"Сабаҳ"нинг зафарига ҳеч ким ишонмаганди. Бу ерда шунчаки "автобус" қўйиб ётишмайди" — Умарали Раҳмоналиев билан суҳбат

30 апр 2026, 20:17
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик футболчиларнинг хориж чемпионатларидаги муваффақиятли иштироки мухлисларимизни қувонтириб келмоқда.

Ана шундай вакилларимиздан бири, бугунги кунда Озарбайжоннинг "Сабаҳ" клуби шарафини муносиб ҳимоя қилаётган легионеримиз Умарали Раҳмоналиевдир.

​Биз футболчи билан боғланиб, унинг Озарбайжондаги фаолияти, чемпионлик учун имкониятлар, терма жамоамиздаги муҳит ҳамда Фабио Каннаваро билан ишлаш таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик.

​— Дастлаб "Сабаҳ"даги фаолиятингиз ҳақида тўхталсангиз. Кузатувларимизга кўра, барқарор ўйин намойиш этиб, голлар урмоқдасиз...
— Ассалому алайкум. Очиғини айтсам, ҳозирда жамоада ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Менимча, қачонки футболчи майдонда ўзини эркин сезса ва хато қилишдан қўрқмай ҳаракат қилса, ўйини ҳам қовушиб, голлар ҳам ўз-ўзидан келаверади. Мураббийлар штаби ҳақида гапирадиган бўлсам, у ерда топ даражадаги мутахассислар йиғилган. Улар майдонда айнан нима қилиш кераклигини, ўйинни қандай режалар асосида ташкил этишни жуда батафсил тушунтириб беришади.

— Мураббий билан муносабатлар ва у кишининг талаблари қандай?
— Мураббийларимизнинг стратегияси Европанинг етакчи жамоалари услуби билан бир хил — асосий урғу тўп назоратига қаратилади. Шу билан бирга, ҳар бир рақибга қарши индивидуал ёндашиб, кичик бўлса-да алоҳида режалар асосида тайёргарлик кўрамиз.

photo_2026-04-30_20-14-14.jpg

​— "Сабаҳ" билан Озарбайжон чемпионлиги ва кубогида ғолиб чиқишга яқин турибсиз. Умуман, маҳаллий клубларнинг даражаси ва рақобати фонида имкониятлар қай даражада?
​— Ҳа, олдимизга қўйилган вазифани бажаришимизга оз қолди. Бу йил жамоамиз жуда яхши шаклланди, ҳар бир позицияда лиганинг энг кучли ижрочилари ҳаракат қилмоқда. Озарбайжон чемпионатида 12 та жамоа бўлса, шундан 10 таси шунчаки ҳимояда "автобус" қўйиб ётиш эмас, балки футбол ўйнашга ҳаракат қилади. "Қорабоғ" жамоасининг даражасини эса ҳамма яхши билади. Бир фактни айтишим керак: йил бошида бизнинг чемпионлик ва кубок учун асосий даъвогар бўлишимизга ҳеч ким ишонмаган эди. Аллоҳга шукур, бугун шу мақсадларни уддалашга жуда яқинмиз.

​— Маҳаллий аҳоли ва ОАВнинг футболга қизиқиши қай даражада?
​— Айнан шу йилдан бошлаб ички чемпионатга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ортди. Аввалги йилларда бу борада пасайиш бор эди, десак ҳам бўлади. Бунинг сабаби — охирги 11 йилнинг 10 тасида "Қорабоғ" чемпионликни нишонлаб келганида бўлса керак. Ҳозир эса интрига кучайган.

photo_2026-04-30_20-14-15 (2).jpg

​— Ўзбекистон терма жамоасининг охирги йиғинида қатнашдингиз. Фабио Каннаваро билан ишлаш қандай таассурот қолдирди? Унинг услуби ва ишга муносабати сизга маъқулми?
​— Йиғин жуда юқори кайфиятда ўтди. Ҳамма олдинда турган масъулиятни ва бизни нима кутаётганини тушунган ҳолда тайёргарлик кўрди. Мураббийлар штаби ўзлари хоҳлаётган стратегияларни бизга максимал даражада тушунтиришга ҳаракат қилишмоқда.

— Италиялик мутахассис индвидуал гаплашдими?
— Каннаваро ҳар бир футболчи билан алоҳида, индивидуал тарзда гаплашиб, яқиндан ёрдам беришга интиладиган мураббий экан. Унинг ишга бўлган муносабати ва услуби шахсан менда яхши таассурот қолдирди.

​— Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб боряпсизми? Ортда қолган 10 та тур ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
​— Барча ўйинларни бўлмаса-да, баъзи учрашувларни кузатиб боряпман. Кўпчилик кутганидек, "Пахтакор" ва "Нефтчи" лидерликни қўлга олган. Шунингдек, "Навбаҳор"нинг жамоавий ўйинни йўлга қўйиш борасидаги ишлари кўзга ташланяпти. "Бунёдкор" эса кўпроқ натижа учун ҳаракат қилаётгандек таассурот қолдирмоқда. Умуман олганда, чемпионатимиз савияси охирги йилларда анча ўсгани сезилиб турибди.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди

photo_2026-04-30_20-14-15 (3).jpg


Манба: championat.asia