Наби: "Эрон ва Ўзбекистон кучли жамоалар иштирокида қўшма турнирлар ўтказиш йўлини излашлари керак"

Aslanov Jasurbek
24 сен 2026, 00:08
Эрон ва Ўзбекистон келажакда кучли жамоалар иштирокида турнир ташкил қилиши мумкин.

Эрон футбол федерацияси вице-президенти ва терма жамоа директори Эрон ҳамда Ўзбекистон ўртасида футбол соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб, икки мамлакат футбол ва футзалда юқори салоҳиятга эга эканини ҳамда кучли жамоаларни таклиф этган ҳолда қўшма турнирлар ўтказиш орқали минтақа футболининг янада ривожланишига замин яратиши мумкинлигини айтди.

Федерация расмий сайти хабарига кўра, Меҳди Муҳаммад Наби Эрон терма жамоасининг Ўзбекистонда бўлиб турганида ушбу мамлакат меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирди: "Ўзбекистоннинг ажойиб меҳмондўстлиги учун ташаккур айтамиз. Ўйлайманки, Эрон ва Ўзбекистон Осиё футболида қитъанинг шарқий мамлакатларидан ўзиб кетиш учун режа тузишлари керак".

Футбол федерацияси вице-президенти сўзида давом этди: "Мен Эрон футбол федерациясида кўп йиллардан бери фаолият юритиб келмоқдаман ва сўнгги йилларда Эрон ҳам, Ўзбекистон ҳам футбол ва футзалда яхши ўсишга эришди деб ҳисоблайман. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни аввалгидан ҳам кўпроқ ривожлантириш учун салоҳият мавжуд".

Терма жамоа директори қўшма мусобақалар ўтказишни режалаштириш зарурлигини таъкидлаб шундай деди: "Яхши ва кучли жамоаларни таклиф қилиш имкони бўлган қўшма турнирларни лойиҳалаштиришимиз керак; бу мусобақалар Эронда ўтказиладими ёки Ўзбекистон мезбонлик қиладими, фарқи йўқ. Эрон, Ўзбекистон, Россия ва бошқа жамоалар иштирокида юқори сифатли турнирларни режалаштириш мумкин".

Наби CAFA мусобақалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: "CAFA ўйинлари биз учун кутилган натижани бермайди, аммо ҳар ҳолда ушбу мусобақаларда иштирок этишга мажбурмиз. CAFA мусобақалари маркази бўлган Тожикистонда ҳатто тегишли машғулот имкониятлари ҳам мавжуд эмас. Мақсадимиз — Ғарбий Осиёда содир бўлган воқеа Марказий Осиёда такрорланмаслиги ва тўғри режалаштириш орқали ушбу минтақадаги мусобақалар савиясини оширишдир".

У қўшимча қилди: "Эрон футбол федерацияси томонидан жаноб Хароти ва жаноб Жамоли ушбу турнирни мувофиқлаштириш учун масъулдирлар ва биз бу масалани жиддий равишда кузатиб боришимиз керак. Умумий режага эришиш учун яхши ва фойдали йиғилишлар ўтказишга тайёрмиз".

Футбол федерацияси вице-президенти сўзи сўнгида Эрон ва Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги иштирокига тўхталиб ўтди: "Иккала жамоа ҳам Жаҳон чемпионатида иштирок этиш тажрибасига эга ва кейинги босқичларга чиқиш йўли ҳам узоқ эмас. Марказий Осиё футболини ривожлантириш ва мусобақалар савиясини ошириш учун Эрон ва Ўзбекистон футболи салоҳиятидан фойдаланишимиз керак".

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: the-ffiri.com

Сўнгги янгиликлар

Барча ›