ОФК Челленж лигаси: Марказий Осиёнинг уч клуби гуруҳ босқичида иштирокини якунлади

Оқил Абдубарноев
26 окт 2026, 15:31
ОФК Челленж лигасининг 2026/27 йилги мавсуми гуруҳ босқичи якунланди.

Мусобақанинг мазкур босқичида Марказий Осиё мамлакатлари шарафини ҳимоя қилган Туркманистоннинг "Аҳал", Тожикистоннинг "Истиқлол" ва "Регар-ТадАЗ" клублари чорак финалга йўл ола билмади. Ҳар уч жамоа ўз гуруҳида биттадан ғалаба қайд этди.

Ғарбий минтақа гуруҳ босқичи учрашувлари 17, 20 ва 23 октябрь кунлари марказлашган тартибда ўтказилди. "Аҳал" Бутанда, "Истиқлол" Тожикистонда, "Регар-ТадАЗ" эса Кувайтда баҳс олиб борди. Регламентга мувофиқ, минтақадаги уч гуруҳ ғолиби ҳамда иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасида энг яхши натижа кўрсатган бир клуб плей-оффга чиқиши белгиланган эди.

"Аҳал" А гуруҳида Ливаннинг "Ал-Ансор", Суриянинг "Ал-Иттиҳод Аҳли Ҳалаб" ва Бутаннинг "Паро" клубларига қарши майдонга тушди. Туркманистон вакили дастлабки турда мезбон "Паро" билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Биринчи бўлимни икки тўп фарқи билан ўз фойдасига якунлаган "Аҳал" танаффусдан кейин устунликни сақлаб қола олмади. Бутан клуби ҳисобни тенглаштирган иккинчи голини 90-дақиқада киритди.

Иккинчи турда "Аҳал" "Ал-Иттиҳод Аҳли Ҳалаб"га 1:5 ҳисобида мағлуб бўлди. Якуний учрашувда эса аввалги икки баҳсда ғалаба қозонган "Ал-Ансор"ни 2:1 ҳисобида енгди. Бироқ ушбу муваффақият кейинги босқичга чиқиш учун етарли бўлмади: Туркманистон клуби тўрт очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллади. Жамоа уч ўйинда бешта гол уриб, ўз дарвозасидан саккизта тўп олиб чиқди.

Тожикистоннинг "Истиқлол" клуби В гуруҳи учрашувларини Ҳисор шаҳрида ўтказди. Душанбе жамоасига Ливаннинг "Нежме", Кувайтнинг "Ал-Араби" ва Суриянинг "Ҳомс ал-Фидо" клублари рақиб бўлди. Дастлабки турда "Истиқлол" "Нежме"га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашув тақдирини Иброҳим Гбадамосининг 21-дақиқада киритган голи ҳал қилди.

Кейинги баҳсда Тожикистон вакили "Ал-Араби" устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Рустам Соиров ва захирадан майдонга тушган Алишер Шукуровнинг голлари "Истиқлол"га дастлабки уч очкони келтирди. Аммо сўнгги турда "Ҳомс ал-Фидо"дан учралган 0:2 ҳисобидаги мағлубият жамоанинг мусобақадаги иштирокини якунлади. "Истиқлол" уч очко билан учинчи бўлди, Сурия клуби эса тўққиз очко жамғариб, гуруҳ ғолиби сифатида чорак финалга чиқди.

Тожикистоннинг яна бир вакили – "Регар-ТадАЗ" С гуруҳида Кувайтнинг "Ал-Қодсия", Ҳиндистоннинг "Гоа" ва Бангладешнинг "Фортис" клублари билан куч синашди. Турсунзода жамоаси мусобақани ғалаба билан бошлади: биринчи турда ҳисобда ортда қолганига қарамай, "Гоа"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Бироқ кейинги икки учрашув "Регар-ТадАЗ" учун муваффақиятсиз кечди. Жамоа дастлаб мезбон "Ал-Қодсия"га 0:1, сўнг "Фортис"га 1:3 ҳисобида ютқазди. Натижада Тожикистон клуби уч очко билан гуруҳда тўртинчи ўринда қолди. Унинг умумий тўплар нисбати 3:5ни ташкил этди.

Ғарбий минтақадан "Ал-Ансор", "Ҳомс ал-Фидо" ва "Ал-Қодсия" гуруҳ ғолиблари сифатида кейинги босқичга чиқди. Тўртинчи йўлланма иккинчи ўрин соҳиблари орасида энг яхши натижани қайд этган "Ал-Иттиҳод Аҳли Ҳалаб"га насиб этди. Чорак финалнинг уй ва сафар учрашувлари 2027 йил март ойида ўтказилади.

photo_2026-10-26_14-41-38.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia