Бомбардимон қилинган уйдан мундиалга қадар йўл: отаси ва акаси ўлдирилган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз

Оқил Абдубарноев
5 авг 2026, 00:30
"Пахтакор" билан шартнома имзолаган ироқлик Айман Ҳуссайн таъсирли ҳикояси билан танишамиз.

Музли сувда йигирма дақиқа

2026 йил 31 март. Монтеррейда тун. Майдонда шиддатли кураш – Ироқ терма жамоаси Боливия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонмоқда. Бу натижа – бутун бир халқнинг қирқ йил давомида дилига жо қилган орзулари рўёбга чиқаётган тарихий лаҳза эди.

Бироқ бу буюк зафарнинг бош меъмори ўйин якунини майдонда кутиб олмади. У 53-дақиқада миллатга беқиёс қувонч улашган ҳал қилувчи голни урди-ю... учрашувнинг энг ҳаяжонли, сўнгги сонияларини стадионнинг совуқ ва сукунатга чўмган кийиниш хонасида, мутлақо ёлғиз ҳолда ўтказишга мажбур бўлди.

"Алмаштирилганимдан сўнг майдондаги қолган дақиқаларни томоша қилишга юрагим бардош бермади. Руҳий босим шу қадар кучли эдики, кийиниш хонасига кириб олдим ва ўйин тугаб, мундиал йўлланмасини қўлга киритгунимизга қадар 20 дақиқадан ортиқ вақтни муздай сувли ваннада, юрагимни ҳовучлаб ўтказдим".

Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалиниши билан Ироқ Жаҳон чемпионатининг сўнгги – 48-йўлланмасини тарихий тарзда қўлга киритди. Ушбу гол бутун сайёра бўйлаб икки ярим йил давом этган саралаш босқичининг 2527-чи, яъни энг охирги ва ҳал қилувчи голи сифатида зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди. Лаҳзалар ичида Бағдод кўчалари тонг ҳам отмасдан одамлар билан тўлиб-тошди: бутун мамлакатни зафар сурури чирмаб олди, расмий байрам эълон қилинди, Қаҳрамон жамоани эса Бош вазирнинг шахсан ўзи тантанали равишда кутиб олди.

"Халқимиз қанчадан-қанча оғир синовларни, машаққатларни бошдан кечирмасин, қалбимиздаги ҳаётга ва она Ватанимизга бўлган чексиз муҳаббат асло сўнмади ва сўнмайди".


Лойсувоқ кулба

Айман Ҳусайн Ғадбон ал-Мафражий 1996 йилда Киркук вилоятининг сукунатга чўмган Ҳувайжа туманига қарашли Ас-Сафра қишлоғида дунёга келди. Оиланинг бор тирикчилиги содда ва ҳалол деҳқончилик ҳамда чорвачилик орқасидан эди. Аммо у туғилган тупроқлар тинчлик низомини тезда йўқотди – Ҳувайжа 2003 йилдан сўнг нефть қувурлари мунтазам портлайдиган, миналаштирилган автомобиллар ва йўл четидаги портлагичлар одамларнинг машъум кундалик ҳамроҳига айланган хавфли маконга айланди. Кейинроқ бу ҳудуд ИШИД чангалига тушиб, 2014–2017 йилларда халқаро коалициянинг аёвсиз ҳаво зарбалари остида қолди.

Ироқда даҳшатли уруш аланга олганида, Айман бор-йўғи мурғак етти ёшли болакай эди.

"Ушбу хонадон – болалигимнинг энг беғубор ва азиз гўшаси. Гарчи кейинчалик у ердан кўчиб кетган бўлсак-да, қадамларим ҳануз тез-тез ўша томон ошиқади. У ерда мен учун жуда кўп қадрли ва ёрқин хотиралар, айниқса, раҳматли отамнинг ўчмас сиймоси яшайди. Биз – қишлоқ болалари, имкониятлар ва футбол клублари етишмовчилигидан жуда кўп қийналганмиз, аммо футболчи бўлиш ҳақидаги энг эзгу орзуим айнан шу тупроқда, шу уйда туғилган".

Олис вилоятдан чиқиб, профессионал футболчи бўлиш мардонвор машаққат эди – футболчи буни биргина мазмундор жумла билан шундай изоҳлайди:

"Чекка вилоятлардан катта клублар сафига ёриб кириш Бағдод ёки Басрага қараганда чандон қийинроқ. Мен Ал-Ҳавижада эдим ва юрагимда улкан, уммондек орзулар жўш урарди".


Ота

Отаси Ироқ армиясининг матонатли офицери эди. "Ал-Қоида" жангарилари унга қайта-қайта таҳдид қилиб, ҳарбий хизматни тарк этишни талаб қилди. Аммо у ор-номуси ва қасамёдига содиқ қолиб, бу шартни қатъий рад этди. 2008 йилда эса ёвуз кучлар уни шафқатсизларча отиб ўлдиришди.

Ўшанда мурғак Айман бор-жоғи ўн икки ёшда эди.

Ироқнинг "Самарра" телеканалига берган интервьюсида у қалбини тилиб юборган ўша мудҳиш кунни шундай изтироб билан эслайди: оиласи отасига уйга зарур буюмларни олиб келишини айтиш учун қўнғироқ қилган, аммо гўшакни бегона одам кўтарган. Мусибат хабарини эшитган Айман аввалига бунга асло ишонгиси келмаган ва йиғлаб, акасига "бу ёлғон, отам ўлмаган!" деган. Кейинроқ онаси гўшакни олиб гаплашгачгина, совуқ ва шафқатсиз ҳақиқат хонадонни оғушига олган.

"Отам янги қурилаётган уйимиз учун керакли материалларни сотиб олишга кетган эди. Орадан бир неча соат ўтгач, даҳшатли хабар билан қўнғироқ қилишди – отамни отиб ўлдиришганини ва унинг жасади касалхонада эканини айтишди. Унинг юрагига бешафқатларча ўқ узишганди. Афсуски, отам менинг футбол майдонида ҳақиқий юлдузга айланганимни кўра олмади…"


Она

Ота ўлимидан кейин ўн икки яшар бола футболни ташлашга қарор қилди. Оилани боқиш керак эди. Онаси рухсат бермади.

"Оилага ёрдамлашишим учун футболни ташламоқчи бўлдим, лекин онам рози бўлмади."

Онаси унга шундай деган:

"Бу сенинг орзунг. Мен буни биламан…"

У футболчи бўлишида энг катта мотивация шу бўлгани ҳақида кейинги интервьюларида ҳам такрор-такрор гапиради:

"Онам орзуимга эришишим ва оиламизни боқишим учун футболдаги йўлимни давом эттиришимга туртки берди".

Бугун Киркукда унинг ресторани бор. Номи онаси атаган:

"Ҳа, онамни яхши кўрганим учун унинг шарафига номланган рестораним бор."

Ҳувайжага борганида уни энг кўп нима хурсанд қилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоби ўзгармайди:

"Айниқса, мени доимо қўллаб-қувватлайдиган ва ўзига хос қувонч билан қарши оладиган онамнинг хурсандчилиги мен учун жуда қадрли".


Ака

Ота ўлимидан кейин оиланинг бутун масъулияти ва оғир юки катта аканинг зиммасига тушди. У ҳам отаси каби Ироқ армиясида хизмат қиларди.

2014 йил – Айманнинг катталар футболида эндигина бўй кўрсатиб, ном чиқара бошлаган умидли пайтлари эди. Аммо айнан ўша йили ИШИД гуруҳи ҳудудга бостириб кирди ва оилани яна бир бор доғда қолдирди.

"2014 йилда 'ИШИД' кириб келгач, катта акамни ўғирлаб кетишди ва у ҳақда шу кунгача ҳеч нарса билмаймиз. Бу жуда оғир даврлар эди, уйимизни ташлаб чиқишга мажбур бўлдик".

Акаси ўғирлаб кетилганидан бир неча дақиқа ўтиб, уларнинг жигарбанд хонадони шафқатсизларча бомбардимон қилинди ва кули кўкка совурилиб, бутунлай вайрон бўлди. Оила ўз туғилиб ўсган юртида сарсон-саргардон қочқинга айланиб, Киркук шаҳар марказидан паноҳ излади.

Орадан ўн икки йил ўтиб, Монтеррейдаги ўша тарихий ва ҳаёт-мамот голидан сўнг, у кўзида ёш билан камерага қараб, дунёдаги энг қадрли икки инсонига юрак сўзларини йўллади:

"Отамга: "Сиз ҳақиқий эркакни тарбияладингиз. Бирга ўтказган вақтимиз қисқа бўлди, лекин мени тўғри йўлга солдингиз", – деган бўлардим. Акамга эса шундай юзланардим: "Укангизнинг миллий терма жамоа либосида ўйнаётганини кўришингизни жуда истардим…"


Стадиондан меҳмонхонагача югурган йигит

Унинг йўли тартибли режа асосида эмасди. Ёшлар жамоалари, тизимли ривожланиш – буларнинг ҳеч бири бўлмаган.

"Мен ҳеч қачон ёшлар тоифасида ўйнамаганман, балки тўғридан-тўғри ҳаваскорлар жамоасидан асосий жамоага ўтганман".

Киркукда олий лигада иштирок этадиган клуб йўқ эди. Шунинг учун у ноодатий йўлдан юрди: вилоят лигасидаги "Ал-Алам", кейин "Туз", сўнг Курдистон лигасининг иккинчи дивизионидаги "Ғаз аш-Шамал" – асосан кучли курд клубларининг захира ўйинчиларидан ташкил топган дивизионни танлади.

"Бошланиши жуда қийин кечган. Бир нечта клубларда кўрикдан ўтдим, лекин қабул қилишмади. Кейин 'Газ ас-Шамал' клубида ўйнадим ва ундан сўнг 'Доҳук' жамоасига ўтдим".

"Доҳук" унинг Ироқ Премьер-лигасига биринчи профессионал жамоаси эди. Клубнинг ёрдамчи мураббийи, Ироқ терма жамоасининг собиқ сардори Холид Муҳаммад Саббор уни ўзи таклиф қилди. Шартномага кўра, футболчи 18 миллион ироқ динори (тахминан 14 минг доллар) ва ойига 1,2 миллион динор (тахминан 920 доллар) маош олган.

Ўша кун ҳақидаги хотираси интервьюларда энг ёрқин лавҳа:

"'Доҳук' билан шартнома имзолаган кунимдаги қувончим ҳеч эсимдан чиқмайди, хурсандчиликдан стадиондан меҳмонхонагача югуриб борганман."

Пул унинг учун иккинчи даражали эди:

"Ростини айтсам, текинга ўйнашга ҳам тайёр эдим".

Аммо "Доҳук"да маошлар ойлаб тўланмади. Курдистон минтақасидаги молиявий инқироз клубни ер билан яксон қилди ва Айман 2014 йил охирида жамоадан кетган олти футболчидан бири бўлди. У Бағдодга йўл олди.


Кулгига қолган йиллар

У берган ваъдасининг устидан чиқди. Тахминан 2016–2017 йиллар… Эндигина йигирма ёшни қаршилаган Айман телевизион интервьюда ишонч билан: "Мақсадим – Ироқни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш", деди. "Буни уддалай оласизми?" деган саволга эса қалбидаги умид билан "Иншааллоҳ" деб жавоб қайтарди.

Ўшанда унинг бу сўзларини эшитиб, кўпчилик устидан кулганди.

Чунки шафқатсиз рақамлар унга қарши сўзларди: дастлабки 30 та халқаро ўйинида у атиги 2 бор рақиб дарвозасини ишғол қила олганди, холос.

2018 йилда Туниснинг "Сфаксиен" клуби унга йилига 450 минг долларлик уч йиллик жозибадор шартнома таклиф этди. Аммо ҳужжатлардаги аламли хато сабаб у мавсумнинг биринчи ярмида майдонга тушиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Шартнома бекор қилинди, компенсация тўланмади. Айман адолат сўраб FIFAга мурожаат қилди ва узоқ давом этган суд жараёнида ҳақлигини исботлаб, 50 минг доллар ундириб олди.

2021 йилнинг 30 ноябри… Араб кубоги доирасидаги Ўмонга қарши ўйин Айман учун навбатдаги оғир синовга айланди. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида 0:1 ҳисобида ютқазаётган Ироқ пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Айманнинг зарбасини дарвозабон қайтарди. Бахтига, ҳакам дарвозабон чизиқдан олдинга чиқиб кетгани сабабли зарбани қайтаришга қарор қилди. Айнан шу сонияларда бош мураббий Желько Петрович чидай олмай, бевосита майдонга югуриб кирди ва тўпни бошқа футболчига топширишни талаб қилди. Гол урилди, Ироқ мағлубиятдан қутулиб қолди. Аммо мураббийнинг ёш ҳужумчига нисбатан бундай шафқатсиз муносабати акс этган кадрлар бутун дунё телеканалларида қайта-қайта намойиш этилди.

2023 йил Марокашнинг "Ража"сида ҳам унинг иши юришмади: Ироқ ва Марокаш ўртасидаги дипломатик кескинлик туфайли у оиласини олиб кела олмади, беш ўйинда гол ура олмади ва шартномани бекор қилишни сўради. Ўша мавсум "Ража" усиз чемпион бўлди.

"Буни вақтинчилик бир давр деб билдим ва ундан ўтиб олдим. Ҳозир одамларнинг меҳри энг муҳимидир".


"Абу Табар"

Ироқ мухлислари унга берган лақаб бегона қулоққа даҳшатли эшитилади.

"Абу Табар" (арабчадан таржима қилганда "Болта кўтарган одам" ёки "Болтанинг отаси") – 1970-йиллар бошида Бағдодни ваҳимага солган, ўз қурбонларига балта билан ҳужум қилган машъум қотилнинг лақаби эди. Бу – Ироқ жамоатчилиги хотирасидаги энг қора, энг ваҳимали номлардан бири бўлиб қолган.

Аммо Айманга бу ном тамомила бошқача – рақиб дарвозасига аниқ ва аёвсиз йўл топгани, ҳатто яримта имкониятни ҳам ишончли голга айлантира олгани учун қаҳрамонона, ижобий маънода берилди. Кейинроқ ҳужумчининг ўзи ҳам ҳар сафар гол урганида "балта солиш" ҳаракатини хотиржам такрорлай бошлади – шу тариқа у бир пайтлар одамларнинг юрагига ваҳима солган қўрқинчли лақабни ўзининг ёрқин брендига айлантирди. Инглиз матбуотида буни "The Hatchet Man" деб таржима қилишади; ироқликлар эса уни меҳр ва ифтихор билан шундай атайдилар.

Қизиғи шундаки, Ироқ футболининг аввалги буюк ҳужумчиси Юнус Маҳмуд ҳам айнан Ҳувайжадан эди. 2015 йилдан бери мухлислару мутахассислар Айманга унинг муносиб вориси сифатида қараб келишади. Аммо ушбу таққослашга Аймановнинг ўзи ҳамиша эҳтиёткорлик ва камтарлик билан жавоб қайтаради:

"Баъзилар шундай дейишади. Биз илк бор Миллий терма жамоа йиғинида учрашганмиз. У улкан тажриба ва бой тарихга эга буюк футболчи сифатида менга жуда қимматли маслаҳатлар берган. Умид қиламанки, мен ҳам Ироқ футболи учун у қилган буюк хизматларни такрорлай оламан".


Қувонч ва ўқ

2023 йилнинг январи… Ироқ замини узоқ кутилган зафар қучди – мамлакат мезбон сифатида Форс кўрфази кубогини боши устида баланд кўтарди. Турнир тўпурарига айланган Айман учун бу ҳақиқий зафар қучиш онлари эди. Басра стадиони эса ўз бағрига сиғмай, мухлислар уммонига айланди.

"Мухлисларнинг ташрифи ҳайратланарли эди, стадион ичида 65 минг, ташқарисида эса бир миллион одам бор эди. Ёмғир остида ўтган Саудия Арабистонига қарши ўйинда болалар ва оилаларни кўрдик. Майдонга тушганингизда, уларни хурсанд қилиш учун борингизни берасиз".

Аммо ушбу умумхалқ байрами ортида аламли бир фожиа ҳам яширинганди: ғалаба шарафига ҳавога отилган бешафқат ўқлардан бири бегуноҳ болакайга тегди. Ироқнинг қайғули воқелигида бундай оғриқли ҳодисалар, афсуски, янгилик эмас эди.

"Мен Қатарда эдим. Онам ва акам менга Иброҳим исмли боланинг видеосини юборишди. У адашиб келиб қолган ўқ туфайли бошидан жароҳат олган ва мендан ёрдам сўраётган эди. Онам менга: 'Уни ўз укангдек кўр', – деди".

Онасининг бу сўзлари Айманнинг юрагини титратиб юборди. У бир сония ҳам иккиланмади:

"Мен унинг рақамини олиб, журналист Асъад билан боғландим. Жамоадошим Иброҳим Бойиш билан унинг даволаниш харажатларини ўз зиммамизга олдик".


Икки кун ичида қаҳрамондан айбдоргача

2024 йил январь, Осиё кубоги. Турнир олдидан мураббийлар штаби Айманни таркибга киритгани учун кескин танқид қилинган эди: Ироқдан ташқарида ўзини кўрсата олмаган ҳужумчи терма жамоа ҳужумини бошқара олмайди, деган фикрлар янгради.

19 январь. Япония билан ўйин. У биринчи таймда икки гол урди. Ироқ 42 йил ичида биринчи марта Японияни мағлуб этди. Ҳакамнинг ҳуштагидан кейин у йиғлаб юборди, у ўйинни шамоллаш билан ўтказганди. 2007 йилги чемпион терма жамоа сардори Нашъат Акрам эса буни бошқача изоҳлади: бу кўз ёшлари эркак кишининг дарди – карьераси давомида дучор бўлган босим ва ҳақоратларнинг акс-садоси эди.

Ўша турнирда у бир Осиё кубоги турнирида олти гол урган илк ироқлик футболчига айланди.

Ўн кундан сўнг эса ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлди.

29 январь, 1/8 финал. Ироқ – Иордания. Ўйиннинг биринчи бўлимида Иордания футболчиси Язан ан-Наймат гол ургач, улар майдон ташқарисида давра қуриб ўтириб, қўллари билан Иорданиянинг энг машҳур миллий таоми – мансафни ейиш ҳаракатини тақлид қилишган. Бу ўз ватани, маданияти ва анъанавий таомини улуғлаш, рамзий маънода "Ироқни мағлуб этдик, энди байрам қиламиз" деган маънони англатган.

Иккинчи бўлимда Ироқ ҳужумчиси Айман Ҳусайн гол уриб, Ироқни 2:1 ҳисобида олдинга олиб чиққан. У голни нишонлаш учун Иордания футболчиларининг ҳаракатини айнан қайтариб, майдонга чордана қуриб ўтирган ва чап қўли билан "ўт ейиш" ёки уларнинг "мансаф ейиш" ҳаракатини мазах қилиш мақсадида тақлид қилган.

Эронлик бош ҳакам Алиризо Фағоний Айман Ҳусайннинг бу ҳаракатини рақибни камситиш, трибуналарни провокация қилиш ва вақтни атайлаб чўзиш деб баҳолаган. Ҳакам унга иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, майдондан четлатган.

У либосини ечмаган эди. Майдонни ҳам тарк этмаган эди. Ўн киши билан қолган Ироқ 95-дақиқада гол ўтказиб юборди, 97-дақиқада эса узоқ масофадан йўлланган аниқ зарба Ироқни мағлубиятга дучор қилди – 2:3.

Ўша ҳаракат ортида ҳеч қандай режа бўлмаганини у кейинроқ подкаст суҳбатида очиқ айтди:

"Мен ҳеч қандай режа қилмаган эдим. Гол урганимдан сўнг либосимни ечмоқчи бўлдим, аммо сариқ карточкам борлиги эсимга тушиб, фикримдан қайтдим. Майдонга чўккаладим ва бироз нафас ростлаш учун беихтиёр ўша ҳаракатни амалга оширдим".

"Ҳакамнинг вақтни чўзиш баҳонасида менга иккинчи сариқ карточка кўрсатиш қарори мени ҳайратда қолдирди".

"Бу шундай оғир зарба бўлдики, кийиниш хонасида ўйиннинг қолган қисмини томоша қила олмадим".

Бош мураббий Хесус Касас матбуот анжуманида: катта турнирда голни нишонлагани учун футболчини майдондан четлатиб бўлмайди, деди.


Паспортдаги муҳр, ички қон кетиш, аэропорт

Унинг йўлидаги тўсиқлар ҳамиша футбол қоидалари билан боғлиқ бўлмаган.

2022 йил январь ойида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидаги Ливанга қарши ўйин олдидан Айман Ҳусайн ва унинг жамоадоши Амжад Атван Ливан расмийлари томонидан мамлакатга киритилмаган. Бунга уларнинг паспортида Фаластин ҳудудига (Исроил назорат-ўтказиш пунктлари орқали) кирганликни англатувчи Исроил муҳри/тамғаси борлиги сабаб бўлган. Ироқ терма жамоаси бошқарув директори Ғайс Муҳан бу муаммони расман тасдиқлаган эди. Мамлакатлар ўртасидаги дипломатик музокаралардан сўнг футболчиларга Ливанга кириш учун махсус рухсатнома берилган ва Айман Ҳусайн ўша ўйинда Ироқнинг ягона голини уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган (ҳисоб 1:1).

2024 йил 5 сентябрь куни Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Басрада Ўмонга қарши ўйин бўлиб ўтган. Айман Ҳусайн учрашувнинг 13-дақиқасида Ироққа ғалаба келтирган ягона голни урган. Бироқ ўйин давомида у кўкрак қафасидан жуда оғир жароҳат олган.

Шунга қарамай, у оғриққа чидаб, 84-дақиқагача майдонда курашган. Ўйиндан сўнг унинг аҳволи кескин ёмонлашгач, зудлик билан шифохонага олиб борилган ва унда ўпка соҳасида ички қон кетиши (гемоторакс) аниқланган. Вазият ўта жиддий бўлгани учун у тез ёрдам самолётида қўшни Кувайтга олиб кетилиб, ўша ерда зудлик билан жарроҳлик амалиётини ўтаган. Ушбу матонат уни Ироқ халқи кўзида ҳақиқий миллий қаҳрамонга айлантирди.

2026 йил 6 июнь. Ироқ терма жамоаси Чикагонинг О'Ҳара аэропортига қўнди. АҚШ чегара хизмати ходимлари Айман Ҳусайнни ушлаб қолиб, етти соат сўроқ қилди, шундан кейингина мамлакатга киритди. Жамоа фотографи Талал Салоҳ эса мамлакатга киритилмай, Ироққа қайтариб юборилди. Ҳужумчининг ўзи бу ҳақда изоҳ бермади.


"Орзунинг барбод бўлишидан қўрқяпман"

2026 йил март, Монтеррей. Ироқ мавсум давомида уруш туфайли йиғилишда ҳам қийналган, чартер рейс билан Мексикага ўйиндан бир ҳафта олдин етиб келган эди. Айман эса мавсум бошидан бери жароҳат билан курашарди ва баъзилар унинг жароҳатини баҳона деб ҳисоблади.

"Мавсум бошидан бери мени безовта қилиб келаётган жароҳатдан фориғ бўлдим... Тиббий штаб ва мураббий кейинги муҳим ўйинларни ўтказиб юбормаслигим учун менга дам беришни мақбул кўришди. Лекин мен терма жамоа учун ўзимни мажбурлаб бўлса-да ўйнашга ҳаракат қилгандим".

Ҳал қилувчи ўйин олдидан бош мураббий Грэм Арнолд ундан бир савол сўради ва жавоб ғайриоддий даражада очиқ бўлди:

"Ҳал қилувчи Боливияга қарши ўйиндан олдин у мендан ҳиссиётларим ҳақида сўради. Мен унга: 'Бу орзунинг барбод бўлишидан қўрқяпман', – деб очиқ айтдим."

"Шунда мураббий ёрдамчиси мен билан ўтириб, ҳайвонлар (арслон ва бургутнинг тулкига қаршилиги) ўхшатиши орқали психологик усул қўллади ва ўзимга бўлган ишончни орттириб, қўрқувни енгишимга ёрдам берди."

Уч кундан сўнг у муҳим ва тарихий гол муаллифига айланди.


Фоксборо: бир кечада икки тарих

16 июнь, Фоксборо. Ироқнинг жаҳон чемпионатидаги илк ўйини – Норвегияга қарши.

39-дақиқада Амир ал-Аммарий узатмасидан сўнг Айман бош билан ҳисобни тенглаштирди. Бу гол – 1986 йилдан бери жаҳон чемпионатида ироқлик футболчи урган илк гол эди (биринчиси Аҳмад Радийга тегишли). Ўша ўйиннинг 90+6-дақиқасида қаҳрамонимиз ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Ҳисоб 1:4.

Шу билан у жаҳон чемпионатлари тарихида 1978 йилда Эрни Брандтс, 2018 йилда Марио Манджукичдан кейин бир ўйинда ҳам гол, ҳам автогол урган учинчи футболчига айланди. Ироқ гуруҳда очко тўплай олмади.

"Футболда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Техник тафовутларни жисмоний тайёргарлик ва тактик интизом орқали йўққа чиқариш мумкин".


Талаба

У университетда таҳсил олди: Мустансирия университетининг Таълим факультетида география йўналишини тамомлади.

Сўнгра Спортдаги фаолиятини илмий асосда давом эттириш мақсадида, 2024 йилнинг февраль ойида Ироқдаги таниқли Ал-Фараҳидий университетининг Жисмоний тарбия ва спорт фанлари факультетига қабул қилинган.

Эътиборли жиҳати, ушбу факультетда Ироқ футболи афсонаси ва терма жамоанинг собиқ сардори Юнус Маҳмуд профессор-ўқитувчи сифатида фаолият юритади. Шу сабабли Ироқ матбуоти Айманнинг ўқишга киришини "Майдондаги устоз ва шогирд энди университет аудиториясида" дея рамзий маънода ёритиб чиққан эди.

"Тартиб-интизом жуда муҳим, шунинг учун эрта ухлайман. Ўйинлар вақтида диққатимни жамлаш учун соат 22:00 ёки 23:00 да телефонимни ўчириб қўяман".

Футболчи машҳурликка оддий қарайди:

"Машҳурлик – бу Аллоҳнинг неъмати. Гарчи бу ҳолат баъзан эркинликни чеклаб қўйса ҳам, одамларнинг меҳрибонлиги мени хурсанд қилади".


Тошкент

2026 йилнинг 4 август куни "Пахтакор" 30 ёшли ҳужумчи билан йил охиригача шартнома имзолаганини эълон қилди.

Унинг "Пахтакор" таркибига тез мослашишига шубҳа йўқ, сабаби клубда яна икки ироқлик – Башар Ресан ва Заид Таҳсин тўп тепади.

photo_2026-08-04_00-35-47.jpg

Орзулар ижобатини кўра олмаган икки киши

Уч мамлакат чемпионати, тўрт карра тўпурарлик, Форс кўрфази кубоги, Ироқ чемпионати тарихидаги энг қиммат трансфер, Олимпиада ва жаҳон чемпионатидаги голлар ва қирқ йиллик мундиал орзусининг ижобати…

Аммо бу буюк муваффақиятлар Айман Ҳусайннинг ҳаёти ва қалбидаги энг оғир, ҳеч қачон тўлдириб бўлмайдиган мана бу шахсий йўқотишлар ва фожиалар кемтигини асло ёпа олмайди

"Отам ва акам шу ерда бўлишларини ва мени кўришларини орзу қилардим".

Ироқни жаҳон чемпионатига олиб чиққан юлдузнинг дунёга айтар сўзи шундай:

"Бутун дунёга айтар сўзим шуки, футбол халқларни бирлаштиради ва уларни жипслаштиради. Биз ўз мамлакатимизда ва бутун дунёда барча учун тинчлик ҳамда хавфсизлик бўлишига умид қиламиз".


Ғиштдан дарвоза қуриб ўйнаган, "Атлетико" майдонида энг яхши футболчи деб топилган ҳамда Роналдудан жарима зарбаси тепишни ўрганган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз

"Мен Месси ёки супермэн эмасман" — ёши кичрайтирилгани гумон қилинган, 16 ёшида термада дебют қилган, Катанец қўл остида Ўзбекистонни мағлуб этган ва Аргентинага қарши ўйинда онасидан айрилган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз

Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›