Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Мендес қаерда?

Administrator
23 сен 2026, 00:48
Ўзбекистон футзал миллий терма жамоасининг Европа сафари давомида бош мураббийимиз Хосе Мария Мендеснинг делегация таркибида кўринмагани мухлислар орасида табиий равишда қатор саволларни юзага келтирди.

Испаниялик мутахассис нега жамоа билан бирга эмас? Унинг саломатлиги қандай?

Ушбу саволларга ойдинлик киритамиз.

Хабарингиз бор, Хосе Мария Мендес Ўзбекистон Суперкубоги доирасидаги тадбирлар вақтида Тошкентга ташриф буюрган эди. Мутахассис Европа сафари учун жалб этиладиган футзалчиларни Жиззахда ўтказилган Олий лига 1-тур баҳслари давомида бевосита кузатиб, таркибни шакллантириш жараёнида иштирок этиши керак эди.

Бироқ Суперкубок учрашувидан сўнг мураббийнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо юзага келгани сабабли у Ўзбекистонда дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан сўнг чуқурлаштирилган тиббий текширувлардан ўтиш учун муддатидан аввал Испанияга қайтишга мажбур бўлди.

Келишувга кўра, Мендес Испанияда зарур тиббий текширувлардан ўтиб, тегишли хулосаларни олганидан сўнг Будапештда миллий терма жамоамиз сафига қўшилиши керак эди. ЎФФ томонидан унинг Будапештга бориши учун авиачипта ҳам олдиндан харид қилинган. Режага кўра, испаниялик мутахассис Венгрия ва Нидерландия терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида жамоамизни бошқариши лозим эди.

Аммо тиббий текширувлар жараёни кутилганидан кўра жиддийроқ ва узоқроқ давом этди. Шу сабабли Пулпис терма жамоамизнинг Европадаги йиғинларида иштирок эта олмади ва айни пайтда Мадрид шаҳрида даволанишни давом эттирмоқда.

Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбарияти Хосе Мария Мендес билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: https://t.me/Futsal_Uzbekistan

Сўнгги янгиликлар

Барча ›