Рўзиқул Бердиев: "ОКМКнинг камбэк қилишига йўл қўймадик"

Aslanov Jasurbek
3 авг 2026, 23:40
Суперлига 15-туридан ўрин олган "ОКМК" – "Насаф" (1:2) учрашувидан кейин "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- ОКМК охиригача курашадиган жамоа, лекин бугун уларнинг камбэк қилишига йўл қўймадик. Шуни айтишим мумкин, Суперлигада энг яхши ўйин намойиш этаётган жамоани сафарда мағлуб этдик. Бу биз учун жуда муҳим эди, шу боис ниҳоятда керакли ғалабани қўлга киритдик. Балки ўйин томонлама ОКМК яхшироқ кўрингандир, лекин бир-иккита вазиятни ҳисобга олмаганда ҳимояда биз яхши ўйнадик. Ушбу ғалаба билан жамоамиз мухлисларини табриклайман. Биринчи бўлимда бир неча бор қарши ҳужумга чиқдик. Ҳисоб 2:0 бўлганидан кейин бироз хотиржамликка берилдик. Шундан сўнг ташаббус рақиб томонга ўтди ва улар гол уришди. Биз учун айниқса охирги дақиқалар жуда муҳим эди, юқорида айтганимдек, рақибнинг камбэк қилишига йўл қўймадик ва бундан хурсандмиз.

- Абдувоҳид Неъматовнинг бугунги ғалабага қанчалик ҳиссаси бор деб ўйлайсиз?
- Абдувоҳид биз учун ярим жамоа ҳисобланади. У маҳоратли посбон эканини бугун ҳам кўрсата олди. Бир неча бор мураккаб тўпларни қайтарди, ҳатто гол ўтказилган вазиятда ҳам тўпни қайтарганди. Йигитлар Ўлмасалиевни ушлашга сал бўшлик қилишди. Бугунги ғалабага Неъматовнинг ёрдами жуда катта бўлди.

- Халқаро ўйинлар ҳам яқинлашиб келмоқда. Осиё чемпионлар Лигаси 2да яхши иштирок этиш учун таркиб ҳам шунга яраша кучли бўлиши керак. Трансферлар борасида молиявий ҳолат қандай?
- Яширмайман, молиявий ҳолатимиз у қадар барқарор эмас. Буни ҳамма кўриб билиб турибди. Трансфер ойнасида фаол эмасмиз. Клубимиз раҳбарияти шароит яратиб беришга ҳаракат қилмоқда, бунинг учун раҳмат айтиб қоламан. Таркибимизда бор ўйинчилар ҳам астойдил ишлашяпти, ҳар бир учрашув нақадар муҳим эканини тушуниб турибмиз. Ўтган йил таркибимиз бу йилгидан яхшироқ эди, аммо мавсум охирида 10 нафар футболчи сафимизни тарк этди. Улар ўрнига ёшларни таклиф этдик. "Пахтакор" ва "Нефтчи" таркиби бирмунча кучли, биз ҳам қараб турмаймиз ва совринли ўринлар учун курашамиз. Айрим чизиқларга ўйинчиларни таклиф этяпмиз, улар билан янада кучаямиз деб ўйлайман.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia