"Мундиал Allplay билан": Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига қадар босиб ўтган йўли

Оқил Абдубарноев
7 июн 2026, 22:45
Марказий Осиё футболи тарихида янги ва мисли кўрилмаган саҳифа очилди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси кўп йиллик машаққатли изланишлари, аламли мағлубиятлари ва стратегик ўзгаришларидан сўнг, ниҳоят ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани расмийлаштириб, Россия ва Украинадан кейин жаҳоннинг энг нуфузли футбол мусобақасига йўл олган учинчи МДҲ мамлакатига айланди.

Cаралаш босқичидаги барқарорлик

Ўзбекистоннинг 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги иштироки аввалги цикллардан фарқли ўлароқ, юқори даражадаги барқарорлик ва прагматик ёндашув билан ажралиб турди. "Оқ бўрилар" учинчи босқич сўнгига қадар даврда жами 16 учрашув ўтказиб, 10 тасида ғалаба қозонди, 5 бор дуранг ўйнади ва фақатгина бир ўйинда (Қатарга қарши сафарда) мағлубиятга учради. Жамоа рақиблар дарвозасига 27 гол киритишга муваффақ бўлди ва ўз дарвозасидан 11 тўп олиб чиқди. Рақамларга эътибор қаратсак, жамоа аввалги цикллардагидек йирик ҳисоблардаги ғалабаларга ва томошабоп очиқ футболга эмас, балки хатосиз, ихчам ва "натижа учун ўйнайдиган" тизимга айланди.

Иккинчи саралаш босқичи: Катанец пойдевори

Жаҳон чемпионатига йўлни иккинчи саралаш босқичидан бошлаган Ўзбекистон "E" гуруҳидан жой олди ва минтақа гегемони Эрон, шунингдек Туркманистон ва Гонконг терма жамоалари билан тўқнаш келди. Ушбу босқичда жамоага словениялик мутахассис Сречко Катанец мураббийлик қилган бўлиб, унинг тизими асосан хатога йўл қўймаслик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган эди.

Саралаш 2023 йилнинг 16 ноябрь куни Ашхободда Туркманистонга қарши учрашув билан бошланди. Ўйинда ҳисобни дастлаб мезбонлар (Дурдиев 44') очган бўлишига қарамай, Ўзбекистон ирода намойиш этиб, Отабек Шукуровнинг дубли (57', 77') ҳамда Элдор Шомуродовнинг қўшиб берилган дақиқалардаги (90+1') голи эвазига 3:1 ҳисобида иродали ғалабани қўлга киритди.

Иккинчи турда, 21 ноябрь куни Тошкентдаги "Миллий" стадионида гуруҳнинг марказий ўйини – Эрон билан тўқнашув бўлиб ўтди. Учрашув Ўзбекистонни синовдан ўтказган энг муҳим ўйинлардан бирига айланди. Биринчи бўлимда форслар ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди. Танаффусдан сўнг мутлақо ўзгача Ўзбекистон майдонга чиқди. 52-дақиқада Остон Ўрунов ҳисобни қисқартирган бўлса, 83-дақиқада Ўруновнинг ўзи Игорь Сергеевга қулай имконият яратиб берди ва Сергеев тўпни дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди.

2024 йилнинг март ойида Гонконгга қарши бўлиб ўтган кетма-кет иккита учрашувда устунлик тўлиқ намоён бўлди. 21 март куни сафарда ўтказилган баҳсда Ўзбекистон Элдор Шомуродов (49') ва Рустам Ашурматов (66') голлари ҳисобига 2:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, 26 март куни Тошкентдаги жавоб ўйинида яна ўша Шомуродов (20'), захирадан майдонга тушган Ҳожимат Эркинов (63') ва Остон Ўрунов (70') томонидан киритилган голлар 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани таъминлади.

Гуруҳдаги сўнгги икки учрашув расмиятчилик мақомини олган бўлса-да, жамоа темпни пасайтирмади. 6 июнь куни Тошкентда Туркманистон яна 3:1 ҳисобида таслим этилди. Бу галги голларга Ҳусниддин Алиқулов (17'), Остон Ўрунов (29') ва Шерзод Насруллаев (70') муаллифлик қилди. Гуруҳнинг сўнгги – 6-турида 11 июнь куни Теҳронда Эронга қарши баҳс 0:0 ҳисобида якунланди. Натижада Ўзбекистон иккинчи босқичда 6 ўйинда 4 ғалаба ва 2 дуранг билан 14 очко тўплаган ҳолда учинчи – ҳал қилувчи босқичга йўл олди.

Снимок экрана 2026-06-01 202852.png

Ҳал қилувчи саралаш босқичи: тарихий йўлланма

Учинчи босқич қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон мураккаб ва рақобатбардош "А" гуруҳидан жой олди. Гуруҳдаги рақиблар қаторида азалий ва таниш рақобатчи Эрон, 2023 йилги Осиё кубоги соҳиби Қатар, техник ўйинга таянувчи ва легионерлардан иборат БАА, шунингдек минтақавий дербига сабаб бўлувчи Қирғизистон Республикаси ва ўта ёпиқ ўйин намойиш этадиган КХДР терма жамоалари бор эди. Мазкур гуруҳ қитъанинг ўртамиёна ва кучли жамоаларини ўз ичига олган бўлиб, ҳар бир йўқотилган очко турнир жадвалида кескин пасайишга олиб келиши мумкин эди.

Ушбу босқичда Ўзбекистон терма жамоасининг ёндашуви деярли бутунлай прагматизм томон ўзгарди. Учинчи босқич доирасидаги кўплаб ғалабалар айнан битта гол фарқи билан, асосан 1:0 ҳисобида якунланганлигини кўриш мумкин. Бу факт таҳлилий жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, мураббийлар штаби ҳар қандай ҳолатда ҳам чиройли, аммо таваккалга асосланган футбол намойиш этишдан кўра, натижа олиб келувчи ёпиқ ва тактик интизомга суянган футболни афзал кўрганини тасдиқлайди.

Босқич 2024 йил 5 сентябрь куни Тошкентда КХДРга қарши ўйин билан бошланди. Ўйиннинг 20-дақиқасида Жалолиддин Машарипов киритган ягона гол ўйин охиригача ушлаб қолинди (1:0). Шундан сўнг, 10 сентябрь куни Бишкекда Қирғизистонга қарши минтақавий дерби бўлиб ўтди. Қирғизлар Жоэль Кожонинг 15-дақиқадаги голи орқали олдинга чиқиб олган бўлсалар-да, Шомуродов (17') тезда мувозанатни тиклади. Абдураҳмоновнинг 35-дақиқадаги голидан сўнг Ўзбекистон яна ҳисобда ортда қолди. Аммо Ҳусниддин Алиқулов (45') ва Остон Ўрунов (72') киритган голлар эвазига жамоа ўта қийин 3:2 ҳисобидаги иродали ғалабани қўлга киритди.

10 октябрь куни Тошкентда Эронга қарши ўтказилган баҳсда яна кучлар тенг келди (0:0).

15 октябрда БАА терма жамоаси Тошкентда меҳмон бўлди. Учрашувнинг 65-дақиқасида Насруллаевга нисбатан қилинган қўпол ўйин учун БАА футболчиси Салмон Абдулла Ҳамад майдондан четлатилди. Сон жиҳатдан устунликка эга бўлган Ўзбекистон тинимсиз хужумлар уюштирди ва ниҳоят 76-дақиқада Бобир Абдухолиқов ишлаган пенальтини Отабек Шукуров совуққонлик билан амалга ошириб, жамоага муҳим 1:0 ҳисобидаги ғалабани келтирди.

Ноябрь ойидаги цикл жамоа учун ўзига хос синов бўлди. 14 ноябрь куни сафарда Қатар билан бўлган баҳс саралашдаги ягона мағлубият сифатида тарихга кирди. Қатар Алмоэз Алининг голлари эвазига танаффусга 2:0 ҳисобида чиқди. Иккинчи бўлимда Аббосбек Файзуллаев фантастик ўйин намойиш этиб, 75 ва 80-дақиқаларда иккита гол урди ва ҳисобни тенглаштирди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг сўнгги сонияларида (90+12-дақиқа) Мендес Ўзбекистон дарвозасига ғалаба тўпини киритди (3:2). Гарчан мағлубият оғир бўлса-да, жамоа тезда ўзига келди. Орадан беш кун ўтиб, 19 ноябрь куни бетараф майдонда (Лаосда) КХДР билан жавоб ўйини ўтказилди. Аббосбек Файзуллаев томонидан урилган тўп Ўзбекистонга 1:0 ҳисобидаги ғалаба келтирди. Ушбу ўйинда Ўткир Юсуповнинг 85-дақиқада рақиб пенальтисини қайтаргани қаҳрамонликка айланиб, уч очкони сақлаб қолди.

2025 йил баҳор ойидаги ўйинлар мундиал масаласини ижобий ҳал этди. Март ойида Тошкентда Қирғизистон устидан навбатдаги ғалаба қайд этилди. 25 март куни эса Теҳронда "Озоди" стадионида Эронга қарши беллашув бўлиб ўтди. Гарчан Меҳди Тареми ўзининг иккита (51', 82') голи билан мезбонларга ёрдам берган бўлса-да, Ҳожимат Эркинов (15') ва Аббосбек Файзуллаевнинг 52-дақиқадаги голлари эвазига 2:2 ҳисоби қайд этилди.

Ниҳоят, 2025 йилнинг 5 июнь куни Бирлашган Араб Амирликларига қарши сафарда ташкил этилган марказий учрашув ўзбек футболи тарихидаги энг унутилмас кунга айланди. Абу Даби шаҳрида ўтказилган ўта эҳтиёткор, том маънодаги шахмат партиясини ёдга солувчи баҳсда ҳар икки жамоа ҳимоявий интизомни биринчи ўринга қўйди. 90 дақиқа давомида дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолиб, 0:0 ҳисоби қайд этилди.

Айнан мана шу дуранг Ўзбекистонни учинчи босқич охирига бир тур қолганида ўз гуруҳида эришиб бўлмас даражага олиб чиқди ва 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмаси муддатидан аввал кафолатланди. Кейинги турда (10 июнь) Қатарни Тошкентда қабул қилган Ўзбекистон ҳеч қандай босимсиз 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, учинчи раунддаги уй майдонидаги учрашувларда ўз дарвозасидан битта ҳам гол ўтказмаган қитъадаги ягона жамоа бўлди.

Эрон 23 очко билан гуруҳда биринчи, Ўзбекистон эса 21 очко жамғарган ҳолда қатъий иккинчи ўринни эгаллади ва ҳар иккала терма жамоа Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди.

Screenshot-2025-03-27-at-05.42.57.png

Ушбу муваффақият йўлида Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувида уч хил фалсафага эга бўлган мураббийлар фаолият юритди.

CAFA Nations Cup 2025: Чемпионлик характери

2025 йилнинг август-сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида ўтказилган Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси (CAFA) Миллатлар Кубогида Ўзбекистон жамоаси турнир мезбони ва фаворити сифатида қатнашиб, якунда чемпионликни нишонлади.

Гуруҳда Ўмон билан 1:1 ҳисобидаги дурангдан сўнг жамоа ўзини ўнглаб олди. Кейинги турларда Туркманистон (2:1) ва Қирғизистон (4:0) таслим этилди.

8 сентябрь куни Тошкентдаги "Олимпия" стадионида Эрон билан ўтказилган финал учрашуви чинакам жангга айланди. Ўйиннинг бешинчи дақиқасидаёқ Эрон ҳимоячиси Ариа Юсуфи қизил карточка олиб, жамоасини қийин аҳволда қолдирди. Шунга қарамай, Эрон тактик интизомни йўқотмади ва ўйин қўшимча бўлимларга қадар давом этди.

Элдор Шомуродов қўшимча вақтнинг биринчи бўлимида пенальтини аниқ амалга ошира олмаганида, кўпчилик қадимий "ўзбек синдроми" (муҳим паллада қоқиниш) такрорланаётганига шубҳа қилмади. Бироқ 120-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов томонидан киритилган ажойиб гол Ўзбекистонга турнир ғолиблигини тақдим этди.

Al Ain International Cup 2025: Халқаро элита орасидаги синов

Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган тўртта жамоа – Ўзбекистон, Эрон, Миср ва Кабо-Верде иштирокида 2025 йилнинг 13-18 ноябрь кунлари БААнинг Ал Айн шаҳрида ташкил этилган халқаро турнир Каннаваро учун ўзининг "Катеначчо" фалсафасини амалда синаб кўриш учун идеал майдон бўлди. Ярим финалда Африканинг етакчи термаси бўлган жисмонан бақувват Миср терма жамоасига қарши Ўзбекистон қойилмақам ўйин кўрсатди ва Остон Ўруновнинг дубли эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучди.

18 ноябрь куни финалда азалий ва ён қўшни Эрон рўбарў келди. Учрашув тактик ва яккакурашларга бой бўлса-да, асосий вақтда гол урилмади. Ғолибни аниқлаш учун ташкил этилган пенальтилар сериясида Ўзбекистон 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир ғолиблигини тантана қилди.

FIFA Series 2026: Лотин Америкаси ва Африкани ўрганиш

2026 йил март ойида ўтказилган янги "FIFA Series" лойиҳаси доирасида Тошкент иккита нуфузли ўртоқлик учрашувига мезбонлик қилди. Ушбу ўйинларнинг танланиши бежиз эмасди: Ўзбекистон ўз гуруҳида Жанубий Американинг Колумбия ва плей-офф ғолиби бўлмиш Африканинг Конго ДР жамоалари билан ўйнаши кераклиги учун мос равишда Венесуэла ва Габон терма жамоалари ташриф буюрди.

27 март кунги баҳсда Габон ўйиннинг 6-дақиқасида Аверлантнинг голи билан ҳисобни очди, бироқ ўзбек футболчилари саросимага тушмади. 13-дақиқада Элдор Шомуродов ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда Жаҳонгир Ўрозов (59') ва Алишер Одиловларнинг (90+4') киритган голлари Ўзбекистонга ишончли 3:1 ҳисобидаги ғалабани олиб келди.

30 март куни Жанубий Американинг тактик жиҳатдан мураккаб ва техник томондан мукаммал бўлган Венесуэла терма жамоасига қарши баҳсда Ўзбекистон яна Каннаваронинг мудофаа блокларига таянди. Учрашувда ҳисоб очилмади. Навбатдаги пенальтилар сериясида Ўзбекистон бешта зарбанинг барчасини (Искандеров, Темиров, Ашурматов, Шукуров, Мозговой) мукаммал тарзда голга айлантирди ва 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижа Колумбияга қарши мундиалдаги дебют баҳси олдидан ажойиб психологик фундамент бўлди.

Жиддий ҳозирлик

Бош мураббий Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоа май ойининг бошида Тошкентда ўқув-машғулот йиғинига киришди. Йиғиннинг асосий мақсади футболчиларнинг жисмоний ҳолатини баҳолаш ва Жаҳон чемпионати учун якуний таркибни шакллантиришдан иборат эди.

Тошкентдаги йиғинга аввалига 40 нафар футболчи жалб этилган бўлса, кейинчалик Фабио Каннаваро ЖЧ-2026 учун 30 нафар футболчидан иборат кенгайтирилган таркибни эълон қилди.

"Оқ бўрилар" йиғин доирасида маҳаллий "Сурхон" (4:0) ва "Нефтчи" (3:0) клубларига қарши назорат учрашувларида майдонга тушди.

22 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида терма жамоани Жаҳон чемпионатига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Шу куни жамоа иккига бўлинган ҳолда ўзаро ўйин ўтказди.

26 май куни эса Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Тошкент – Нью-Йорк" йўналиши бўйича Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетди.

Мундиал аввалида "оқ бўрилар" Канадага қарши майдонга тушди ва 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Жамоани Нидерландияга қарши ўйин ҳам кутиб турибди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг якуний таркиби қуйидагича:

Дарвозабонлар – 1. Ўткир Юсупов, 12. Абдувоҳид Неъматов, 16. Ботирали Эргашев.

Ҳимоячилар – 2. Абдуқодир Ҳусанов, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 4. Фаррух Сайфиев, 5. Рустамжон Ашурматов, 13. Шерзод Насруллаев, 15. Умарбек Эшмуродов, 18. Абдулла Абдуллаев, 24. Беҳрузжон Каримов, 25. Авазбек Ўлмасалиев, 26. Жаҳонгир Ўрозов.

Ярим ҳимоячилар – 6. Акмал Мозговой, 7. Отабек Шукуров, 8. Жамшид Искандеров, 9. Одилжон Ҳамробеков, 10. Жалолиддин Машарипов, 11. Остон Ўрунов, 17. Достонбек Ҳамдамов, 19. Азизжон Ғаниев, 22. Аббосбек Файзуллаев, 23. Шерзод Эсанов.

Ҳужумчилар – 14. Элдор Шомуродов, 20. Азизбек Амонов, 21. Игорь Сергеев.

photo_2026-06-02_13-55-37.jpg

"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CANNAVARO промокоди билан 45 кун бепул"

Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›