Рўзиқул Бердиев: "Молиявий муаммоларни матбуот билан муҳокама қилмайман, раҳбариятимизга ишонаман. "Навбаҳор" билан таркибимизни таққослаб бўлмайди"

Абдулвосит Бектемиров
5 май 2026, 01:19
Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган "Насаф" – "Навбаҳор" ўйинидан сўнг (0:0) қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Майдонда жанг бўлди. Икки жамоа ҳам сифатли ўйин намойиш этишга интилди. Стадионга келган мухлисларни гол билан хурсанд қила олмадик, аммо жамоалар етарлича вазиятлар яратишди. Беш нафар асосий таркиб футболчимиз йўқ эди. Рақиб ҳам анча жиддий эди. Шу сабабли бизда хавотир бор эди. "Навбаҳор" жамоаси кўп ротация қиладиган жамоалардан бири. Захира ўриндиғи ҳам жуда кучли. Шунинг учун иккинчи бўлим сўнгида кўпроқ ҳимояланишга эътибор қаратдик. Ёш йигитлар майдонга чиқишди. Улардан фаол ўйин кутиб қоламиз. Дуранг адолатли натижа бўлди", - дея гап бошлади Рўзиқул Бердиев.

- Мухлислар ҳар бир ўйинга ташриф буюрмоқда ва жамоани ёлғизлатиб қўймаяпти...

- Ўз уйимизда ўйнашни соғиндик. Кейинги учрашувларни Қаршида ўтказамиз деган умиддаман. Ҳар бир учрашувни сафарда ўтказяпмиз, мухлисларимиз эса ҳар доим биз билан бирга. Уларни кўпроқ ғалабалар билан хурсанд қилишимиз керак.

- Иккинчи бўлимдаги "Насаф"дан қанчалик кўнглингиз тўлди? "Насаф" биринчи бўлимдагидек ўйнашда давом этганида ғалаба қозониб кетиши мумкинмиди?

- Ўз ҳолатимиздан келиб чиқиб шундай қарор қилдик. Захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтира оладиган футболчиларимиз йўқ эди. Шунинг учун ташаббусни рақибга бериб қўйдик. Лекин қарши ҳужумларимиз хавфли тус олди. Улардан тўғри фойдаланганимизда режамиз амалга ошарди.

- Апрель ойи бошида бошланган зич тақвимли босқич ортда қолди. Ушбу давр мобайнида "Насаф" бир маротаба ғалаба қозониб, тўртта ўйинда дуранг ва иккита баҳсда мағлуб бўлди. Жамоангиз ушбу давр мобайнида неча очко тўплашни режа қилган эди?

- Режамизга қарасак, 7-8 очко йўқотдик. Кучли жамоалар билан ҳам ўйнадик, аммо "Локомотив" ва "Сурхон" жамоаларига қарши ўз даражамиздан паст ўйин намойиш этдик. Баъзи бир ўйинларни етакчиларга қарши ўтказдик. Ҳозирги таркибимиз билан эса "гранд"ларга қарши ўйнаш бироз қийинчилик туғдирмоқда.

- Кўплаб жамоаларнинг бош мураббийлари клублардаги молиявий муаммолар ҳақида гапириб ўтишмоқда. "Насаф"даги ҳозирги ҳолат қандай? Ҳокимият 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратишни ваъда берди деган гап-сўзлар қанчалик рост?

- Бу ҳақда эшитмадим. Сизларда ҳам бу ҳақда маълумот бор. Қарздорликларимиз бор, аммо раҳбариятга ишонамиз. Бу масалани матбуот билан муҳокама қилмоқчи эмасман. Раҳбарият билан бу ҳақда келишиб оламиз.

- Молиявий ҳолат номаълум бўлиб турганида футболчиларни ўйинга тайёрлаш қанчалик қийин кечмоқда? Барибир молиявий муаммога ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Жамоани руҳлантириш қийин бўлмаяптими? Айниқса "Пахтакор" ёки "Навбаҳор" каби кучли жамоаларга қарши ўйинларда...

- Ҳозирги таркибимизни "Навбаҳор" таркиби билан таққослаб бўлмайди. Бизда ёшлар кўп. Асосий вазифамиз ёшларнинг тажрибасини орттириш. Биласиз, мавсумни яхши бошладик, аммо ўртада Давронов жароҳат олди. Кейин эса кераксиз қизил карточкалар. Буларнинг барчаси натижамизга таъсир ўтказди. Ўйинимиз ҳимояга асосланган, агар тўлиқ асосий таркиб билан ўйнаб турганимизда ҳолатимиз яхшироқ бўлар эди.

- Ҳимояга асосланган ўйин намойиш этамиз деяпсиз. Умар Эшмуродов катта эҳтимол билан МТЖга йўл олади. Кубок баҳсларига ҳимоя чизиғи янада заифлашиб қолмайдими?

- Олдиндаги танаффус бизга ёрдам беради деган умиддамиз. Йигитларга дам бердик. Жароҳатларни ҳам даволаб оламиз.

бердиев 2.jpg


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: