Al Arabiya: Абдуқодир Ҳусановнинг нархи Саудия Арабистони терма жамоасининг барча футболчилари қийматидан юқори

Оқил Абдубарноев
17 ноя 2026, 12:45
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви олдидан араб нашрлари футболчиларнинг трансфер қийматини таққослади.

Саудия Арабистонининг “Al Arabiya” нашри ёзишича, "Манчестер Сити" ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг бозор қиймати рақиб жамоанинг барча футболчилари умумий қийматидан юқори.

Transfermarkt маълумотларига кўра, 22 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи 50 миллион еврога баҳоланмоқда. Саудия Арабистони миллий терма жамоасининг умумий бозор қиймати эса 38 миллион еврони ташкил этади.

Шу тариқа, Ҳусановнинг ўзи саудиялик барча футболчилардан 12 миллион еврога қимматроқ баҳоланган.

Саудия Арабистони таркибида энг юқори бозор қийматига эга футболчи Сауд Абдулҳамид бўлиб, у 9 миллион еврога баҳоланган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг умумий бозор қиймати эса 81,83 миллион еврони ташкил қилмоқда.

“Al Arabiya” Ҳусановни Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчиси сифатида таърифлаган. Ўзбекистонлик ҳимоячи 2025 йил январда Франциянинг "Ланс" клубидан "Манчестер Сити"га 40 миллион евро эвазига ўтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари 17 ноябрь куни Доҳада ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›