

— Рўзиқул ака, ғалаба билан табриклаймиз. Дастлаб ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз...
— Ассалому алайкум. Ўйиндан олдин бизда хавотир бор эди. Чунки йўқотишлар кўп эди, узоқ масофада ўйнаб келдик, йўл юриб келдик. Шунга қарамасдан, йигитлар майдонда жуда катта меҳнат қилишди, ўйинда эътиборли бўлишди. Диққатат йўқолмади ва ҳимояда жуда яхши ҳаракат қилдик. Бунинг эвазига, ўйлайманки, бугун ғалабага эришдик. Бу биз учун жуда керакли ғалаба эди. Шу боис йигитларга катта раҳмат айтаман ва барча "Насаф" ишқибозларини бугунги ғалаба билан табриклайман.
— Бунёдкор билан ўйинда 3 та марказий ҳимоячи ва Умар Эшмуродов пойдеворда ўйнаган эди. Бугун эса у марказга чиқарилди. Бунинг сабаби нимада?
— Биз схемамизда ўзгаришлар қилиб турамиз. Баъзи ўйинларда учта, баъзиларида эса тўртта ҳимоячи билан ўйнаймиз. Бугунги ўйинда ўртада йўқотишлар борлиги учун — икки Раҳматовларнинг жароҳати борлиги, Сардор Баҳромовнинг йўқлиги сабабли... Ўртани кучайтириш ва ҳимояга яхши эътибор бериш учун Умарда бу позицияда тажриба борлигини ҳисобга олиб, уни ва Ойбекни таянч ярим ҳимоячиси сифатида қўйдик. Улар вазифани яхши бажаришди деб ўйлайман. Таркибимиздан келиб чиққан ҳолда шундай қарорга келдик. Шарофнинг ҳам ўйиндан олдин бетоб бўлиб қолиши режамизга сал таъсир қилди.
— Бугунги учрашувда захирадан тушган ёш футболчиларнинг ўйинига муносабатингиз қандай?
— Биз бу йил ёшларга кўп эътибор қилдик. Ўзларингиз кўряпсизлар, бештаси Олимпия терма жамоасида. Ҳозир яна бошқаларини жалб қиляпмиз. Улар секин-аста биз билан машғулотларда бўлиб, шундай ўйинларни кўриб тажрибасини ошириб борса, бизга мақбул бўлади.
— Бугун йирик ҳисобдаги ғалаба кутилганмиди? Чунки "Насаф" 4 йилдан бери Андижонда ғалаба қозона олмаётган эди.
— Тўғриси, бу ҳисобда ютишни ўйламаган эдик. Чунки хавотир бор эди: узоқ масофадан кейин қийин ўйин ўтказиб келганимиз, ўйинчилар йўқотиши ҳамда "Андижон"нинг ўз уйида кескин ўйин кўрсатиши ва тажрибали футболчилари борлиги сабаб. Шунга қарамай, бугун жамоам жуда тартибли ва ақлли ҳаракат қилди. Бу ғалабага муносиб бўлдик деб ўйлайман.
— Учинчи голда дарвозабон Неъматов пеналтини амалга оширди. Бу ўйиндан олдинги кўрсатмами ёки вазият шуни талаб қилдими?
— Бизда Шароф пеналтиларни амалга оширарди. Ўзи бу йил жуда кам пеналти тепдик. Лекин Абдувоҳиднинг тажрибаси бор, жарима тўпларини ҳам амалга оширган, шунинг учун ишониб унга топширдик ва у ажойиб бажарди.



