

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Неъматилла Қутибоев (“Арал”)
Пролига етакчиси “Арал” ортда қолган турда ўз майдонида Бекободнинг “Металлург” жамоасини меҳмон қилиб, минимал ғалабага эришди — 1:0. Беллашувда мезбонлар анча ишончли ва мазмунли ўйин кўрсатишди. Бунда бош мураббий Неъматилла Қутибоевнинг ўрни катта. Championat.asia сайти худди ўтган турдаги каби айнан Қутибоевни энг яхши мураббий сифатида эътироф этди.

Тур футболчиси — Абдураҳмон Абдуллаев (“Ғазалкент”)
“Ғазалкент” бу турда ўзига тенгдош жамоа Республика ФА билан баҳс юритиб, рақиб дарвозасига нақд 7 та тўп киритди (7:0). Учрашувда ҳужумчи Абдураҳмон Абдуллаев катта саҳнага чиқиб, дублни расмийлаштирди. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари эвазига “Ғазалкент” ҳам пенальти ишлади, ҳам рақиб футболчиси қизил карточка олди. Шу тариқа, Championat.asia ходимлари айнан Абдуллаевни тур футболчичи деб топишди.

Тур дарвозабони — Озодбек Маърупов (“Яйпан”)
"Яйпан” бу турда “Лочин” билан 0:0 ўйнади. Яйпанликлар посбони Озодбек Маърупов баҳс мобайнида бир қатор вазиятларда жамоасини муқаррар голлардан асради ва дарвозани “қуруқ” сақлади. Шундай қилиб, жамоаси мағлубиятга учрамаслигида катта ҳисса қўшган Маърупов Championat.asia ижодкорлари талқинида 13-турнинг энг яхши дарвозабони бўлди.

Тур голи — Беҳруз Шодмонов (“БухДУ”)
“БухДУ” бу турда “Шўртан” билан тўқнаш келиб, 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Эътиборлиси, бухороликлар сардори баҳсда дубль қайд этди. Унинг ҳар икки голи чиройли чиқди — биринчиси узоқдан жарима зарбаси орқали, иккинчиси олисдан дарвоза тўққизлигига. Championat.asia сайти иккинчи голни тур голи сифатида белгилади. Қуйида голни кўринг ва завқланинг.




