

– Ўйин ҳақида...
– Ўйиннинг дастлабки 10–15 дақиқасини ёмон бошладик, устига-устак гол ўтказиб юбордик. Голдан кейин, балки, вазиятни ўнглаш учун йигитларимиз ўзида куч топа олди ва сифатли ўйнашни бошлади. Тўп назоратига келсак, албатта, бу иссиқда тўпни назорат қилиш жуда ҳам муҳим эди. Яхши назорат қилдик, ўйинда яратилган вазиятлардан ҳам унумли фойдаландик. Бу бизга, албатта, ғалаба келтирди.
Албатта, бугунги рақибимиз оддий жамоа эмас эди. Биз яхши жамоани мағлубиятга учратиб, 3 очкони қўлга киритдик. Балки, ўйин темпи жуда ҳам юқори бўлмагандир, чунки бундай иссиқда темп юқори бўлиши қийин. Шунга қарамасдан, йигитларимиз майдонда сифатли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишди.
– Узоқ кутилган ғалаба билан табриклайман. Бироқ “Насаф”нинг ҳозирги турган ўрни – турнир жадвалидаги ўрни ўзига ярашадиган ҳолатда эмас. Қолаверса, ёзги трансфер ойнасида ҳам ҳозирча “Насаф”дан янгилик кутмаяпмиз. 10 йилдан ортиқ жамоага раҳбарлик қилаётган даврингиздаги энг қийин ҳолат деб айтсак бўладими?
– Албатта, бу мавсум биз учун оғир бўлишини билардик. Биласизлар, ўн нафар энг яхши, етакчи ўйинчиларимиз жамоани тарк этганида, бу ҳар қандай жамоага қаттиқ таъсир қилади. Шунга қарамасдан, вазиятни ўнглаб, ички захирамиздан фойдаланиб, ёшларга имконият беряпмиз. Бор имкониятдан, бор ресурсдан фойдаланиб ўйинимизни қуришга ҳаракат қиляпмиз.
Албатта, жамоани кучайтириш мақсадимиз бор, чунки иккинчи даврада ўйинларимиз жуда ҳам кўп бўлади. Биз халқаро ўйинларда қатнашишимиз керак, шунинг учун раҳбарият билан бу масалада суҳбатлашяпмиз. Шундай оғир молиявий вазиятда ҳам имконият яратиб, маълум позицияларга 2–3 нафар ўйинчи керак бўлишини таъкидладик. Раҳбарият бунга ёрдам бермоқчи ва бу, албатта, амалга ошади.
Ўзингиз кўрдингиз, таркибимиз бор, аммо ҳозир захирада ўтирганларнинг деярли барчаси ёш ўйинчилар. Яна шуни биламизки, иккинчи давра ўрталарида Олимпия терма жамоасининг йиғинлари ва ўйинлари бошланади. Шунинг учун трансфер масаласида янги ўйинчиларни таркибга қўшиш биз учун жуда муҳим. Буни, албатта, амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
– Тайёргарлик жараёнларида гувоҳ бўлдим, бугунги ўйинда майдонга тушган Шала ва Сакари қайдномада ҳам йўқ эди. Шала қайтди, Сакарининг шартномаси тугашига ҳали бир ой бор эди, у билан шартнома бекор қилинганга ўхшайди. Шу иккиси бўйича изоҳ берсангиз.
– Қайдномада йўқми, демак, келишув амалга оширилган. Аслида унинг шартномаси тугашига бир ой қолган эди. Шунинг учун биз унинг билан шартномани бекор қилдик. Биласизлар, жароҳати туфайли барибир ўзини тиклай олмади, шу сабабли биз уни машғулотларга ҳам қатнаштирмадик.
Шалага келсак, у охирги назорат ўйинларимизда қатнашмади, унда ҳам енгил жароҳат бор эди. Ҳозир кўпчилик йигитларимизнинг ҳолати яхши – тўлиқ ўқув-машғулот йиғинини ўтказган йигитларнинг формаси жуда яхши. Йиғинни зўр ўтказдик, лекин Шала, Ғолиб ва Умарда ўйин амалиёти йўқлиги бироз сезиляпти.

– Умуман олганда, қандайдир легионерлар олиш режаси борми? Чунки барибир “Насаф” халқаро майдонда Ўзбекистон номидан иштирок этади...
– Ҳозиргина бу саволга жавоб бериб ўтдим. Биз раҳбарият билан бу ҳақида гаплашяпмиз, албатта, буни амалга оширишимиз керак бўлади.
– Об-ҳавога қарамай, ўйин темпи яхши бўлди, менга ёқди. Энди саволим бугунги ўйинга эмас, Жаҳон чемпионатига тегишли. Биламизки, мураббийлар асосан бошқа мутахассисларни кузатишади. Клублар миқёсидаги тактикалар кўпинча Чемпионлар лигасидан ўрганилади. Терма жамоалар ўйинида эса, масалан, Дешам каби мураббийларнинг тактикаси таҳлил қилинади. Айтинг-чи, ушбу Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган мураббийлардан ўзингиз учун нимадир оляпсизми ёки фақат топ-лигалар ва УЕФАдаги турнирларни кузатасизми?
– Албатта, барча ўйинларни имкон қадар кузатишга ҳаракат қиляпман. Лекин битта тенденция ўзгаришсиз қоляпти: қайси жамоанинг ўйини яхши шаклланган бўлса, ўша жамоа натижа кўрсатяпти. Ундан ташқари, охирги йиллардаги футболда аксарият жамоалар ҳимояга қаттиқ эътибор қаратиб, қарши ҳужумларга таяниб ҳаракат қилаётганини кўрдик. Лекин мен Испания ва Франция ўртасидаги охирги ўйинни кузатиб, шунга амин бўлдимки, барибир тартибли ўйин, тўпни тўлиқ назорат қилиш ва жамоавий ҳаракатлар билан рақибнинг индивидуал ўйинчиларини ёпиб қўйиш албатта натижа берар экан. Буни Испания мисолида кўрдим.
Албатта, кўплаб мураббийлар бор, улар ҳар хил тактика танлашди. Лекин эътибор берган бўлсангиз, майдондаги жойлашувларда кўп нарса ўзгармади. Шундай бўлса-да, қайсидир маънода, жамоаларнинг чемпионатга руҳий жиҳатдан тайёрланиши, менимча, биринчи ўринга чиқяпти.
Ўзингиз кўряпсиз, Аргентина жамоасининг руҳий тайёргарлиги, ҳар бир ўйинга бўлган иштиёқи ва кайфияти ҳаммадан юқори экани сезиляпти. Кеча бунга яна бир бор амин бўлдик: улар охиригача курашадиган жамоа эканлигини яна исботлашди. Шунинг учун ҳам жамоани руҳий тарафдан яхши тайёрлаш муҳимлигига ва мураббийлар айнан шунга эътибор қаратаётганига ишонч ҳосил қиляпман.
Биз Марокаш, Швейцария ва Норвегия каби жамоаларни ҳам кўрдик. Менимча, улардаги футболчиларнинг даражаси нисбатан пастроқ бўлса ҳам, руҳий тарафдан тайёргарлиги, ўзига бўлган ишончи ва ҳеч кимдан қўрқмаслиги натижа берди. Улар ҳар бир рақибга муносиб қаршилик кўрсатиб, maйдонда улар учун обрў-эътиборли рақиб тушунчаси йўқлигини руҳан намойиш этишди. Шунинг ҳисобига улар бемалол кучли саккизликка кириб, жиддий рақибларга қаршилик кўрсата олишди.
Умуман олганда, спортда, хусусан, футболда руҳий тайёргарлик кўп нарсани ҳал қилади. Шу чемпионат орқали шунга амин бўляпманки, жамоалар ва мураббийлар бу жиҳатга жуда катта эътибор қаратмоқда.
– Жаҳон чемпионатида жорий этилган "кулинг-брэк" қанчалик керак?
– Бугунги ўйинда жудаям керак эди, сабаби ҳаво жудаям иссиқ эди. Америкада ҳаво қандай эди, билмайман, лекин буни устида мутахассислар пухта ўйлашган бўлса керак.
– Мен ҳам Жаҳон чемпионати ҳақида сўрамоқчиман. Мутахассис сифатида Фабио Каннаварога қандай баҳо берасиз? "Насаф" футболчиларигачи? Неъматовда босим йўқми? Таркибдаги 26 ўйинчидан 23 нафари ўйнаган бўлса ҳам, терма жаамоадаги фаолиятини якунлаш арафасида бўлган Умар Эшмуродовга имкон берилмади. Шулар ҳақда фикрингиз қандай?
– Билмадим, энди футболчиларнинг ҳолати қандай бўлган, йигитларнинг имконияти ва спорт формаси қай даражада эканлигини биздан кўра Каннаваронинг ўзи яхши билади. Абдувоҳидда ҳам хатолар бўлди. Ўзи билан бу ҳақда суҳбатлашдим. Энг асосийси – у бундай вазиятни енгиши ва унутиши керак. Қийинчиликларни енга олиш кучли инсонга хос жиҳат.
Мақсадимиз Жаҳон чемпионатида иштирок этиш эди ва бунга эришдик. Хато ва камчиликлар дарс бўлди, буни тузатиш керак. Эндиликда Жаҳон чемпионатида мунтазам қатнашишимиз керак. Кейинги мундиал чиқа олмаслик биз учун фалокат ҳисобланади. Ҳаммаси яхши бўлади.



