Рашид Ғофуров: "Пенальти белгиланиши керак бўлган вазиятни 100% ўз кўзим билан кўрдим, лекин ҳакамнинг қарорини муҳокама қила олмаймиз"

Оқил Абдубарноев
10 авг 2026, 23:13
"Яйпан" бош мураббийи Рашид Ғофуров Пролига 14-туридан ўрин олган "Металлург"га қарши ўйиндан кейин (1:1) матбуот анжмунанида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида фикрингиз.

– Бугунги ўйинга келадиган бўлсак, жуда ҳам томошабоп ва чиройли баҳс бўлди. Майдонга келган барча мухлислар ўйиндан жуда хурсанд бўлишди. Бироқ натижадан қониқиш ҳосил қилишмагани аниқ, чунки улар ўз жамоасининг ғалаба қозонишини хоҳлашган эди. Биз учун ҳам ғалаба жуда муҳим эди, анчадан буён зафар қучганимиз йўқ. Йигитларга раҳмат, олдиларига қўйилган вазифани бажариб, тенгма-тенг ўйнашди. Ҳатто ғалаба қозонсак ҳам бўларди. Тўғрисини айтиш керак, бугун рақиб жарима майдончаси атрофида кўплаб хавфли вазиятларни яратдик. Сўнгги пайтларда гол урадиган шундай вазиятлар кўп бўлмоқда. Ўйинни кўпроқ назорат қилишга ҳаракат қиляпмиз, лекин сўнгги зарба, яъни ҳужум якуни етишмаяпти.

– Бугун меҳмонда кучли рақиб "Металлург"дан бир очко олдинглар. Бу бир очко жамоани қониқтирадими ёки ғалаба учун майдонга тушганмидингиз?

– Аслида, бугунги ўйиннинг ҳолатидан келиб чиқиб айтсам, дурангга қониқмадим. Сабаби, ғалаба қозониб кетсак ҳам бўларди. Агар биз иккинчи бўлимни ўз майдонимизда ҳимояланиб ўтказиб, тўлиқ тазйиқ остида қолганимизда ва бекободлик мухлислар қаршисида рақиб ўйинни назорат қилганида, бу бир очкони ғалабага тенг деб ҳисоблаган бўлардик. Лекин ўзингиз кўрдингиз, ғалаба қозонса бўладиган ўйин намойиш этдик. Қулай вазиятлар яратилди, шундан келиб чиқиб айтаманки, биз икки очко йўқотдик. Рақиб яхши жамоа, бироқ ушбу ҳолатдан келиб чиққанда, ютиб кетсак ҳам бўларди.

– Жамоангиз, айниқса, иккинчи бўлимда анча фаол ҳаракат қилди. Бу ҳолат рақибга берилган қизил карточка билан қанчалик боғлиқ деб ўйлайсиз ва айнан ўша вазиятга муносабатингиз қандай? Бу ерда тўп ҳимоячининг қўлига тегди, лекин ушбу вазият учун кўрсатилган қизил карточка қанчалик адолатли бўлди?

– Қизил карточка вазиятига келсак, унинг қанчалик тўғри ёки нотўғри берилганини ҳакамнинг ўзи ҳал қилади. Бунинг менга умуман аҳамияти йўқ. Сабаби, рақиб бир киши кам бўлиб қолдими ёки тенгма-тенг ўйнаяпмизми, бундан қатъи назар, биз меъёрда ҳаракат қилаётган эдик. Албатта, рақиб бир ўйинчи йўқотганидан сўнг, бизда руҳий кўтарилиш юз берди, уларда эса, аксинча, пасайиш кузатилди. Бир ўйинчининг камлиги уларга руҳий жиҳатдан таъсир кўрсатди. Қизил карточкани билмадим-у, лекин ўн бир метрлик жарима тўпи белгиланиши керак бўлган вазиятни юз фоиз ўз кўзим билан кўрдим. Майли, бу ҳакамнинг иши. Биз уни муҳокама қила олмаймиз.

– Бугун ўтказиб юборилган голда, бундан олдинги турларда ўзини яхши кўрсатган ва Championat.asia талқинга кўра ўтган турнинг энг яхши посбони деб топилган дарвозабонингизнинг айби бор, деб ўйлайсизми? Яқин бурчакдан ўтказиб юборилган бу голга қандай изоҳ берасиз?

– Албатта, дарвозабоннинг айби бор. Сабаби, тўп унинг қўли остидан ўтиб кетди. Тўғри, уни ҳам озгина тушуниш керак: майдонга сув сепилгани учун чим сирпанчиқ бўлиб қолган, шу сабабли тўпни ушлаб қолишга қийналди. Бироқ буни мен айтмаган тақдиримда ҳам, ўтказиб юборилган голда дарвозабоннинг хатоси борлиги кўриниб турибди. Ҳар қандай мутахассисдан сўрасангиз ҳам, яқин бурчакдан ва қўл остидан тўп ўтказиб юбориш – бу хато. Начора, шундай бўлиши керак экан, майли.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia