Аргентина футбол ассоциацияси Инфантинони қўллаб-қувватлади

Sherzod Nurmatov
7 авг 2026, 16:25
Аргентина футбол ассоциацияси ФИФА президенти Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) ва унинг Ижроия қўмитаси номидан сизга, ҳурматли президент ва сиз орқали ФИФА раҳбариятига мурожаат қилиб, сўнгги 10 йил давомида сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилган ишларга ўз хайрихоҳлигимизни билдирамиз. Бу ишларнинг асосий йўналишлари бутун дунёда футболни ривожлантириш ва аниқ, барқарор ҳамда шаффоф бошқарув модели асосида институционал тузилмани мустаҳкамлаш бўлди.

Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган сўнгги воқеалар муносабати билан, энг бошиданоқ футбол жамоатчилигида ишончдан кўра кўпроқ саволлар ва ноаниқликларни келтириб чиқарган лойиҳани амалга оширишдан воз кечиш ҳақидаги маъмурият қарорини алоҳида таъкидлашни лозим топдик. Шу муносабат билан ушбу жараёнда йўл қўйилган хатоларнинг тан олингани ва ФИФАга аъзо 211 та федерацияга йўлланган мурожаатда кечирим сўралганини таъкидлаш муҳимдир”, – дейилади ташкилотнинг расмий сайтидаги баёнотда.

Ассоциациянинг таъкидлашича, бошқарув тамойилларига риоя қилиш ФИФА, унга аъзо ташкилотлар ва конфедерациялар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳисобланади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: afa.com.ar