Бобир Абдихолиқов: "Бизга чиройли гол эмас, натижа керак"

17 июл 2026, 00:45
Суперлига 12-тури доирасида "Бунёдкор" майдонидаги ғалабадан кейин "Насаф" ҳужумчиси, учрашувда дубль қайд этган Бобир Абдихолиқов ўз фикрларини билдирди.

"Бугун муҳим ўйинда ғалаба қозондик. Танаффусдан сўнг биринчи баҳсни ютуқ билан бошлаб олишимиз шарт эди. Худога шукур, уч очкони қўлга киритдик. Ушбу ғалабани мухлисларимизга бағишлаймиз", — дейди Бобир Абдихолиқов.

— Икки принципиал рақибнинг охирги учрашувларида фақат дуранг қайд этиб келинаётганди. Бугун ушбу анъанага чек қўйилди...
— Ҳар қандай сериянинг якуни бўлади. Бу анъана ҳам қачондир тугаши керак эди ва бугун бунга чек қўйдик.

— Танаффусда мураббий жамоага нима деди, қандай кўрсатмалар берди?
— Фақат ғалаба қозониш ҳақида гапирилди ва иккинчи бўлимда темпни янада оширишимиз кераклиги тушунтирилди.

— Билол Тошмирзаевнинг урган голига муносабатингиз қандай?
— Жуда чиройли гол бўлди. Лекин олдинда ҳали ўйинлар кўп. Биз учун ҳозир чиройли гол эмас, энг муҳими — ғалаба ва натижа эди.

— Сизни яна тўпурарлар пойгасида кўрамизми?
— Мен ҳар доим тўпурар бўлишга ҳаракат қиламан. Тўғри, мавсумни бироз омадсиз бошладим, лекин ҳозир аста-секин оптимал формамга кириб боряпман.

— Жамоа ОЧЛда иштирок этади. Бу борада клубдаги вазият ва таркиб янада кучайиши кутиляптими?
— Ҳаммаси яхши бўлиши керак. Олдинда муҳим баҳслар кутиб турибди. Кучайиш эса жамоага фақат ва фақат фойда келтиради.

— ЖЧ финалида ким ғолиб чиқади деб ўйлайсиз?
— Мен мухлислик қилган терма жамоа аллақачон мусобақани тарк этди. Фикримча, Испания чемпион бўлса керак. Уларда жамоавий ўйин жуда яхши шаклланган. Аргентина эса ўзига хос характер намойиш этмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жуда қизиқарли финал гувоҳига айланамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia