Ўзбекистон мундиалда янги Хорватияга айланиши мумкин — "Lʼequipe" журналисти билан эксклюзив интервью

Iskandarov Abdulaziz
2 июн 2026, 17:00
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати яқинлашгани сайин, халқаро спорт жамоатчилигининг эътибори янги ва сирли жамоаларга қаратилмоқда.

Ушбу турнирнинг энг диққатга сазовор иштирокчиларидан бири, шубҳасиз, ўз тарихида илк бор дунё биринчилигига йўлланма олган Ўзбекистон миллий терма жамоасидир.

Машҳур "Lʼequipe" нашри журналисти Тимоти Томас-Коллиньон билан уюштирилган мазкур суҳбатда Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятлари, Фабио Каннаваро омили, гуруҳдаги рақиблар ва Абдуқодир Ҳусановнинг "Манчестер Сити"даги муваффақияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

7.jpg

— Ҳамма Ўзбекистон миллий терма жамоасини мақтамоқда ва унинг кучли томонларини таъкидламоқда. Аммо бу турнирда Ўзбекистон учун тўсиқ бўлиши мумкин бўлган омиллар ҳам борми?

— Ўзбекистон терма жамоаси, шубҳасиз, ушбу Жаҳон чемпионатининг энг қизиқарли жамоаларидан биридир. Гап Ғарбий Европада деярли тилга олинмайдиган ва кўпчилик учун ҳануз сирли бўлиб қолаётган мамлакат ҳақида кетмоқда. Бу жамоанинг диққат марказида бўлишининг асосий сабаби, албатта, Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги илк иштирокидир.

Бу ҳолат ҳам кучли, ҳам заиф томон бўлиши мумкин: жамоанинг ғалабага бўлган иштиёқи ва ўзини кўрсатиш истаги жуда юқори, бироқ шу билан бирга у халқаро мусобақаларнинг энг юқори даражасида етарли тажрибага эга эмас. Францияда Ўзбекистон терма жамоаси Олимпия турнири давомида кузатилган ва очилиш учрашувида Испанияга мағлуб бўлишига қарамай, яхши таассурот қолдирган эди. Эҳтимол, бу Франция жамоатчилиги Ўзбекистон терма жамоасига илк бор жиддий эътибор қаратган пайтлардан бири бўлган.

— Сизга Фабио Каннаваронинг қайси жиҳатлари кўпроқ ёқади?

— Бу жуда ўзига хос воқеа, айниқса, Италия Жаҳон чемпионатида иштирок этмаётганини ҳисобга олсак. Айнан шу ҳолат Ўзбекистон терма жамоасини янада қизиқарли ва кузатувчилар эътиборидаги жамоага айлантирмоқда. Ахир, France Football’нинг "Олтин тўп" совриндори бўлган мураббийнинг миллий терма жамоа бошқарувида бўлиши оддий ҳол эмас.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабининг 13 нафар италиялик мутахассисдан иборат эканлиги ҳам ушбу лойиҳа қанчалик улкан ва амбицияли эканини кўрсатади. Бу Ўзбекистон футболининг ривожланиши учун узоқ муддатли ва жиддий стратегия йўлга қўйилганидан далолат беради.

4.jpg

— Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоаларига қарши очко олишга қайси устунликларимиз ёрдам бериши мумкин?

— Португалияга қарши ўйин жуда мураккаб кечиши мумкин. Чунки бу жамоа Испания, Франция, Англия ва Аргентина билан бир қаторда турнирнинг асосий беш фаворитидан бири ҳисобланади. Колумбия ҳам қоғоздаги таркиб ва умумий салоҳият жиҳатидан Ўзбекистондан анча кучли кўринади.

Асосий саволлар, назаримда, Конго Демократик Республикаси билан бўладиган учрашув атрофида. Менимча, Ўзбекистон бу жамоага қарши барча имкониятларга эга ва тенг кураш олиб бориши мумкин.

Ўзбекистоннинг энг катта устунликлари сифатида мен Элдор Шомуродовнинг ҳужумдаги самарадорлиги ҳамда Абдуқодир Ҳусановнинг ҳимоядаги ишончлилиги ва жисмоний қудратини кўрсатган бўлардим. Бу икки футболчи жамоанинг энг муҳим таянч нуқталаридан ҳисобланади.

— Айтинг-чи, халқаро футбол жамоатчилиги одатда Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этаётган терма жамоаларни қандай кутиб олади? Ўзбекистон ҳақида нима дейиш мумкин?

— Одатда, халқаро футбол мухлислари Жаҳон чемпионатида илк бор қатнашаётган жамоаларни катта қизиқиш ва илиқ муносабат билан кутиб оладилар. Масалан, 1998 йилда Францияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида тўртта давлат — Хорватия, Ямайка, Япония ва Жанубий Африка Республикаси — илк бор мусобақада иштирок этган эди.

Энг ёрқин мисоллардан бири, шубҳасиз, Хорватия терма жамоаси бўлиб қолади. Жамоа илк иштирокининг ўзидаёқ турнирни учинчи ўринда якунлаб, бутун дунёни ҳайратда қолдирган эди. Бу муваффақиятда Давор Шукер каби футболчиларнинг ҳиссаси катта бўлган.

Ўзбекистон масаласига келсак, менимча, унга нисбатан муносабат маълум маънода АҚШ терма жамоасига бўлган қизиқишга ўхшаш бўлиши мумкин. Халқаро жамоатчилик одатда янги иштирокчиларни илиқ кутиб олади, айниқса улар ўзига хос тарих, кучли миллий идентитет ва амбицияли футбол намойиш этса. Кўплаб нейтрал мухлислар янги мамлакатларнинг жаҳон саҳнасида пайдо бўлишини ёқтирадилар, чунки бу мусобақага янгича руҳ бағишлайди ва янги ҳикоялар яратилишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, янги форматдаги Жаҳон чемпионатида Кабо-Верде, Кюрасао ва Иордания терма жамоалари ҳам илк бор иштирок этади. Шу сабабли турнирни кузатиш янада қизиқарли бўлади. Ўзбекистон учун бу биринчи Жаҳон чемпионати бўлишига қарамай, жамоа етарлича юқори савияга эга. Таркибдаги футболчилар сифати ва сўнгги йиллардаги натижаларни ҳисобга олсак, терма жамоа финал босқичи плей-оффига чиқиш учун реал имкониятларга эга кўринади.

— Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги фикрингиз қандай?

— У жуда таъсирли футболчи. У илк бор Францияда, "Ланс" сафида порлади. Бу клуб Лига 1’да тахминан ўнинчи бюджетга эга бўлса-да, чемпионатни иккинчи ўринда якунлаб, кейинги мавсумда УЕФА Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. "Ланс" — бой тарихга эга клуб; шаҳарнинг ўзи унчалик машҳур бўлмаса-да, у ерда футбол ҳақиқий ҳаёт тарзига айланган. Абдуқодир Ҳусанов илк бор кенг жамоатчилик эътиборига U-20 Жаҳон чемпионатида тушган. Айнан ўша турнирда "Ланс" скаути уни кузатиб, клубга тавсия қилган эди.

Ҳусанов замонавий марказий ҳимоячининг мукаммал намунаси ҳисобланади. У чуқурликда ўйнаш қобилияти, ҳаводаги устунлиги, ўйин интеллекти, ҳимоя чизиғидаги етакчилиги, тезлиги ва портловчи ҳаракатлари билан ажралиб туради. Айнан шу фазилатлар уни бугунги футбол талабларига тўлиқ мос ҳимоячига айлантиради.

5.jpg

Унинг "Манчестер Сити"даги илк ойлари осон кечмаган бўлса-да, у Англияда жуда қисқа вақт ичида асосий таркибнинг ажралмас аъзосига айланди. Албатта, у Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолнинг жароҳатларидан маълум даражада фойдаланди, аммо ўз ўрнини фақатгина вазият туфайли эмас, балки Англия Премьер-лигаси ва Чемпионлар лигасидаги ажойиб ўйинлари орқали муносиб равишда қўлга киритди.

Бугунги кунда у дунёнинг энг кучли 15 нафар марказий ҳимоячиси қаторига кириши мумкин. Келажакда эса Европа футболининг энг йирик юлдузларидан бирига айланиш салоҳиятига эга. Ва менимча, Ўзбекистонда у бир кун келиб мамлакат футбол тарихидаги энг буюк футболчи мақомига даъвогарлик қилиши мумкин. Бу жуда катта даъво, аммо униг истеъдоди ва ривожланиш суръати бунга тўлиқ асос беради.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia