

— Бугунги ғалаба ва ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Ютдик, уч очкони қўлга киритдик. Рақиб жамоасида яхши йигитлар йиғилган экан. Бироқ биз ҳимояда ишончли ўйнадик ва уларга хавфли вазият яратишга деярли имкон бермадик. Бошқа масала шундаки, ўзимиз ҳам кўплаб имкониятлардан фойдалана олмадик. Ўйлашимча, биринчи бўлимдаёқ ўша 100 фоизлик имкониятларимизни голга айлантирганимизда, ўйин охирроғида хотиржамроқ ҳаракат қилган бўлардик. Лекин барибир якунда ғалаба қозондик. Балки томошабоплик нуқтаи назаридан ҳали энг яхши ўйинимизни кўрсата олмагандандирмиз, аммо ҳозирча натижа ҳар нарсадан устун.
— “Каттақўрғон”нинг ўйин бошидан, яъни илк дақиқалардан кучли прессинг қилиши йигитларда чарчоқни юзага чиқардими, чунки кейинчалик "Пахтакор ФЖ" кўпроқ тўп назоратига эга бўлди. Бу борада нима дея оласиз?
— Ҳа, улар тўп билан кўпроқ бўлишди, лекин ҳеч қандай хавфли вазият ярата олишмади.
— Жамоага яна янги, ёш футболчиларни таклиф қилиш режангиз борми?
— Ҳозирча билмайман. Биз мавсумда, чемпионатда ўйнаш билан бандмиз. Агар яхши футболчилар пайдо бўлса, албатта мамнуният билан жамоага қабул қиламиз.



