

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун тактикани ўзгартириб беш ҳимоячи билан баҳсни бошладик. Бошида ўхшаб турганди, лекин ҳимоячилар ва дарвозабонимиз хатоси билан гол ўтказдик. Иккинчи таймда ҳужумкорликни ошириб гол урдик. Аммо ёзги ўқув-машғулот йиғини ўтказмаганимиз ўз таъсирини кўрсатиб, яна голлар ўтказдик. Очиғи, кучимиз етмай қолди. Оддий хатоларга йўл қўйдик. Ҳужумга чиқамиз деганда бизга гол уришди. Балки бунда менинг ҳам хатойим бордир.
- Дилшод Хушбақов намойиш этаётган ўйин ҳақида фикрингиз?
- Дилшод Хушбақов жамоамиздаги энг тажрибали футболчи ҳисобланади, у кўп ўйинларда ёрдам бериб келмоқда. Бугун ҳам ёрдам бериш учун астойдил ҳаракат қилди. Жароҳати бор эди, шу боис машғулотларга қайтганига энди уч-тўрт кун бўлди. Бугун голли узатма амалга оширди, агар ҳисоб 2:1 пайти вазиятдан фойдаланганида балки ўйин умуман бошқача тус оларди.
- Оралиқ танаффусда жамоани тарк этганлар ҳақида гапириб ўтсангиз.
- Етти нафар футболчи сафимизни тарк этди. Молиявий муаммо борлиги учун футболчилар бошқа клубларга кетишди. Яхши жамоалардан таклиф тушса, ушлаб турмаймиз деб мақсад қилганмиз.
- Олдингизга раҳбарият томонидан қандай вазифа қўйилган?
- Тўғриси, аниқ вазифа қўйилмаган. Ўтган йил жамоамизга эътибор яхшироқ эди, бу йил анча сусайиб қолди. Биз ҳам яхши ўйин намойиш этишга ҳаракат қиляпмиз. Баъзан ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келяпти. Биринчи даврада ёмон ўйнамадик, лекин ҳозир ўзимизни кўрсата олмаяпмиз. Термиз давлат университетидан 7-8 нафар футболчини жалб этганмиз. Улар ҳам ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишяпти.



