"ПФЛ янги лойиҳалар ўйлаб топгунча, долзарб муаммоларни ҳал қилсин" — Азамат Абдураимов куз-баҳор тизими ва янги форматга муносабат билдирди

Iskandarov Abdulaziz
8 окт 2026, 08:25
Хабарингиз бор, яқинда Суперлига ва Пролига клублари иштирокида ПФЛнинг йиғилиши ўтказилди.

Унда Суперлига форматини куз-баҳор тизимига ўтказиш имкониятлари борасида ҳам сўз борди. Бу борада ПФЛ ўзининг таклифларини илгари сурди. Биз эса мазкур масала юзасидан таниқли футбол мутахассиси, ТФА вице-президенти Азамат Абдураимовнинг фикрлари билан қизиқдик.

“Янги форматга ўтиш масаласида мен кескин қаршиман. Баъзида менга ПФЛ эътиборни тортиш ёки ёшлар айтмоқчидай, "хайп қилиш" учун нима ўйлаб топишни билмаётгандек туюлади!

Россия ҳам бу форматга ўтган эди, аммо ҳеч қандай ижобий натижага эришмади. Агар клублар бу аҳмоқона ғояни маъқулласа, бизда ҳам худди шу ҳолат такрорланади.

Ҳозирги вақтда клублар футболимизда ҳал этилиши лозим бўлган жуда кўплаб долзарб муаммолар мавжуд. ПФЛ раҳбарияти бугун бизга умуман керак бўлмаган лойиҳаларни ўйлаб топиш билан эмас, айнан шу муаммолар билан шуғулланиши керак!

Менинг фикримча, ПФЛ раҳбари лавозими сайлов асосида тайинланиши лозим. Бу барча футбол державаларида қандай амалга оширилса, бизда ҳам шундай бўлиши керак. Сайловларга ўз дастурига эга футбол мутахассислари қўйилиши шарт. Ушбу сайловларда ҳар бир номзод ўз дастурини ҳимоя қилиб бериши керак, ким ғолиб чиқишини эса клубларнинг ўзи ҳал қилсин",- дейди Азамат Абдураимов.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›