Сардор Мирзаев: "Нотўғри ташхис туфайли кўп вақт йўқотдим, Темурхўжа Абдухолиқов иккинчи ёшлигини ўтказяпти"

Iskandarov Abdulaziz
25 апр 2026, 14:05
Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси Суперлиганинг 9-турида "Насаф" билан тўқнаш келди.

Голларга бой ўтган учрашувда "темирйўлчилар" 3:2 ҳисобида ғалабага эришди.

Жамоанинг голларидан бирига Сардор Мирзаев муаллифлик қилди. Ўйиндан сўнг тажрибали ярим ҳимоячининг фикрларини тингладик.

— “Насаф”га қарши кечган драматик ўйин ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

— “Насаф”га қарши ўйин қийин бўлишини олдиндан билардик. Ҳақиқатан ҳам осон кечмади. Аммо энг муҳими — ғалаба қозондик ва жуда муҳим 3 очкони қўлга киритдик, деб ўйлайман.

— Ўйиннинг голларга бой ўтишида нима кўпроқ рол ўйнади?

— Ҳар икки жамоада ҳам яхши ижрочилар бор эди. Фикримча, ўйин давомида яратилган вазиятлардан самарали фойдаланилгани голлар кўп бўлишига сабаб бўлди.

— “Локомотив”да гол урганлардан Темирхўжа Абдухолиқов 34, сиз 35 ёшдасиз. Иккинчи ёшликни ўтказяпсизларми?

— Темирхўжа аниқ иккинчи ёшлигини ўтказяпти, у ҳозир жуда яхши формада. Менга келсак, йўқ, деб ўйлайман (кулади).

— Бу йилги мавсум стартдан ўтди. Жамоалар сараланиб бўлдими — кучли ва кучсизларга?

— Менимча, ҳозирча жамоалар ўртасида катта фарқ сезилмаяпти. Барча жамоалар курашяпти. Бу эса чемпионатни янада қизиқарли қилади.

— Жароҳат сабаб бир неча йил ўйнамадингиз ва матонатли қайтиш қилдингиз. Қийин йиллар эди. Бу давр қандай ўтди, кучни қаердан топдингиз?

— Ҳа, нотўғри ташхис сабаб анча вақт йўқотдим. Балки шундай бўлиши керакдир. Лекин яна майдонга қайтганимга шукр қиламан. Ўша йиллар жуда оғир ўтди, аммо барчаси ортда қолди.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›