

Клуб матбуот хизмати тажрибали ҳимоячи Азим Аҳмедовни суҳбатга чорлади.
- Мусобақа жадвалида қўшни бўлган "Каттақўрғон" жамоаси билан дуранг қайд этилди. Ўйин ҳақида нима дея оласиз? Натижадан кўнглингиз тўлдими?
- "Каттақўрғон" билан қизиқарли ўйин бўлди. Биз бу ўйинни ютишимиз керак эди, аммо бироз омад етишмади. Юзага келган имкониятларимиздан унумли фойдаланиб, гол ура олмадик ва дуранг билан чекланишга мажбур бўлдик. Назаримда, мухлислар завқ оладиган курашларга бой, томошабоп ўйин бўлди. Афсуски, иккинчи голни ура олмадик.
- Олдинда яна бир жиддий рақиб — "Шўртан"га қарши сафарда ўйин кутиб турибди. Бу ўйинга тайёргарлик қандай кетмоқда?
- "Шўртан" ҳам яхши жамоа. Астойдил тайёргарлик кўряпмиз. Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз.
- Охирги ўйинларда кўп ротация гувоҳи бўляпмиз. Жумладан, ҳимоя чизиғида ҳам турли квартетлар ҳаракат қиляпти. Таркиб борасида қандай фикрдасиз? Бевосита ҳимоя чизиғини кучайтириш учун трансфер керак эмасми?
- Ротация амалга ошириш ёки оширмасликни бош мураббий ҳал қилади. Қайси футболчини майдонга тушириш мураббийларнинг иши. Футболчилар эса қайси чизиққа қўйилмасин, жонини бериб ҳаракат қилиши талаб қилинади. Қўшимчасига, жароҳатлар ҳам вазиятга ўз таъсирини ўтказяпти. Трансферларга келадиган бўлсак, бу борада қарорни раҳбарият ва мураббийлар қабул қилади. Биз фақат футбол ўйнашимиз керак.
- Сир эмас, жамоа олдига чемпионлик вазифаси қўйилган. Чемпионат стартидан келиб чиқиб, нима дея оласиз, бу курашда "Металлург"нинг имкониятлари қанчалик юқори?
- Ҳа, тўғри, мақсадимиз чемпионлик. Раҳбарият томонидан жамоа олдига ҳам айнан шундай вазифа қўйилган. Олдинда ҳали ўйинлар етарлича. Ишлашда давом этяпмиз. Ҳар бир учрашувда майдонга ғалабани кўзлаб тушамиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади.



