

Овоз бериш жараёнида Championat.asia ходимлари, Transfermarkt рус тили таҳририяти бош муҳаррири Георгий Лекарев ҳамда таклиф этилган эксперт — Ўзбекистон миллий терма жамоаси, Москванинг “Спартак” ва бошқа жамоаларнинг собиқ ҳужумчиси Жаъфар Ирисметов иштирок этди.
Сентябрь ойида Суперлиганинг энг яхши мураббийи деб Рўзиқул Бердиев топилди. Унинг бошчилигида “Насаф” барча учта учрашувда ғалаба қозонди, жумладан, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони — “Нефтчи”ни ҳам мағлуб этди (6:2). Бердиев 61% овоз тўплади, унинг энг яқин таъқибчиси — “Пахтакор” бош мураббийи Камолиддин Тожиев эса атиги 17% овоз олди.
Энг яхши футболчи номинациясида ҳам “Насаф” вакили — Шароф Муҳитдинов ғолиб бўлди. 29 ёшли ярим ҳимоячи самарадорлик борасида фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмоқда: унинг ҳисобида 26 та ўйинда 9 та гол ва 7 та голли узатма мавжуд. Сентябрдаги учта учрашувда у “гол+пас” тизими бўйича “2+4” натижа кўрсатди. Муҳитдинов худди Бердиев каби катта фарқ билан ғалаба қозонди: у 61% овоз олди, энг яқин таъқибчилари Башар Ресан (“Пахтакор”) ва Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) эса 13 фоиздан овоз тўплашди.




