

"Учрашув жуда қийин кечди. Биз бутун ҳафта давомида рақибни ўргандик ва бу ўйинга тайёргарлик кўрдик. Бошида устунликни қўлга киритганимизга қарамай, иккинчи бўлимда ғалабали ҳисобни ушлаб қолиш оғир бўлди. Бироқ, футболчиларимизнинг тўғри менталитети ва жамоавий руҳи ишимизни охирига етказишга ва бу уч очкони олишга имкон берди", - деди меҳмонлар бош мураббийи Периклес Шамуска.
"Биринчи навбатда, жамоамиз учун жуда хурсандман. Биз ажойиб футболчилар ва кучли мураббийга эга бўлган кучли рақибга қарши жуда оғир ўйинда уч очко ишлашга муваффақ бўлдик. Энг муҳими, биз ғалабани уйга олиб кетяпмиз ва мен жамоамиз билан жуда фахрланаман", - деди учрашувнинг энг яхши ўйинчиси Факундо Круспзский.
— Бу мавсумда турнирдаги асосий мақсадингиз нима?
— Мақсадимиз — финалга чиқиш ва титул учун курашиш. Ўзим ҳақимда кичик бир фактни қўшимча қиламан: аввалроқ "Ат-Таавун" билан ОЧЛ плей-оффига икки марта чиққанман. Энди менда "Ал-Аҳли" билан ушбу турнирда муваффақиятга эришиш учун ажойиб имконият бор.
Ўйинчига савол
— Жамоангизда юқори индивидуал маҳоратга эга кўплаб футболчилар йиғилган. Улар бугун ўзларининг максимумини кўрсата олдими ёки жамоа бундан ҳам яхшироқ ўйнашга қодирми?
— Ҳа, биз таркибимизда ажойиб индивидуал сифатларга эга ўйинчилар йиғилганини биламиз. Айнан шу нарса бизни ажойиб жамоа қилади. Аммо биз эришилган ютуқларда тўхтаб қолмаймиз: ҳар бир янги ўйинда бундан ҳам яхшироқ иштирок этиш ва ўз максимумимизни намойиш қилиш учун ҳар куни тинмай ишлаймиз.
— Бугун жамоангиз асосан ҳимоядан ўйнади. Бу сизнинг ўйин учун бошланғич стратегиянгиз эдими ёки "Насаф" сизни ҳимояга ётишга мажбур қилдими?
— Бизнинг асосий ғоямиз — ҳар доим ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги балансни сақлаш. Очиқ айтаман: ўйиннинг дастлабки 15 дақиқасида "Насаф" юқори прессинг қўллади, бу эса ҳимоядан чиқишимизда жиддий муаммоларни юзага келтирди. Аммо шу оралиқдан сўнг ўйинчиларим ўйин боришини назорат остига олишди, тўпга эгалик қила бошлашди ва ўзимизнинг одатий услубимизда комбинациялар қилишди.
Иккинчи бўлим охирида мен ҳақиқатан ҳам ўйинни "қуритиш" учун қўшимча ҳимоячини майдонга туширишга ва 5-4-1 схемасига ўтишга мажбур бўлдим. "Насаф"да зарбаси кучли, сифатли футболчилар жуда кўп, улар жарима майдончамиз олдида доимий равишда хавф туғдириб туришди. Бундай пайтларда зоналарни ёпа билиш керак ва биз буни уддаладик.

— Тактика бўйича савол. Сизнингча, "Насаф"га қарши натижага эришиш учун қайси бири самаралироқ: ҳимоядан ўйнашми ёки ҳужумкор услубда ҳаракат қилишми?
— Бизнинг фалсафамиз ҳар доим ҳужумкор футболга асосланади. Бугунги ўйинга келсак, биз рақибнинг маълум бир схемасига тайёргарлик кўргандик. Биз улар тўртта ҳимоячидан иборат чизиқ билан тушишини (гарчи ўйинларнинг бирида улар бешта ҳимоячидан фойдаланган бўлса ҳам) ва бизнинг ғояларимизни ёпадиган маълум бир блокни қуришларини кутгандик.
Аммо ўйин давомида, айниқса иккинчи бўлимда мослашишга ва қарши ҳужумлардан фойдаланишга тўғри келди. Агар жамоа ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиқлари ўртасидаги балансни тўғри ушлаб тура олса, у ҳар қандай рақибга, шу жумладан "Насаф"га ҳам муваффақиятли қаршилик кўрсата олади.




