

Рўзиқул Бердиев: “Пахтакор”ни яхши биламиз, улар тўп билан яхши ҳаракат қилишади. Шу сабабли рақибга босим ўтказиб, тўп назоратига имкон бермаслик бўйича кўрсатмалар берган эдим. Сафарда “Пахтакор” билан дуранг - ёмон натижа эмас деб ўйлайман. Келаси баҳсларда яна марказий ҳимоячиларсиз қоламиз. Бугунги учрашувда 1 очкога ҳақли эдик деб ўйлайман.
- “Насаф” “Нефтчи” билан ҳам яхши ўйнаган эди. Қаршиликлар бугун ҳам ёмон ҳаракат қилишмади ва вазиятлардан унумли фойдаланишди. Ўйинларни солиштирсак, “Нефтчи” имконият бермаганмиди ёки “Пахтакор” кучли ўйнамадими?
- Бугун “Пахтакор”га эркин ҳаракат қилишга имкон бермадик. Биринчи бўлимда Алижоновнинг голини ҳисобга олмасак, рақибда вазият бўлмади. Ҳимоячилар билан муаммолар бошланганидан сўнг очколар йўқота бошладик. Умар (Эшмуродов)нинг қайтиши жамоамизга куч берди. Ҳимояда аввалги баҳсларга нисбатан яхшироқ ҳаракат қилдик.
- Аввалги мавсумларда натижа учун машҳур ва тажрибали футболчилардан фойдаланилди. Бу мавсум эса кўпроқ ёшлар ишга солинмоқда. Улар қанчалик тайёр?
- Жамоамизнинг бу йилги асосий мақсадларидан бири айнан шу - ёшларнинг тажрибасини орттириш ва уларга кўпроқ имконият бериш ҳамда терма жамоага футболчи етиштириб бериш. Ҳозир ҳам терма жамоада кўплаб “Насаф” тарбияланувчилари тўп тепмоқда.
- Бугун ҳимояда яхшироқ ўйнадик деяпсиз, аммо ўтган баҳсда 3 та гол ўтказдингиз, бугун эса 2 та…
- Албатта ҳар доим иложи борича гол ўтказмасликка ҳаракат қиламиз. Умарнинг қайтиши ҳам бизга катта ёрдам берди. Алибек Давронов бўлганида Ғолиб (Ғайбуллаев) билан уччаласи ҳимояни бемалол эплашар эди. Агар бугун Умар бўлмаганида “Пахтакор” бизга кўпроқ гол уриши мумкин эди. "Шерлар” билан етарлича тажрибага эгамиз ва бир киши кам бўлиб ҳам ўзимизга керакли натижаларга эришганмиз. Бугун ҳам омадимиз келди.
- “Насаф” пенальтигача босим қилмади, гол ўтказиб юборгач эса яхшироқ ўйнади. Жамоа нега бу ишни пенальтигача амалга оширмади?
- Бу сафарги охиридаги босимимиз таваккал эди. Пенальти ва қизил карточкадан кейин бошқа йўлимиз ҳам йўқ эди. Таваккалимиз фойда берди.
- Тактика бўйича маҳоратли мураббийлардансиз. Кутилмаганда чап қанотда ўзгаришлар қилдингиз. Бу қарорингиз сабаби Алижонов кўпинча ҳужумга ўтганими?
- Тўғри пайқабсиз. Шундай ўзгаришлар қилиб туришимизни биласиз. Бобирни ўнгга, Шарофни чапга қўйдик. Кейин Муҳитдиновнинг чарчоғини кўриб, ўрнига Муртазаевни туширдик. Зафармурод Алижоновни персонал ёпиши керак эди. Бор таркибга қараб тактика тузишимизга тўғри келяпти. Тўғри, натижалар жуда зўр эмас, аммо йигитлар ўсишда давом этмоқда.
- Ҳакамларга боғлиқ вазиятлар сизни асабийлаштиряптими?
- Нафақат бу хатолар, жамоа бошқа сабаблар туфайли ҳам ҳиссиётларини бошқара олмаяпти. Ҳатто ўзимда ҳам шундай бўляпти. Бунинг устида ишлаяпмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам йигитлар ўзини бошқара олиши керак.



