очко йўқотди: Аҳмедов билан 1:1 ҳисобидаги дуранг ва Республика ФА билан беллашувда мағлубият — 2:5. Марказий минтақада қолган барча рақиблар таслим этилди. Плей-офф босқичида ҳам Аббос Эргашев шогирдларига тенг келадигани топилмади.

3.jpg

Ўзбекистон Кубогида тарих ёзилди. Пролига клубларининг чорак финалга қадар етиб келиши урфга кирмоқда. Бироқ Биринчи лига вакилига 2026 йилга қадар бу насиб этмаганди. ОКМК билан тўқнашувда ҳам гулистонликлар сўнгги сонияларга қадар кураш олиб боришди. Миржалол Қосимов жамоаси Суперлига грандлари билан тенг ўйнаётган бир вақтда Олмалиқда бу рақиб тўсиғидан ўтиш осон эмасди.

4.jpg

Кубокда қуръа омадли келганди деб бўлмайди. Зеро, Гулистон мазкур мусобақада фақат юқори Лига вакиллари билан тўқнаш келди. Аввалига Бухоро университети таслим этилди. Бу тасодиф эмаслиги Бухоро вилоятининг асосий жамоасига қарши ўйинда кўринди. Мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказаётган Хомяков жамоаси гулистонликлардан 4 та гол қабул қилиб олди. Чорак финал йўлида эса “Сурхон” мағлуб этилди.

5.jpg

Мазкур натижалар “Гулистон” клуби Пролигага тайёр эканлигини кўрсатади. Нафақат натижа нуқтаи назаридан олиб қаралса, футбол мактабини ташкил этиш ва унинг тарбияланувчиларини MyLeague рўйхатидан ўтказишда ҳам “Гулистон” фаол бўлди.

2025 йилнинг 13 декабрь санасида Лига раҳбарияти Сирдарё вилоятининг ўша вақтдаги ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашиб, 2027 йилги мавсумда “Гулистон” клубининг Пролигада иштирок этиши масаласини муҳокама қилганди. Келишувга кўра, Гулистонда қурилаётган ва 16 минг ишқибозга мўлжалланган стадион шу йилнинг иккинчи ярмида тайёр бўлиши керак эди.

Бироқ стадион борасида ишлар режадагидан кечикмоқда. Майдоннинг дренаж қисми тўлиқ тайёр. Янги трибуналар, техник зона, ёритиш тизими ва Лига томонидан қўйилган бошқа талаблар режага киритилган. Ишни якуний босқичга ўтказиш учун стадион бўйича молиявий масалаларни ҳал этиш лозим. Айнан мазкур масала “Гулистон” клубининг Пролигада иштирок этишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Шу йил Лига раҳбарияти Сирдарё вилоятининг янги ҳокими Дониёр Қодиров билан учрашувни режалаштирган. Умид қиламизки, Дониёр Бахтиёрович билан учрашувда бир қатор саволларга жавоб олинади ҳамда стадион билан боғлиқ масалаларда олдинга силжиш кузатилади.

Лига Сирдарё вилоятига катта футбол ҳавоси 2027 йилдаёқ кириб боришига ишонади”, – дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар


adminМуаллиф
Манба: pfl.uz

Сўнгги янгиликлар

Барча ›