

Бу мавсум "Нефтчи" ва "Пахтакор" ўз кучини Элит Осиё Чемпионлар Лигасида синаб кўради, "Насаф" эса ОЧЛ 2 мусобақасида иштирок этади.
Маълумки, ОФК ҳар икки мусобақа нуфузини кўтариш мақсадида бир қатор пул мукофотларини жорий этган. Ушбу мукофот пуллари араблар учун балки ҳеч нима эмасдир, лекин бизнинг клублар учун барибир кўзга кўринади. Қуйида мукофот суммаларини келтириб ўтамиз.
Элит Осиё Чемпионлар Лигаси
"Пахтакор" ва "Нефтчи" Элит ОЧЛнинг лига босқичида иштирок этади. Лига босқичида қатнашадиган ҳар бир клубга 800 минг доллардан (фақат қатнашгани учун) берилади. Бундан ташқари ҳар бир ғалаба учун 100 минг доллар ажратилади.
Агар жамоа кейинги босқичга чиқса:
1/8 финал - 200 минг доллар
1/4 финал - 400 минг доллар
1/2 финал - 600 минг доллар
Чемпион - 10 миллион доллар
Финалчи - 4 миллион доллар

Осиё Чемпионлар Лигаси 2
"Насаф" ОЧЛ 2нинг гуруҳ ўйинларида иштирок этади. Гуруҳ босқичида қатнашиш ҳар бир клубга 300 минг доллар олиб келади. Бундан ташқари, ҳар бир ғалабага ОФК томонидан 50 минг доллар берилади.
Агар жамоа кейинги босқичга чиқса:
1/8 финал - 80 минг доллар
1/4 финал - 160 минг доллар
1/2 финал - 240 минг доллар
Чемпион - 2 миллион 500 минг доллар
Финалчи - 1 миллион долларга эга бўлади.

Кўриниб турибдики, клубларимиз халқаро майдонларда қанча узоққа борса ва қанча кўп ғалаба қозонса, чўнтак ҳам шунча қаппайиб боради. Буёғига ким қанча пул топиши мумкинлигини бемалол хомчўт қилаверинг.



