

Голларга бой ўтган учрашувда "темирйўлчилар" 3:2 ҳисобида ғалабага эришди.
Жамоанинг голларидан бирига Сардор Мирзаев муаллифлик қилди. Ўйиндан сўнг тажрибали ярим ҳимоячининг фикрларини тингладик.
— “Насаф”га қарши кечган драматик ўйин ҳақидаги таассуротларингиз қандай?
— “Насаф”га қарши ўйин қийин бўлишини олдиндан билардик. Ҳақиқатан ҳам осон кечмади. Аммо энг муҳими — ғалаба қозондик ва жуда муҳим 3 очкони қўлга киритдик, деб ўйлайман.
— Ўйиннинг голларга бой ўтишида нима кўпроқ рол ўйнади?
— Ҳар икки жамоада ҳам яхши ижрочилар бор эди. Фикримча, ўйин давомида яратилган вазиятлардан самарали фойдаланилгани голлар кўп бўлишига сабаб бўлди.
— “Локомотив”да гол урганлардан Темирхўжа Абдухолиқов 34, сиз 35 ёшдасиз. Иккинчи ёшликни ўтказяпсизларми?
— Темирхўжа аниқ иккинчи ёшлигини ўтказяпти, у ҳозир жуда яхши формада. Менга келсак, йўқ, деб ўйлайман (кулади).

— Бу йилги мавсум стартдан ўтди. Жамоалар сараланиб бўлдими — кучли ва кучсизларга?
— Менимча, ҳозирча жамоалар ўртасида катта фарқ сезилмаяпти. Барча жамоалар курашяпти. Бу эса чемпионатни янада қизиқарли қилади.
— Жароҳат сабаб бир неча йил ўйнамадингиз ва матонатли қайтиш қилдингиз. Қийин йиллар эди. Бу давр қандай ўтди, кучни қаердан топдингиз?
— Ҳа, нотўғри ташхис сабаб анча вақт йўқотдим. Балки шундай бўлиши керакдир. Лекин яна майдонга қайтганимга шукр қиламан. Ўша йиллар жуда оғир ўтди, аммо барчаси ортда қолди.



