Ирисметов Россиянинг ўйини ҳақида: "Улар кўпроқ испанларга ўхшаб қолибди"

Aslanov Jasurbek
13 ноя 2026, 01:12
Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Жафар Ирисметов Россия билан кечган ўртоқлик учрашувидаги (2:3) мағлубиятдан сўнг рақиб ўйинида уни нима ҳайрон қолдиргани ҳақида гапирди.

"Ўйлашимча, ўйин натижаси адолатли. Россиянинг класси кўриниб турди. Ўзбекистон учрашувни яхши бошлади. Асосий бурилиш палласи — ўзгаришлар бошланган вақт бўлди. Қолаверса, миллий жамоамиз таркиби тажрибавий эди. Кўплаб янги номлар, ёшлар майдонга тушди, менимча, Каннаваро футболчиларни кўздан кечириб олиши керак эди.

Агар худди шундай ўйнаб, бир-иккита ўзгариш билан қаердадир ҳимояга ётганимизда ҳам бўларди... Аммо ҳужумкор футбол намойиш этишга қарор қилдик ва бу ўхшамади. Биз, мухлислар учун ўйин томошабоп кечди. Бешта гол кўрдик, бунинг устига Россияни анчадан бери кўрмаган эдим, улар илиқ таассурот қолдиришди.

Рақиб таркибида Тюкавинни ажратиб кўрсатиш мумкин — у чакки ҳаракат қилмади, Батраков бугун бироз ўз даражасида эмасди, бироқ барибир маҳорати билиниб турибди.

Мени Россиянинг кўпроқ испанларга ўхшаб қолгани ҳайрон қолдирди. Уларнинг бўйи паст, тезкор, паслар орқали ҳаракат қилишмоқда. Бўйдор ўйинчиларнинг камлиги ажаблантирди. Фақат иккинчи бўлимда майдонга тушган Комличенко бироз бўйдорроқ эди.

Агар Россияни Европа майдонларига қайтаришса, қитъа чемпионатига чиқа олишган бўлармиди? Еврога йўлланма олишарди, бироқ қандай гуруҳ тушишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Қолаверса, улар халқаро турнирларда анчадан бери ўйнашгани йўқ, шу боис ҳозирги ўйинига қараб бирор нима дейиш қийин. Аммо, менимча, Европа ва жаҳон чемпионатларига чиқа олишган бўларди.

Россия ўйин услубини бироз ўзгартирибди, юқорида таъкидлаганимдек — қисқа ва ўртача паслар кўп, узун узатмалар эса кам. Улар яхши футбол кўрсатиб, ижобий таассурот қолдиришди.

Бу биз учун ҳам жуда фойдали баҳс бўлди — ким қандай ҳолатда эканлигини кўриб олдик. Ўйлашимча, агар Ўзбекистон асосий таркибда ҳаракат қилганида, бундан ҳам кучлироқ ўйин намойиш этган бўлардик. Кейинги баҳсларда Россияга омад тилайман", — деди "Спартак"нинг собиқ футболчиси.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Metaratings.ru