Флик ва Ямаль Родрини “Барселона”га таклиф қилишди

Sherzod Nurmatov
7 авг 2026, 13:25
Каталонияликлар “Реал” билан ярим ҳимоячи Родрини сафига қўшиб олиш борасидаги курашда ғолиб чиқмоқчи.

“The Touchline” нашрининг “Sport” журналисти Карлос Монфортга таяниб хабар беришича, “Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик “кўк-анорранглилар” лойиҳасини тушунтириш ва ярим ҳимоячини клубга ўтишга кўндириш учун Родрига шахсан қўнғироқ қилган.

Қайд этилишича, ушбу қўнғироқ вазиятни ўзгартириб юборди: “Реал” билан музокараларда силжиш бўлмаганидан сўнг Родри энди “Барселона”га ўтиш вариантини кўриб чиқишга тайёр.

Родри билан “Барселона” футболчилари, жумладан, Ламин Ямаль ҳам клуб ҳақида гаплашган. Футболчилар 30 ёшли ярим ҳимоячини “Камп Ноу”га кўчиб ўтиш имкониятини кўриб чиқишга чақиришган.

Ҳозирда Родри барча вариантларни атрофлича ўрганмоқда. “Барселона” эса трансфернинг молиявий масалаларини ҳал қилишга киришишдан олдин аниқ жавоб олмоқчи.

Родрининг “Манчестер Сити” билан шартномаси 2026/2027 йилги мавсум охиригача мўлжалланган.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: The Touchline