"Вильярреал" дарвозабони ва унинг оиласи қуролли ҳужумга учради

Sherzod Nurmatov
15 окт 2026, 12:50
"Вильярреал" дарвозабони Петер Гулачи тонгда ўз уйида содир бўлган даҳшатли қуролли босқин сабабли Чемпионлар Лигаси доирасидаги "Наполи"га қарши ўйинни ўтказиб юборди.

Ўша пайтда уйда унинг рафиқаси ва икки нафар ёш фарзанди ҳам бўлган.

Маълумотларга кўра, босқинчилар сейф, пул ва қимматбаҳо буюмларни беришни талаб қилган ҳолда 36 ёшли венгриялик посбон ва унинг рафиқасига қурол ўқталган.

Ҳеч ким жисмоний жароҳат олмаган, бироқ руҳий зарба жуда кучли бўлган: Гулачи ҳодиса рўй берган вақтдан бери деярли ухламаган ва клуб билан келишилган ҳолда "Наполи"га қарши баҳс қайдномасидан чиқарилган. Унинг ўрнини "Ла Серамика"даги дарвозада Луис Жуниор эгаллади.

Босқин оиланинг Валенсия яқинидаги Пузол шаҳарчасида "Монастериос" турар-жой мажмуасидаги уйида содир бўлган. "Вильярреал" тегишли органлар дарҳол хабардор қилингани ва ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов олиб борилаётганини тасдиқлади, бироқ ҳужум қилганлар ҳақида ҳозирча кўп маълумот мавжуд эмас.

Бу воқеа "Вильярреал" учун энг ноқулай вақтга тўғри келди, чунки жамоа шанба куни "Реал"дан учралган 1:0 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин ўзини ўнглаб олиш ва ушбу мавсумда Чемпионлар Лигасидаги илк ғалабасини қўлга киритишга интилаётган эди.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: ESPN