Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси: "Каннаваро қилаётган ишни маҳаллий мураббийларимиз уддалай олмайди"

Iskandarov Abdulaziz
24 сен 2026, 09:14
Ўзбекистон миллий терма жамоасида амалга оширилаётган ёшлаштириш сиёсати, мураббийлар штабининг қарорлари ҳамда U-23 жамоамизнинг муваффақиятлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Мазкур жараёнлар юзасидан миллий терма жамоамиз собиқ футболчиси Санъат Шихов ўз фикрларини билдириб, мураббийнинг ишига аралашмаслик кераклигини ва ёшларга вақт бериш муҳимлигини таъкидлади.

Ёшларга имконият ва мураббийнинг тактикаси

– Ёшларни терма жамоага жалб қилинаётгани жуда яхши қадам. Умуман олганда, ҳар бир мураббийнинг ўз тактик режалари ва ўзига хос қарашлари бўлади, у шунга мос футболчиларни танлайди. Натижа учун эса айнан у жавобгар ҳисобланади. Шу боис "нега уни чақирмадинг, буни олмадинг" деб эътироз билдириш нотўғри деб биламан. Мураббийга ишлаши учун мақбул шароит яратиб бериш керак.

Натижа ва маҳаллий мураббийлар муаммоси

– Тезкор натижага келсак, таркибнинг ўзаги сақлаб қолингани ҳолда кўплаб ёшларга ўзларини кўрсатиш учун имконият берилмоқда. Ҳозирги таркиб билан ҳам ижобий натижаларга эришиш мумкин. Агар кутилган натижа бўлмаса ҳам, мураббийга вақт бериб, шу ёшларни тарбиялаб боришига шароит яратиб қўйиш лозим. Сабаби, тан олиш керак, биздаги маҳаллий мураббийлар бу каби жиддий ишларни уддалай олишмайди.

U-23 жамоасининг муваффақияти ва келажакдаги номзодлар

– Бугунги кунда U-23 жамоамиз жуда яхши шаклланган ва буни уларнинг кўрсатаётган натижалари ҳам яққол исботлаб турибди. Гуруҳдаги ўйинларнинг осонлик билан ўтказилгани кишини қувонтиради. Бунинг асосий сабабларидан бири – жамоамиз рақибларига нисбатан анча ёш. Ўйлайманки, ушбу ёшлар терма жамоамиздан ҳам кўплаб футболчилар кейинги йиғинларга чақирилади ва ўзларини кўрсатишади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›