

- Ўйин ҳақида
- Авваламбор, рақиб жамоани ғалаба билан табриклаймиз. Кеча уларнинг Россияга қарши ўйинини кўриб, маълум бир хулоса қилгандик. Бизга қандайдир характер етишмаяпти. 1:0 ютиб туриб, ютқазиб қўйиш ҳолатлари ҳамма жамоада учраб туради, лекин бунчалик кўп шунақа бўлиши нормал ҳолат эмас. Гўёки болалар тренажёр залидан ўйинга тушаётганга ўхшаяпти.
Ҳозиргача бунчалик ёмон ўйин ўтказмагандик. Бундан тўғри хулоса чиқариб, гаплашиб оламиз.
- Бу масала бўйича ечим борми ёки жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийга саволлар бордир?
- Йўқ, олдин бундай ҳолат кузатилмаган. Гўёки эрталаб тренажёр залига чиққандек ўйнашмоқда. Ўйиндан олдинги машғулотда ҳамма тетик эди. Бундай ҳолат ҳеч қачон рўй бермаган. Футболчиларимиз 3 кун ухламагандек ўйнашди. Сабабларини албатта ўрганиб чиқамиз.
- Натижа майдон сифатига боғлиқ эмасми?
- Йўқ, майдон сифатига боғлиқ эмас. Чунки йигитларимиз "Қўқон-1912" билан ўртоқлик ўйинида бундан ҳам ёмон ҳолатдаги майдонда ўйнаган.
Суперлига жамоаси билан чиройли ўйин кўрсатгандик. Шу боис хотиржам эдим.
- Жамоа бош мураббийи ўзгаради, деган миш-мишлар чиқа бошлади. Бу хабарларга нима дея оласиз?
- Биздами? Буни раҳбарият ҳал қилади. Бу янгиликни кутилмаган ҳолат деб бўлмайди, чунки мураббийлик фаолиятининг ўзи шунақа. Ҳар доим ҳар нарсага тайёр туриш керак. Исталган вақт алмаштиришлари мумкин. Агар муносиб номзод бўлса, бемалол жойни бўшатишга тайёрмиз.



