

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Асрор Алиқулов (“Шўртан”)
Бу турда Асрор Алиқулов бошчилигидаги “Шўртан” меҳмонда “ҚМУ Жайхун”ни 2:1 ҳисобида таслим қилди. Championat.asia сайти айнан Алиқуловни тур мураббийи сифатида эътироф этди.

Тур футболчиси — Нодирбек Мукаров (“Лочин”)
“Лочин” футболчиси Нодирбек Мукаров “БухДу”га қарши баҳсда (4:0) захирадан ўйинга қўшилиб, 2 та голга ассистентлик қилди. Шунингдек, учрашувдаги автогол унинг зарбасидан сўнг тўп рақиб футболчисига тегиб, дарвозадан жой олган. Championat.asia сайти захирадан баҳсга қўшилган Мукаровни турнинг энг яхшиси деб эътироф этди.

Тур дарвозабони — Озодбек Маърупов (“Яйпан”)
“Яйпан” ортда қолган турда “Республика ФА”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалаба замирида мезбонлар посбони Озодбек Маърупов меҳнати ҳам ётибди. У баҳс мобайнида бир қатор сэйвлар намойиш этиб, кўпчиликнинг эътиборини тортди ва ҳақли равишда тур дарвозабони сифатида қайд қилинди.

Тур голи — Муҳаммадюсуф Мирқодиров (“Ғазалкент”)
“Ғазалкент” бу турда “Пахтакор фарм”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ғазалкентликларнинг биринчи голини Муҳаммадюсуф Мирқодиров урди. Қанотдан узатилган тўпни Мирқодиров тўхтатмасдан дарвозага йўллади. Тўп аввал ерга тегиб, кейин юқорига учди ва икки футболчи устидан ўтиб, дарвозадан жой олди.



